Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ДАВЛАТ МУЛКИНИ ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ ВА ХУСУСИЙЛАШТИРИШДАН ТУШГАН МАБЛАғЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎғРИСИДА
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларни жамлаш ва улардан фойдаланиш механизмини такомиллаштириш, корхоналарни хусусийлаштиришдан кейин қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун бериладиган кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва уларни ўз вақтида қайтариш инвестиция лойиҳаларини маблағ билан таъминлашнинг қўшимча кафолатларини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг счётларидаги хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 217-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.04.2020 й., 09/20/217/0426-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 27 декабрдаги ПҚ-244-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 52-сон, 386-модда)
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 31 июлдаги 273-ф-сон фармойиши билан тасдиқланган «Давлат мулки давлат тасарруфидан чиқарилганда ва хусусийлаштирилганда, объектлар ким ошди савдоларида, танловлар ва биржа савдоларида сотилганда ҳақ тўлашнинг, тушган маблағларни тақсимлаш ва ҳисобга олишнинг, ушбу маблағларнинг тушиши ва улардан фойдаланиш устидан назорат қилишнинг Ягона тартиби»ни ўзгартириш ва унга қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар киритсин.
Марказий банк ва «Бизнес-фонд» билан биргаликда тижорат банклари томонидан қарз олувчиларга махсус счётлар очилишини ва банклар томонидан ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширган ҳолда қарз олувчилар ва кредиторга касса хизмати кўрсатиш функцияси бажарилишини назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларига кредит бериш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси 1998 йил 1 февралгача бўлган муддатда:
1998 йил 1 январгача амалга оширилган дастурлар бўйича давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан маблағлар тўлиқ тушишини таъминласин;
қарздорларнинг ва бошқа дебиторларнинг қайтарилишига ишонч бўлмаган қарзлари тузилмаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «1997 йилда Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети тўғрисида» 1996 йил 31 декабрдаги 469-сон қарорининг 8-банди 1998 йил 1 январдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари В.А. Чжен ва Молия вазири Ж.Б. Сайфиддинов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 20 октябрь,
481-сон