|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Республикада фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Республика иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи кимё ва тоғ-кон саноатлари салоҳиятини узвий равишда жадал ошириш, мавжуд минерал-хом ашё базасини қайта ишлаш самарадорлигини таъминлаган ҳолда стратегик турдаги маҳсулотлар мис, рух, фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Қуйидагилар: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 апрелдаги ПҚ-4265-сон қарорига асосан «Аммофос-Максам» АЖ негизида 2019 — 2024 йиллар давомида фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларини камида 100 минг тоннага ошириш чора-тадбирларининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини II босқичда (I-босқичда — 20 минг тонна, II-босқичда — 80 минг тонна) модернизация қилиш орқали амалга оширилиши белгиланганлиги; Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 25 октябрдаги ПҚ-3983-сон қарорига асосан «Навоий КМК» ДКнинг Қизилқум фосфорит комбинатининг мулк комплекси қолдиқ баланс қийматида «Ўзкимёсаноат» АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритилиб, 100 фоиз улуши «Ўзкимёсаноат» АЖга қарашли «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖ ташкил этилганлиги; Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кон-металлургия тармоғи корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4124-сон қарорига асосан 2026 йилгача «Олмалиқ КМК» АЖга 2,9 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этиш ва 2023 йилгача мис ишлаб чиқариш ҳажмини 28 фоизга, рух ишлаб чиқариш ҳажмини 75 фоизга ошириш назарда тутилганлиги; «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖда (кейинги ўринларда — «Олмалиқ КМК» АЖ) мис ва рух ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган олтингугурт кислотасининг утилизацияси «Аммофос-Максам» АЖда фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш технологик жараёнида амалга оширилиши ҳамда «Аммофос-Максам» АЖ «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖ томонидан ишлаб чиқариладиган фосфорит хом ашёсининг асосий истеъмолчиси эканлиги маълумот учун қабул қилинсин. 2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзкимёсаноат» АЖнинг иcтисно тариқасида: «Ўзкимёсаноат» АЖга тегишли «Аммофос-Максам» акциядорлик жамияти устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини «Олмалиқ КМК» АЖга ишончли бошқарувга беш йил муддатга бериш; «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖ «Ўзкимёсаноат» АЖга тегишли 100 фоиз улушини номинал қийматда «Олмалиқ КМК» АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш таклифларига розилик берилсин. «Олмалиқ КМК» АЖ «Аммофос-Максам» АЖ ва «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖнинг ишлаб чиқариш ва бошқарув самарадорлигини ошириш чораларини кўрсин. 3. «Ўзкимёсаноат» АЖнинг «Аммофос-Максам» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини «Олмалиқ КМК» АЖга ишончли бошқарувга ҳамда «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖнинг 100 фоиз улушини номинал қийматда «Олмалиқ КМК» АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш бўйича чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин. 4. «Олмалиқ КМК» АЖ «Ўзкимёсаноат» АЖ билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар «Аммофос-Максам» АЖ ишлаб чиқариш қувватларини тиклаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш» инвестиция лойиҳасининг (кейинги ўринларда — инвестиция лойиҳаси) техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 5. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Олмалиқ КМК» АЖ билан биргаликда бир ой муддатда «Ўзкимёсаноат» АЖнинг: «Аммофос-Максам» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини беш йил муддатга «Олмалиқ КМК» АЖга ишончли бошқарувга бериш юзасидан шартнома тузилишини; «Ўзкимёсаноат» АЖнинг устав капитали «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖ устав капиталидаги улушининг баланс қийматига камайтирилишини; «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖдаги 100 фоиз улуш номинал қийматда «Олмалиқ КМК» АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритилишини таъминласин. Бунда қуйидаги асосий шартлар назарда тутилсин: а) «Аммофос-Максам» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини «Олмалиқ КМК» АЖга беш йил муддатга ишончли бошқарувга бериш юзасидан шартномада: «Аммофос-Максам» АЖ ва «Олмалиқ КМК» АЖ келишилган менежментни ва ягона техник сиёсатни амалга ошириши; «Аммофос-Максам» АЖга олти ой муддатда инвестиция лойиҳасини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишилган ҳолда зарур маблағларни, жумладан, «Олмалиқ КМК» АЖ кафиллиги остида Хитой, Россия, Европа ва бошқа банкларнинг кредит маблағларини жалб қилиш; «Аммофос-Максам» АЖнинг ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида, зарур ҳолларда, «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан тегишли муҳандислар, техник мутахассислар ва техника воситаларини оператив тарзда пуллик шартнома асосида жалб қилиш; б) «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖдаги 100 фоиз улушни номинал қийматда «Олмалиқ КМК» АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш шартномасида: «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖнинг фаолият турини ва мавжуд иш ўринларини сақлаган ҳолда, бир йил муддатда жамиятнинг молиявий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш; икки ой муддатда «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖнинг кон техникаси ва технологик ускуналарини босқичма-босқич янгилаган ҳолда, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича бизнес-режани ишлаб чиқиб амалга ошириш; «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖда фосфорит хом ашёси ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини биринчи йили 80 фоизгача, иккинчи йили 100 фоизга етказиш (йилига 716 минг тонна ювиб куйдирилган фосфорит концентрати) ҳамда «Indorama Kokand Fertillizers» АЖ ва бошқа ташкилотлар билан тузилган шартномаларга мувофиқ фосфорит хом ашёсини барқарор етказиб бериш; «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖда фосфорит хом ашёси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида «Олмалиқ КМК» АЖ томонидан зарур муҳандислар, техник мутахассислар ҳамда техника воситалари ва ускуналарни белгиланган тартибда етказиб бериш; «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖ технологик жараёнини, ускуна ва техника воситаларини модернизациялаш учун Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишилган ҳолда «Олмалиқ КМК» АЖ кафиллиги остида уч ой муддатда зарур миқдорда кредит маблағларини жалб қилиш. 6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Махкамасининг Саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари котибиятига, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х. Бекенов, «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Ж.Т. Мирзамахмудов, «Олмалиқ КМК» АЖ бошқаруви раиси А.Х. Хурсанов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2020 йил 4 март, 120-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 мартдаги 120-сон қарорига ИЛОВА «Ўзкимёсаноат» АЖнинг «Аммофос-Максам» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини «Олмалиқ КМК» АЖга ишончли бошқарувга ҳамда «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖнинг 100 фоиз улушини номинал қийматда «Олмалиқ КМК» АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш бўйича ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.03.2020 й., 09/20/120/0251-сон) |
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан О дополнительных мерах по увеличению объема производства фосфорных удобрений в республике Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ г. Ташкент, 4 марта 2020 г., № 120 |