Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Навоий вилояти прокуратураси фаолиятини янада ривожлантириш учун инфратузилма объектларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2021 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ-4936-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунга асосан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Навоий вилояти ҳокимлигининг Навоий вилояти прокуратураси маъмурий биносини (кейинги ўринларда — маъмурий бино) давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш ва жиҳозлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Маъмурий бинони давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва жиҳозлаш учун хусусий шерикни танлаш бўйича Бош прокуратура, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги ва Навоий вилояти прокуратураси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳ) ташкил этилсин.
3. Бош прокуратурага ишчи гуруҳ хулосаси асосида маъмурий бинони қуриш ва жиҳозлаш учун тендер ўтказмасдан, тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузишга рухсат берилсин.
4. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш доирасида Навоий вилояти прокуратурасига тегишли Навоий вилояти, Навоий шаҳри, «Ёшлик» МФЙ ҳудудидаги 3,5 гектар ер участкасининг:
1 гектарида хусусий шерик томонидан маъмурий бино қурилади (жиҳозланади) ва давлат шериги — Бош прокуратурага давлат мулки сифатида бепул топширилади;
2,5 гектари маъмурий бино қурилиб (жиҳозланиб), белгиланган тартибда топширилгандан сўнг хусусий шерикка доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан бепул ажратиб берилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Навоий вилояти ҳокимлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳа концепцияси ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги маъмурий бинонинг лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат назоратини ўрнатсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Навоий вилояти ҳокими Қ.Б. Турсунов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 8 май,
292-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.05.2021 й., 09/21/292/0442-сон)