Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
ҚАРОРИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА БАНКЛАРДА ЭЛЕКТРОН АХБОРОТЛАРНИ МУҲОФАЗАЛАШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ ЙЎРИҚНОМАГА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛИШИ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 22 октябрда 1047-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 январдаги 2/4-сонли «Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари автоматлаштирилган банк тизимларида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 3224, 10.03.2020 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғриcида»ги Қонуни 7 ва 51-моддаларига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ягона вакиллик ҳисоб рақами режимига ўтиб ишлаши ва банк телекоммуникация тармоғи муҳофазасини таъминлаш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
1. Марказий банк Бошқаруви томонидан 2001 йил 23 июнда тасдиқланган 492-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банкларда электрон ахборотларни муҳофазалашни ташкил этиш тўғрисида»ги Йўриқномага (2001 йил 9 июль, рўйхат рақами 1047 — Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2001 йил 13-сон) иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан 10 кун ўтгач кучга киритилсин.
Марказий банк Бошқаруви
раиси в.в.б. М. ЖУМАГАЛДИЕВ
раиси в.в.б. М. ЖУМАГАЛДИЕВ
Тошкент ш.,
2004 йил 2 октябрь,
21/10-сон
Ўзбекистон Республикаси
Марказий банк Бошқарувининг
2004 йил 2 октябрдаги 21/10-сонли қарорига
ИЛОВА
Марказий банк Бошқарувининг
2004 йил 2 октябрдаги 21/10-сонли қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банкларда электрон ахборотларни муҳофазалашни ташкил этиш тўғрисидаги Йўриқномага киритилаётган
ҚЎШИМЧАЛАР
Йўриқнома қуйидаги таҳрирдаги янги бандлар билан тўлдирилсин:
«11-1. Банк телекоммуникация тармоғи орқали давлат сири тоифасига кирувчи маълумотлар узатилиши қатъиян ман этилади.
11-2. Марказий банк фармойиши ва мувофиқлаштирилган режа-жадвали асосида тижорат банкларида амалга оширилаётган текширишлар ва ўрганишлар вақтида, текширувчиларга қоғоз ҳужжатлар билан бир қаторда электрон маълумотлардан (электрон ҳужжатлар, электрон база, электрон архив) ҳам банк биносидан олиб чиқиб кетмаслик шарти билан фойдаланишга рухсат этилади».
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 42-сон, 450-модда)