Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти юзасидан ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланишга, шунингдек мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари юзасидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга эътибор қаратилган.
Ўтган даврда Қўмита қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолиятида 14 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, шундан 13 та қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган.
Қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда маромига етказиш мақсадида ишчи гуруҳнинг 60 та йиғилиши ўтказилган.
Қонунларнинг ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш, Қонунчилик палатаси ва Қўмита қарорларининг ижросини ўрганиш бўйича Қўмита томонидан 6 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 266 та мурожаат Қўмита аъзолари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ва Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда тушунтириб бориш бўйича жами 70 та тадбир ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида жами 1320 маротаба чиқишлар қилинган ҳамда қонун ижодкорлиги ва Қўмита фаолиятига оид материалларнинг мунтазам ёритиб борилиши таъминланган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг 2022 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига:
Қўмита масъуллигида бўлган қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш ҳамда келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олиш;
назорат-таҳлил тадбирлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва амалиётда учрайдиган муаммоларни бартараф этиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан самарали парламент назоратини олиб бориш;
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган бандларининг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 19 июль,
2321-IV-сон