Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 14 апрелдаги ПҚ-4677-сон қарорига мувофиқ ҳамда Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станциясини кўришни ўз вақтида бошлашни таъминлаш мақсадида Вазирлар Махкамаси қарор қилади:
1. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда инвестор ўртасида 2019 йил 8 ноябрда Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станциясини қуриш инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда — инвестиция лойиҳаси) амалга ошириш бўйича инвестиция битими тузилганлиги ва унга кўра инвестор ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан лойиҳа компанияси фойдасига воз кечганлиги;
«Nur Navoi Solar» масъулияти чекланган жамиятига (кейинги ўринларда — лойиҳа компанияси) инвестор мақоми, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари татбиқ этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан:
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг лойиҳа компанияси олдидаги тўлов мажбуриятлари аккредитив орқали бажарилган тақдирда, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Natixis» банки билан Жахон банки томонидан тайёрланган ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мақбул шаклдаги «Natixis» банки харажатларини қоплаш тўғрисидаги битимни имзолаш;
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг «Natixis» банки олдидаги тўлов мажбуриятлари Жахон банки кафолати орқали бажарилган тақдирда, Жахон банки билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мақбул шаклдаги Жахон банки харажатларини қоплаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.
3. Лойиҳа компанияси инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловларидан) истисно тариқасида озод қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 30 октябрь,
667-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 09/20/667/1434-сон)