Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2005 ЙИЛГАЧА БЎЛГАН ДАВРДА МАҲАЛЛИЙ ХОМ АШЁ НЕГИЗИДА БУЮМЛАР ВА МАТЕРИАЛЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИГА КИРИТИЛГАН ЛОЙИҲАЛАР РЎЙХАТИНИ АНИҚЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 22 июндаги ПҚ–386-сонли «2006—2008 йилларда маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган
Иқтисодиётни таркибий қайта ўзгартиришларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни технология жиҳатидан янгилаш ва замонавийлаштириш, маҳаллий хом ашёдан ҳамда ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва шу асосда замонавий, рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига товарлар импортини мақбуллаштириш, янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш асосида амалга ошириладиган маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати 1-иловага* мувофиқ;
ишлаётган ишлаб чиқаришларда амалга ошириладиган маҳаллийлаштириш лойиҳалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*Иловалар берилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги билан биргаликда зарурат бўлганда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари рўйхатини аниқлаштириш ва унга қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекслари билан келишилган таклифлар киритсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 февралдаги 112-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 4-сон, 42-модда)
3. Хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокида йирик ва стратегия жиҳатидан муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастурининг бажарилиши, республиканинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўлидан бориши натижаларини ҳар ойда таҳлил қилсин ва умумлаштирсин. Бунда ишлаб чиқариш умумий харажатларини қисқартириш, валюта ресурсларини тежаш, республика иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш ва унинг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтириш, янги иш ўринлари ташкил этиш каби стратегик вазифаларни ҳал қилишга маҳаллийлаштиришнинг таъсирини баҳолашга алоҳида эътибор берилсин.
(3-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 февралдаги 112-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 4-сон, 42-модда)
Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирларини амалга оширишнинг стратегик аҳамиятини ҳисобга олиб, Маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилиши ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилсин.
4. «Ўзтелерадио» компанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилишини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритсинлар.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 22 ноябрь,
456-сон