Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ХЎЖАЛИК СУДЛАРИНИНГ ҚАРОРЛАРИ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Хўжалик судларининг қарорлари тегишлича ижро этилиши учун давлат идораларининг, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналарнинг, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳамда улардаги мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларининг қарорлари қарздорнинг ҳисоб-китоб варағида бўш пул маблағлари мавжуд бўлган тақдирда банклар, солиқ идоралари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўз вақтида ижро этилиши лозим;
қарздорнинг ҳисоб-китоб варағида пул маблағларининг йўқлиги банк томонидан ҳужжат билан тасдиқланганлиги қарзни ундирувчи, шу жумладан солиқ идораси тўловни қарздорнинг мулки ҳисобидан ундириб олиш тўғрисида хўжалик судига ариза бериш учун асос ҳисобланади.
2. Давлат солиқ қўмитаси ва жойлардаги солиқ идоралари зиммасига давлат божини ва жазо жарималарини республика бюджети даромадига ундириб олиш бўйича хўжалик судларининг қарорлари ижро этилишини ўз вақтида таъминлаш мажбурияти юклансин.
3. Хўжалик судлари прокуратура органлари билан биргаликда суд қарорларини қасддан бажармаслик фактлари бўйича айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 232-моддасида кўзда тутилган жавобгарлик чораларини қўлласинлар, банк муассасаларига эса Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 112-моддасига мувофиқ ундириб олиниши лозим бўлган сумманинг 50 фоизи миқдорда жарима солсинлар.
4. Хўжалик судларининг суд ижрочиларига юқори солиқ органлари ва банкларнинг вакиллари билан биргаликда мансабдор шахслар томонидан суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилишини текшириш, қарздорларнинг шахсий ҳисобварақлари билан танишиш, қонунчиликда белгиланган тартибда қарздорларнинг мулкий рўйхатга олиш ва ундан фойдаланишни тақиқлаш ҳуқуқи берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги хўжалик судларининг суд ижрочилари зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда уларга зарур ёрдам кўрсатсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Олий хўжалик судига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Давлат солиқ қўмитаси билан бирга бир ҳафта муддатда ушбу Фармоннинг талабларига мувофиқ хўжалик судларининг қарорларини ижро этиш Тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Олий суди ва Олий хўжалик суди билан биргаликда уч ой муддатда суд қарорларини ижро этиш ҳамда суд ижрочисининг мақоми тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини тайёрласин.
7. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Олий хўжалик судининг Раиси М. Э. Абдусаломов ва Бош прокурор Б. М. Мустафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 5 февраль,
ПФ-1704-сон