Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги ПФ-6165-сонли «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан 2021 йил 1 мартдан ўз кучини йўқотади.
Мамлакатлар ўртасида маданий, илм-фан, таълим алмашинувига, инвестицион иқлимни яхшилашга ва мамлакатимиз туристик салоҳиятини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатадиган Ўзбекистон Республикаси ҳамда Хитой Халқ Республикаси ўртасида халқаро муносабатларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. 2020 йил 1 январдан бошлаб Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун ташувчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмаларига йўловчилар тўғрисида дастлабки маълумотларни ўз вақтида тақдим қилган ҳолда қайтиш авиачиптаси мавжуд бўлган шартларда мамлакатимиз халқаро аэропортлари орқали 7 кундан кўп бўлмаган муддатга Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш тартиби белгилансин.
2. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 сентябрь,
ПФ-5819-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.09.2019 й., 08/19/5819/3735-сон)