Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МУРУВВАТ ЁРДАМИ ДАСТУРЛАРИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 июлдаги 268-сонли «Мурувват ёрдамидан ва беғараз техник кўмакдан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Мурувват ёрдами юкларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, транспортда ташиш, қўриқлаш, омборга жойлаштириш, тақсимлаш ва улардан фойдаланишни назорат қилишни такомиллаштириш, шунингдек, мурувват ёрдами бўйича амалга оширилаётган дастурларни мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мурувват ёрдами бўйича республика комиссиясининг таркиби ва комиссиянинг доимий ишловчи ишчи гуруҳи 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
*1-2-иловалар берилмайди.
2. Республика комиссиясига мурувват ёрдами юкларини қабул қилиш, тақсимлаш, уларнинг санитария ва божхона хавфсизлиги назоратига риоя қилинишини ташкил этиш, шунингдек, мурувват ёрдами кўрсатувчи халқаро хайрия ташкилотларининг дастурларини мувофиқлаштириш юклансин.
3. Ўзбекистон Республикасига келтирилаётган мурувват ёрдамини қабул қилиш, транспортда ташиш, тақсимлаш ва уларни назорат қилиш ҳамда мурувват ёрдами дастурларини мувофиқлаштириш тартиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мурувват ёрдами комиссияларини тузсинлар ва уларга мурувват ёрдамини қабул қилиш, транспортда ташиш, тақсимлаш ва назорат қилишнинг белгиланган тартибини амалга оширишни таъминлаш масъулиятини юкласинлар.
5. Вазирлар Маҳкамаси биносида Республика комиссияси ишчи гуруҳининг фаолият кўрсатиши учун жой, зарур асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари ажратилсин.
6. Ташқи ишлар вазирлиги:
мурувват ёрдами юкларини кузатиб борувчи ва мурувват ёрдами дастурлари доирасида ишларни ташкил этувчи ҳамда ижтимоий соҳада беғараз техникавий кўмаклашувчи шахсларга ҳақ олмасдан виза берсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ўз фаолиятини мурувват ёрдами дастурлари ва ижтимоий соҳада беғараз техникавий кўмаклашиш доирасида амалга ошираётган халқаро ташкилотларни, уларнинг ходимларини дипломатик корпуснинг техник ходимларига тенглаштирилган ҳолда, аккредитациядан ўтказсин;
Республика комиссиясига янгидан аккредитациядан ўтказилган халқаро хайрия ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар рўйхатини ўз вақтида тақдим этсин.
7. Ички ишлар вазирлиги:
мурувват юкларини транспортда ташишда қўриқлаш ва кузатиб бориш тадбирларини таъминласин;
мурувват ёрдами дастурлари ва ижтимоий соҳада беғараз техникавий кўмаклашиш доирасида ишловчи чет эл фуқароларининг миллий паспортларини ҳақ олмасдан рўйхатдан ўтказсин.
8. Адлия вазирлиги халқаро хайрия компанияларини белгиланган тартибда жамоат ташкилотлари сифатида ўз вақтида рўйхатдан ўтказсин.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Республика комиссиясига мурувват ёрдами йўли билан келтирилаётган дори-дармонлар ва тиббий техника биринчи навбатда берилиши керак бўлган муассасалар рўйхатини ҳар йили тақдим этсин;
тиббий мурувват ёрдами юкларини «Дори-дармон» уюшмаси ва «Ўзтиббийтехника» республика ишлаб чиқариш бирлашмаси омборларига жойлаштирсин;
озиқ-овқатдан иборат мурувват ёрдами юкларини санитария-бактериология назоратидан ўтказсин.
10. Ижтимоий таъминот вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қизил Ярим ой жамияти Марказий қўмитаси, «Соғлом авлод учун» жамғармаси, Ўзбекистон болалар жамғармаси, «Маҳалла» ва «Экосан» хайрия жамғармалари, Ногиронлар жамияти, Чернобилчилар жамияти, Афғонистонда жанг қилганлар жамияти, бошқа жамоат ташкилотлари:
Республика комиссиясини халқаро хайрия ташкилотлари ва жамғармалари билан биргаликда ишлаб чиқилаётган дастурлар ҳақида хабардор қилиб турсинлар;
Республика комиссиясига ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган муассасалар рўйхати ва шахслар сонини ҳар йили тақдим этсинлар.
