Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
фармойиши
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятларида аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш, экологик ҳолатни соғломлаштириш, Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарларини шамол таъсиридан ҳимоялаш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, қумлар кўчишини бартараф этиш ҳамда минтақада мўътадил микроиқлим шароитини яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида 2020-2021 йилларда жами 30 км масофада «яшил белбоғ» — ҳимоя дарахтзорлари (кейинги ўринларда — «яшил белбоғ») барпо этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда ер майдонлари танланилишини ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини, шунингдек, Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида 2020-2021 йилларда жами 30 км масофада «яшил белбоғ» барпо этилишини ҳамда ушбу ишларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминласин.
3. Қуйидагилар 2020-2021 йиллар давомида «яшил белбоғ» барпо этиш билан боғлиқ ишларни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятлари маҳаллий бюджетларида белгиланган прогноз кўрсаткичларининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидаги маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида «яшил белбоғ» барпо этишга оид лойиҳалар бўйича:
бир ой муддатда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини;
икки ой муддатда экспертизадан ўтказиш, бош пудрат ташкилотларини тендер савдолари асосида аниқлаш ҳамда тегишли шартномаларни расмийлаштириш ишларини якунласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда «яшил белбоғ» барпо этилган ҳудудлардаги дарахтзорларга шикаст етказиш, уларни пайҳон қилишдан сақлаш, парваришлаш ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ишларини самарали ташкил этсин.
6. Белгилансинки:
пудратчи ташкилотлар «яшил белбоғ» барпо этиб, далолатнома асосида ер эгаларига топширади;
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси «яшил белбоғ» барпо этишда ҳудудларнинг иқлим шароитларига мос, манзарали дарахт-бута ўсимликларининг кўчатлари етказиб берилишини таъминлайди.
7. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноев, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи К.Ж. Камолов ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ф.Ў. Эрманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 8 май,
238-Ф-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.05.2020 й., 09/20/238-Ф/0555-сон)