Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
ФАРМОЙИШИ
Самарқанд вилоятидаги бўш турган ва фойдаланилмаётган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш ҳамда амалга оширилаётган меъморий, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида:
1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Бухоро минтақавий темир йўл узели» унитар корхонасига қарашли Самарқанд шаҳри, Гўрўғли кўчаси, 13-уй манзилида жойлашган умумий ер майдони 2,06 га, шундан, қурилиш ости майдони 6 728,7 кв метрдан иборат бўлган «Локомотив депоси» бино ва иншоотларини (кейинги ўринларда — объект) баланс (қолдиқ) қийматида Самарқанд шаҳар ҳокимлигига давлат мулки сифатида оператив бошқарув ҳуқуқи билан бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилансинки, объект Самарқанд шаҳар ҳокимлигига «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг устав капиталидаги давлат улушини объектнинг баланс (қолдиқ) қийматига камайтириш ҳисобига берилади.
2. Самарқанд вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти билан биргаликда объектни Самарқанд шаҳар ҳокимлигига топшириш ва қабул-қилишни;
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг махсус техника ва автотранспорт воситалари ҳамда моддий-техник инвентарларининг белгиланган тартибда объектда жойлаштирилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг устав капиталини белгиланган тартибда объектнинг баланс (қолдиқ) қийматида камайтиришни таъминласин.
4. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х. Бекенов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.О. Турдимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 8 апрель,
187-Ф-сон