11. «Ўзбексавдо» давлат-акционерлик уюшмаси мурувват ёрдами йўли билан келтирилаётган озиқ-овқат ва саноат юкларини ўз бўлинмалари омборларига бепул жойлаштирсин.
12. Мурувват ёрдами юклари пошлинасиз келтирилишига рухсат берилсин, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг «Ўзташқитранс» республика ташқи савдо бирлашмаси уларни ҳақ олмасдан биринчи навбатда декларация қилсин.
13. Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва «Ўзбектуризм» миллий компанияси мурувват ёрдами дастурлари ва ижтимоий соҳада беғараз техникавий кўмаклашиш доирасида халқаро ташкилотларда ишлаётган мутахассисларга меҳмонхоналарда яшаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган тарифларга мувофиқ қўллашга рухсат берсинлар,
14. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси, «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси мурувват юкларини аниқ олувчиларга ўз вақтида етказиб берсинлар. Транспорт хизматлари ҳақи мурувват ёрдамини олувчи тегишли вазирликлар, идоралар, ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан тўлансин.
15. Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 21 февралдаги 50-Ф-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И. Х. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 25 апрель,
146-сон
Ўзбекистон Республикасига келтирилаётган мурувват ёрдамини қабул қилиш, транспортда ташиш, тақсимлаш ва уларни назорат қилиш ҳамда мурувват ёрдами дастурларини мувофиқлаштириш
тартиби
I. Ўзбекистон Республикасида мурувват ёрдами дастурларини мувофиқлаштирувчи органлар
1. Ўзбекистон Республикасида ижтимоий соҳадаги мурувват ва беғараз техникавий ёрдам дастурларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мурувват ёрдами бўйича республика комиссияси ташкил этилган.
2. Мурувват ёрдами бўйича республика комиссиясининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, корхоналар ва Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Республика комиссиясининг протоколи қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши учун асос ҳисобланади.
3. Комиссия ўз фаолиятини ўз ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳ, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари ҳузурида ташкил этилган комиссиялар орқали амалга оширади.
4. Республика комиссиясининг ишчи гуруҳи Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий таъминот вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзбексавдо» давлат-акционерлик уюшмаси, «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда ташкил этилади. Ишчи гуруҳга, шунингдек, мурувват ёрдами юклари ёки мурувват ёрдами кўрсатиш ва беғараз ёрдам бериш дастурлари хусусиятига боғлиқ равишда бошқа вазирликлар ва ташкилотлар вакиллари ҳам жалб қилинадилар. Ишчи гуруҳ, раҳбарига пайдо бўладиган масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун тегишли ташкилотлар ва муассасаларга кириш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома берилади.
5. Ишчи гуруҳ, мурувват ёрдами юкини олувчи билан биргаликда кўрсатиб ўтилган юкларни қабул қилишни, декларациялашни, транспортда ташишни, қўриқлашни, омборга жойлаштиришни, санитария-эпидемиология ва божхона назоратини таъминлашни, етказиб беришни ҳамда бу юклардан жойларда фойдаланилишини назорат қилишни ташкил этишда қатнашади.
6. Республика комиссияси аъзолари Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг ходимлари билан биргаликда Республика комиссияси томонидан протокол тузиб тасдиқланадиган мурувват ёрдами юкларини қабул қилиш ва тақсимлаш ҳужжатларини тайёрлаш учун мурувват ёрдами кўрсатаётган донор мамлакатлар, БМТ муассасалари, халқаро хайрия ташкилотлари ва фирмалар вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
7. Ишчи гуруҳ, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари билан биргаликда донор мамлакатлар ва халқаро хайрия ташкилотлари билан мурувват қўмаклашуви ва беғараз ёрдам бўйича лойиҳаларни, дастурларни тайёрлашни амалга оширади, бу ҳужжатлар кейинчалик Республика комиссияси томонидан тасдиқланади.
