Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2010 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.А. Муҳитдиновнинг 2010 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини таъминлаш борасида муайян ишлар қилинган. Ўтказилган мониторингларнинг натижалари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида давлат тузилмалари томонидан комплекс ва аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирлар кўрилган.
Ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнининг қонунчилик асосларини ва услубий таъминланишини такомиллаштиришга, юридик хизматлар ходимларининг касбий тайёргарлик даражасини оширишга ҳамда уларнинг давлат органлари фаолиятини ҳуқуқий таъминлашнинг сифати учун жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар рўёбга чиқарилган.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги фаолиятини янада такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, шунингдек қонунийликни мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2010 йилда давлат органлари юридик хизматларининг икки минг нафарга яқин ходими қайта тайёргарликдан ўтган ва малакасини оширган. Ҳуқуқий тарғибот борасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва бошқа қонун ҳужжатларининг мазмуни ҳамда моҳиятини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятини, шунингдек бошқа долзарб ҳуқуқий масалаларни тушунтиришга қаратилган 48 мингдан зиёд тадбир ташкил этилган. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотни аҳолига етказиш учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар кўрилган, 2010 йил 1 январдан бошлаб Интернет тармоғи воситасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига бепул кириш таъминланган.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг қонунийлигини таъминлаш борасидаги ишлар давом эттирилган. Натижада ўтган йил давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш ҳақида 45 та тақдимнома киритилган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 январдаги ПҚ-1271-сонли Қарори билан тасдиқланган «Баркамол авлод йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ёшларни баркамол ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитларни таъминлашга доир қисмини қайта кўриб чиқиш ҳақида 10 та тақдимнома киритилган.
Давлат рўйхатидан ўтмаган идоравий ҳужжатларни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан киритилган тақдимномалар тўла-тўкис бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чоралар кўрилган. Бунинг натижасида 2008 — 2010 йиллар мобайнида турли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган 70 дан ортиқ ана шундай идоравий ҳужжатнинг бекор қилиниши таъминланган.
Ҳукуматнинг қонун лойиҳаларига доир иш режалари ижро этилиши устидан тизимли мониторинг амалга оширилмоқда, унинг натижалари бўйича мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш, жамиятни демократлаштириш ҳамда янгилашнинг устувор вазифаларини ҳисобга олиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилган.
Шу билан бирга, айрим давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида баъзи муаммолар ва камчиликлар мавжуд бўлиб, улар мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига, умуман қонунийликнинг ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Айрим вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан ҳуқуқий экспертизага тақдим этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида уларнинг сифати юқори даражада эмаслиги ҳали ҳам кузатилмоқда, улар амалдаги қонунчиликка ва қонунчилик техникаси қоидаларига зид келмоқда. Чунончи, ўтган йил мобайнида ҳуқуқий экспертизага тақдим этилган 1419 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 278 таси (19,6 фоиз) уларни тақдим этиш тартиби бузилганлиги, қонунчиликка мос келмайдиган нормалар мавжудлиги, қонунчилик техникасига номувофиқлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қайтарилган. Ҳуқуқий экспертизага ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган 467 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг 125 тасини (26,8 фоиз) давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.
Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, идоравий ҳужжатларни қонунчилик талабларини бузган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказмасдан қабул қилиш амалиёти сақланиб қолинмоқда. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қонунийлигини таъминлаш мақсадида ўтган йил мобайнида бундай ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ қайта кўриб чиқиш ҳақида 33 та тақдимнома ва давлат рўйхатидан ўтмаган ҳужжатларни бекор қилиш ҳамда ижродан чақириб олиш ҳақида 12 та тақдимнома киритилган.
2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жиноий жазо ижро этилишини таъминлаш таркибий тузилмаларининг фаолияти ўрганиб чиқилди. Мониторинг якунлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўловчилар ва юклар ташишни ташкил этиш, шунингдек ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш соҳасидаги ютуқлар билан бир қаторда мазкур давлат органларининг фаолиятида айрим камчиликлар, нуқсонлар ҳамда фойдаланилмаган имкониятлар борлигини кўрсатди.
Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг фаолиятини тартибга солувчи норматив база янада модернизация қилиниши керак. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолияти такомиллаштиришга муҳтож. Фуқаролардан асоссиз равишда тўловлар ундириш, автотранспорт воситаларини бошқараётган шахсларга қўлланиладиган маъмурий жазоларни нотўғри расмийлаштириш, шунингдек йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини эътиборга олмаслик ҳоллари мавжуд.