8. Ишчи гуруҳ томонидан мурувват ёрдами дастурлари бўйича маълумотлар тўпланади ва ахборот банки тайёрланади.
II. Келтирилаётган мурувват ёрдамини қабул қилиш, транспортда ташиш, тақсимлаш ва назорат қилиш тартиби
1. Вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотларига мўлжалланаётган мурувват ёрдами тўғрисида хабар келганда улар томонидан:
Республика комиссияси хабардор қилинади;
Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигида мурувват ёрдамини кузатиб келаётган ва ташкил этаётган ёки ижтимоий соҳада мурувват ёрдами дастурлари ва беғараз техникавий ёрдамни амалга ошираётган шахсларга виза бериш, рўйхатга олиш расмийлаштирилади;
мурувват ёрдами юклари ўз вақтида декларацияланиши ва пошлинасиз олиб кирилиши учун «Ўзташқитранс» ва Давлат солиқ қўмитаси Божхона бош бошқармаси бўлинмалари мурувват ёрдами юкларининг хусусиятлари ва келиш муддатларидан хабардор қилинади.
2. Мурувват ёрдами юклари Тошкент, Нукус шаҳарларига, вилоятлар марказларига авиация, темир йўл ва автомобиль транспортида келтирилганда тегишли транспорт ва божхона хизматлари олувчиларни юкларнинг мурувват ёрдами тусида эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни Республика комиссиясига тақдим этишлари зарурлигидан хабардор қилади.
3. Мурувват ёрдами юклари аэропортлар ва темир йўл станцияларига келтирилганда транспорт-юк ташиш хизматлари мазкур юкларни қабул қилиш, транспортда ташиш ва сақлаш қоидалари ва технологияларига риоя қилиш юзасидан барча зарур чора-тадбирларни кўрадилар.
4. Ўзбекистон Республикасига келтирилаётган мурувват ёрдамини қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш ва тақсимлаш учун жавобгарлик мурувват ёрдамини олаётган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар, вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари зиммасига юкланади.
5. Аэропортлар, темир йўл станциялари, «Дори-дармон» уюшмаси, «Ўзтиббийтехника» республика ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Ўзбексавдо» давлат-акционерлик уюшмаси омборларида турган мурувват ёрдами юкларидан сақланганлиги, хабар қилинганлиги, божхона тадбирлари, декларациялаш ва бошқа хизматлар учун пошлина ва йиғимлар олинмайди.
6. Мурувват ёрдами юкларини аэропортлар, темир йўл станцияларидан олувчи омборигача транспортда ташиш ҳокимликлар, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари ва Республика комиссияси белгилаган олувчиларнинг буюртманомалари бўйича «Ўзавтотранс» корпорацияси, «Ўзташқитранс» ташқи савдо бирлашмаси бўлинмалари, «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниялари томонидан амалга оширилади. Мурувват ёрдами юклари ташилганлиги учун ҳақни олувчи тўлайди ва бу харажат кейинчалик тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар маблағларидан қопланади.
7. Мурувват ёрдами ва беғараз ёрдам юклари бераётган ташкилотлар юкларни Ўзбекистон Республикасига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси транспортида келтириш тўғрисида ёрдам сўраб Республика комиссиясига мурожаат қилганда транспортда ташиш ҳақини тўлаш масалалари Республика комиссияси томонидан белгиланган тартибда ҳал қилинади.
8. Мурувват ёрдами йўли билан келтирилаётган дори-дармонлар ва тиббий асбоб-ускуналар «Дори-дармон» уюшмаси ва «Ўзтиббийтехника» республика ишлаб чиқариш бирлашмаси омборларига жўнатилади, бу ерда Соғлиқни сақлаш вазирлиги фармакология қўмитасига улардан фойдаланиш учун рухсат сўраб буюртманома берилади. Озиқ-овқатдан иборат мурувват ёрдами юклари «Гўшт-сут», «Баққоллик» республика акционерлик бирлашмаларининг тегишли омборларига, бошқа юклар «Ўзбексавдо» давлат уюшмасининг тегишли омборларига жўнатилади,
9. Мурувват ёрдами йўли билан келтирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари «Ўзбексавдо» давлат уюшмаси омборларида истеъмолчиларга берилишдан олдин улар истеъмол қилишга яроқлилиги тўғрисида халқаро сертификат мавжудлигига қарамасдан танлаб санитария-бактериология назоратидан ўтказилади. Озиқ-овқат маҳсулоти истеъмолга яроқсизлиги аниқланган ҳолларда маҳсулотнинг бу тури ажратиб олинади ва донор мамлакат олдиндан хабардор қилинган ҳолда Республика комиссиясининг қарори билан йўқ қилинади.
10. Мурувват ёрдами юкларининг республика ҳудудида транспортда ташиш чоғида сақланишини таъминлаш Ички ишлар вазирлигининг тегишли транспорт органлари ва Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари зиммасига юкланади.
11. Мурувват ёрдами юклари донор мамлакатлар, мурувват кўрсатувчи ташкилотлар ва агентликлардан ижтимоий ва техник кўмаклашиш доирасида мақсадли олинганда ёрдамни олувчилар 10 кун муддатда барча сақлаш тадбирларига, шу жумладан божхона тадбирларига, санитария-эпидемиология ва фармакология назоратига риоя қилиниши учун мурувват ёрдами тўғрисидаги ахборотни Республика комиссиясига тақдим этадилар.
12. Олувчи мақсадли мурувват ёрдами юкларини олганда ва ижтимоий соҳада мурувват ёрдами дастури ва беғараз техникавий кўмаклашиш доирасидаги тадбирларни амалга оширганда вилоят ва идоравий комиссиялар томонидан кўрсатилаётган ёрдамдан фойдаланиш самарадорлиги назорат қилинади ва баҳоланади.
13. Мурувват ёрдами юкларини тақсимлашда Республика комиссияси аҳолининг тегишли ашёлар билан таъминланганлиги, ижтимоий ҳимояланганликни кучайтириш принципидан келиб чиқади, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ижтимоий таъминот вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қизил Ярим ой жамияти, хайрия жамғармалари ва жамоат ташкилотлари эҳтиёжларини ҳисобга олади.
14. Келтирилаётган мурувват ёрдами юкларидан захира жамғармаси республика комиссиясининг қарорига кўра Қизил Ярим ой жамияти Марказий қўмитаси ҳузурида ташкил этилади.
15. Республика комиссиясига ҳар йили:
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мурувват ёрдами кўрсатилиши керак бўлган муассасалари рўйхати;
Ижтимоий таъминот вазирлигининг мурувват ёрдами кўрсатилиши зарур бўлган интернат-уйлари ва тиббий муассасалари рўйхати;
Қизил Ярим ой жамияти хизмат кўрсатаётган ёлғиз кекса фуқаролар, уруш ва Меҳнат фахрийлари, ногиронлар, байналмилалчи жангчилар, кўп болали оилалар контингенти, жамиятнинг даволаш-профилактика ва бошқа муассасалари рўйхати, шунингдек, фавқулодда ҳолларда ишлатиш учун зарур бўлган дори-дармонлар, озиқ-овқатлар ва асбоб-ускуналар ҳажми ва рўйхати;
Ўзбекистон болалар жамғармаси мутасадди бўлган болалар уйлари, кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг болалари рўйхати;
«Соғлом авлод учун», «Меҳр-шафқат», «Экосан», «Маҳалла» жамғармалари, Ногиронлар жамияти, Чернобилчилар жамияти орқали мурувват ёрдами кўрсатилиши керак бўлган шахслар контингенти ва муассасалар рўйхати тақдим этилади.