Автотранспорт воситаларини жарима майдонларида ушлаб туришда жиддий ташкилий-ҳуқуқий муаммолар мавжуд. Йўл ҳаракати шароитларини ўрганиш ва транспорт ҳаракатини ташкил этишни такомиллаштириш, фойдаланилаётган транспорт воситаларининг техник ҳолатини назорат қилиш ҳамда уларни техник кўрикдан ўтказиш, автомобиль йўлларини ўз вақтида тоифаларга ажратиш ва паспортлаштириш, йўл белгилари билан сифатли жиҳозлаш ҳамда йўл белгиларини чизиш борасидаги ишлар ҳам айрим камчиликлардан холи эмас. Транспорт воситаларининг ҳолатини махсус жойларда текширувдан ўтказмасдан техник хулосалар бериш ҳоллари ҳам мавжуд.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, шунингдек Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментларининг фаолияти такомиллаштиришга муҳтож. Шаҳар йўловчи транспортининг янги ҳаракат йўналишларини очиш соҳасидаги ишлар етарли даражада ташкил этилмаган. Фаолияти йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга жиддий салбий таъсир кўрсатибгина қолмасдан, шу билан бирга кўп миқдорда пул маблағлари бюджетга тушмаслигига олиб келаётган «тартибсиз автобекатлар» пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида автовокзаллар ва автобекатлар фаолияти устидан тегишли назорат ўрнатиш талаб қилинади. Бундан ташқари, шаҳар йўловчи транспортининг ҳаракат йўналишларини жойлаштириш бўйича тендерлар ташкил этиш, шунингдек йўловчилар ташишни лицензиялаш соҳасидаги фаолият қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш зарур. Хусусан, ички ишлар органлари жазоларни ижро этиш бўйича инспекцияларининг маҳкумларни ҳисобга олиш ва уларни ишга жойлаштириш борасидаги иши етарли даражада йўлга қўйилмаган. Маҳкумларнинг жазони ўташи ва маҳкумлар томонидан ҳам, жазони ўташ муассасаларининг маъмуриятлари томонидан ҳам суд ҳукмида белгиланган шартларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш чоғида қонунни бузиш ҳоллари мавжуд. Маҳкумларни ишга жойлаштириш чораларини кўрмаслик, ўз ташаббуси билан ахлоқ тузатиш ишларини озодликдан маҳрум қилишга асоссиз равишда алмаштириш, ахлоқ тузатиш ишлари бўйича ўталган муддатни нотўғри ҳисоблаш, шунингдек жазони ўташ муддатини қонунга хилоф равишда қисқартириш ҳолларига барҳам бериш талаб этилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўпинча жазони ўтаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйишга расмиятчилик билан ёндашиш намоён бўлмоқдаки, бу ҳол ахлоқ тузатиш ишлари тариқасида тайинланадиган жиноий жазонинг ижро этилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб ва давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларининг қонун ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.А. Муҳитдиновнинг 2010 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари фаолиятида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш юзасидан комплекс тадбирларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқарилишини таъминлаш;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан ноқонуний идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши ҳолатларига барҳам бериш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Б.А. Матлюбов):
ички ишлар органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш соҳасидаги фаолиятини танқидий ўрганиб чиқсин ҳамда қайд этилган камчиликларни бартараф этиш ва бундан буён уларга йўл қўймаслик юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;
ички ишлар органлари фаолиятининг, шу жумладан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;
ички ишлар органларининг ходимлари томонидан қонун ҳужжатларининг нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрсин.
4. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (А.А. Абдувалиев):
автомобиль транспортининг ҳаракатини, шунингдек йўловчилар ва юклар ташишни ташкил этиш чоғида қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан таъсирчан назорат ўрнатсин, аниқланган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрсин;
автомобиль транспортида йўловчилар ва юклар ташиш борасидаги фаолиятни лицензиялаш ҳамда йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини мувофиқлаштириш устидан назоратни кучайтирсин;
манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда автомобиль йўллари ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларини амалга оширишга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва уларни белгиланган тартибда тегишли давлат органларига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р.А. Муҳитдинов):
қонун ижодкорлиги масалаларида давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий раҳбарликни амалга ошириш борасидаги ишни кучайтирсин, қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилишига қаратилган туркум конференциялар, давра суҳбатлар ва семинарларни ўтказсин;
давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмаларининг қонун ижодкорлиги фаолиятини мунтазам равишда таҳлил қилиб борсин, таҳлил натижаларини тезкор қарорлар қабул қилиш учун мазкур давлат органлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига киритсин;
давлат органларига уларнинг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти сифатини оширишда, бу йўналишда туғилаётган муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатсин;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, давлат рўйхатидан ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши устидан қаттиқ назоратни таъминласин;
давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши устидан тизимли мониторингни давом эттирсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари соҳалар бўйича тегишинча қўмита ва доимий комисияларнинг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.А. Муҳитдиновнинг 2010 йилда давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат тузилмалари томонидан қонунларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳамда ушбу Қарор муҳокама қилинишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Р.А. Муҳитдинов), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Б.А. Матлюбов), Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги (А.А. Абдувалиев), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ушбу Қарорни ижро этишнинг бориши ҳақида 2011 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим қилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ушбу Қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси (С.Б. Артикова) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 26 март,
182-II-сон