16. Мурувват ёрдами юклари бевосита истеъмолчилар томонидан олингандан кейин ҳокимликлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги мурувват ёрдами комиссиялари бир ой муддатда Республика комиссиясига тегишли товарлар тақсимланганлиги ва улардан қандай фойдаланилаётганлиги тўғрисида тасдиқланган шаклга (илова қилинмоқда) мувофиқ ҳисобот тақдим этадилар.
III. Мурувват ёрдами ва техникавий кўмаклашиш доирасида иш олиб бораётган халқаро хайрия ташкилотларининг иш тартиби ва уларни мувофиқлаштириш
1. Мурувват ёрдами дастурларини мувофиқлаштириш мақсадида мурувват ёрдами кўрсатаётган ёки ижтимоий соҳада беғараз техникавий кўмаклашаётган халқаро ташкилотлар Республика комиссиясига ўз фаолиятлари ва ўз ишларида режалаштирилаётган лойиҳалар тўғрисида ахборотнома тақдим этадилар.
2. Мурувват ёрдами кўрсатувчи ёки беғараз техникавий кўмаклашувчи халқаро ташкилотлар Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинадилар ва жамоат ташкилотлари сифатида Адлия вазирлигида рўйхатга олинадилар.
3. Ижтимоий соҳада мурувват ёрдами дастурлари ва беғараз техникавий кўмаклашиш доирасида халқаро ташкилотларда ишловчи мутахассисларга қуйидаги имтиёзлар берилади:
а) хайрия ташкилотларини Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказишда ва Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилишда пошлина тўлашдан:
уларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишлари ва келишлари билан боғлиқ визалар ва ҳар қандай бошқа хизматлар учун ҳақ тўлашдан;
Ички ишлар вазирлигининг Келиш-кетиш ва фуқаролик бошқармаси бўлинмаларида миллий паспортларни рўйхатдан ўтказганлик ва бошқа хизматлар учун пошлина тўловларидан;
ижтимоий соҳада мурувват ёрдами дастурлари ва беғараз техникавий кўмаклашиш доирасида Ўзбекистон Республикасига келтириладиган ва фойдаланиладиган мол-мулк учун ҳар қандай тарифлар, йиғимлар, бож пошлиналари ва бошқа тўловлардан озод қилинадилар;
б) «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг ички ва халқаро йўллари учун чипталарни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган тарифларга мувофиқ Ўзбекистон миллий валютасига сотиб олишга рухсат этилади;
в) «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси авиарейсларида 50 килограммгача бўлган мурувват ёрдами юкини текин олиб юриш ҳуқуқи берилади;
г) турар жойи бўйича бепул тиббий хизмат кўрсатилади ва болалари мактабларда ўқитилади;
д) меҳмонхоналарда яшаганлик учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган тарифларга мувофиқ ҳақ тўлашга рухсат этилади.
4. Халқаро ташкилотларнинг ходимлари мурувват ёрдами ва беғараз техникавий кўмаклашиш дастурлари доирасида бўлиш жойлари кўрсатилмаган ҳақиқий кириш визалари мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юришлари мумкин, рўйхати Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан тасдиқланадиган объектлар бундан мустаснодир.
Ўзбекистон Республикасига келтирилаётган мурувват ёрдамини қабул қилиш, транспортда ташиш, тақсимлаш ва уларни назорат қилиш ҳамда мурувват ёрдами дастурларини мувофиқлаштириш тартибига
ИЛОВА
ИЛОВА
МУРУВВАТ ЁРДАМИ БЎЙИЧА ҲИСОБОТ
|
|
юкларни етказиб келиш санаси |
|
Умумий оғирлиги, тонна |
Қиймати |
Ҳужжат ва сана | |||
| | дори-дармонлар, ўрам, қути | озиқ-овқат маҳсулотлари, тонна | кийимбош, дона | бошқалар (тиб-техника маҳсулотлари) | | | | |
Қилинган иш ҳақидаги ҳисобот мурувват ёрдами юки олинган ва тақсимлангандан сўнг 1 ой давомида Республика комиссиясига тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.