Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг
Қарори
Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2921]
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 мартдаги 148-сон «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Р. КУРБАНОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 4 июль,
3-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг 2017 йил 4 июлдаги 3-мҳ-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Спорт турлари бўйича ягона спорт таснифи тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 мартдаги 148-сон «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун бажарилиши зарур бўлган нормалар ва талаблар ҳамда уларни бажариш шартларининг мазмунини, ягона спорт таснифини шакллантириш, шунингдек спорт турлари бўйича спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ягона спорт таснифи (бундан буён матнда ЯСТ деб юритилади) спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш учун бажарилиши зарур бўлган нормалар ҳамда талабларни, шунингдек уларни бажариш шартларини (бундан буён матнда нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари деб юритилади) белгилайди.
2. Қуйидагилар ЯСТнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасида спорт турларини ривожланишига кўмаклашиш;
спортчиларнинг спорт маҳорати даражасини аниқлаш учун спорт кўрсаткичларини белгилаш;
спортчиларнинг спорт маҳорати даражасини эътироф этиш;
спортчиларнинг спорт маҳорати даражасини ошириш.
3. Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонунининг 23-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида қуйидаги спорт унвонлари ҳамда спорт разрядлари берилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
а) спорт унвонлари:
Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери;
б) спорт разрядлари:
Ўзбекистон спорт усталигига ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод;
биринчи спорт разряди;
иккинчи спорт разряди;
учинчи спорт разряди;
ўсмирлар учун биринчи спорт разряди;
ўсмирлар учун иккинчи спорт разряди;
ўсмирлар учун учинчи спорт разряди.
4. Спорт унвонлари спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига (бундан буён матнда календарь режа деб юритилади) киритилган халқаро ва республика миқёсидаги расмий спорт ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирлари натижалари бўйича ЯСТнинг нормалари ва (ёки) талабларини, шунингдек уларни бажариш шартларини бажарган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган спортчиларга берилади.
Спорт разрядлари календарь режага киритилган халқаро ва республика миқёсидаги расмий спорт ёки оммавий жисмоний тарбия тадбирлари натижалари бўйича ЯСТнинг нормалари ва (ёки) талабларини, шунингдек уларни бажариш шартларини бажарган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳамда фуқаролиги бўлмаган спортчиларга берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Спорт тури бўйича ЯСТ мавжуд бўлмаса ушбу спорт тури бўйича спорт унвонлари ва спорт разрядлари берилмайди.
6. Спорт унвонлари ва спорт разрядлари умрбод берилади.
2-боб. Нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартларининг мазмуни
7. Нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари спорт турининг ривожланганлик даражаси, расмий спорт мусобақаларининг нуфузи, спортчининг ёшини ва жинсини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
8. Нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари спорт турининг хусусиятларига кўра белгиланган ўлчов бирликларида ифодаланган ва спортчининг маҳоратини аниқлайдиган кўрсаткичларни ўз ичига олади.
9. Нормалар ва талаблар қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) спорт мусобақасида эгалланган ўрин;
б) спорт мусобақасидаги рақиблар сони;
в) спорт мусобақасида ўлчов бирликлари бўйича қайд этилган натижалар.
10. Спортчи томонидан нормалар ва талабларни бажариш шартлари қуйидагилар ҳисобланади:
а) спортчи иштирок этган халқаро расмий спорт мусобақаларида қатнашган мамлакатлар сони, бунда:
жаҳон чемпионати, кубоги ва биринчилигида:
ёзги спорт турларида — камида 20 та;
қишки спорт турларида — камида 15 та бўлиши.
Осиё чемпионати, кубоги ва биринчилигида:
ёзги спорт турларида — камида 10 та;
қишки спорт турларида — камида 8 та бўлиши.
бошқа халқаро расмий спорт мусобақаларида:
ёзги спорт турларида — камида 6 та;
қишки спорт турларида — камида 5 та бўлиши.
б) спортчи иштирок этган Ўзбекистон чемпионати ёки кубогида ҳудудий жамоалардан камида ярми қатнашган бўлиши;
в) спортчи иштирок этган ҳудудий чемпионат ва биринчиликда ҳудудий жамоалардан камида ярми қатнашган бўлиши;
г) спортчи иштирок этган расмий спорт мусобақаларида (халқаро расмий спорт мусобақалари бундан мустасно) камида қуйидаги малака тоифасига эга бўлган ҳакамларнинг ҳакамлик қилиши:
Халқаро тоифали Ўзбекистон спорт устаси спорт унвони учун — 2 нафар халқаро тоифали ва 3 нафар миллий тоифали спорт ҳаками;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери спорт унвони учун — 3 нафар миллий тоифали спорт ҳаками;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон спорт усталигига номзод ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод спорт разряди учун — 1 нафар миллий тоифали ва 3 нафар биринчи тоифали спорт ҳаками;
Кейинги таҳрирга қаранг.
биринчи спорт разряди учун — 3 нафар биринчи тоифали спорт ҳаками;
иккинчи ёки учинчи спорт разряди учун — 2 нафар биринчи тоифали спорт ҳаками;
ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ёки учинчи спорт разряди учун — 1 нафар биринчи тоифали спорт ҳаками.
д) спорт тури ҳамда расмий спорт мусобақаларини ўтказиш тизимининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда бошқа шартлар.
Агар жаҳон чемпионати, кубоги ёки биринчилигида қатнашган мамлакатлар сони мазкур банд «а» кичик бандининг иккинчи хатбошисида белгилангандан кам бўлса, бунда Осиё чемпионати, кубоги ёки биринчилиги учун назарда тутилган шартлар қўлланилади.
Агар Осиё чемпионати, кубоги ёки биринчилигида қатнашган мамлакатлар сони мазкур банд «а» кичик бандининг бешинчи хатбошисида белгилангандан кам бўлса, бунда бошқа халқаро расмий спорт мусобақалари учун назарда тутилган шартлар қўлланилади.
11. Халқаро расмий спорт мусобақаларида бажарилган норма ва (ёки) талаблар учун спортчига у мазкур мусобақаларда Ўзбекистон Республикасининг терма жамоаси таркибида иштирок этган тақдирдагина, спорт унвонлари ва спорт разрядлари берилади.
3-боб. ЯСТни шакллантириш ва тасдиқлаш
12. ЯСТ Олимпия ўйинлари ўтказилишининг даврийлигини инобатга олиб ҳар 4 йилда бир марта келгуси 4 йил муддатга тузилади.
13. ЯСТда спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари кўрсатилади.
14. ЯСТ спорт федерацияларининг (уюшмаларининг), спортнинг техник ва амалий турлари бўйича эса, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгашининг тақдимномаларига асосан Олимпия ўйинлари ўтказилган йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. ЯСТ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг ҳайъатида кўриб чиқилади ва унинг қарори билан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. ЯСТда нормалар ва талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари спортчининг жинси ва ёшини инобатга олган ҳолда алоҳида-алоҳида кўрсатилади.
17. ЯСТ мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. ЯСТга уни тузган ташкилотларнинг тақдимномаларига асосан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
ЯСТга ўзгартиришлар киритиш у қандай тартибда тасдиқланган бўлса шундай тартибда амалга оширилади.
Агар ЯСТга киритилаётган ўзгартиришлар спорт тури бўйича халқаро қоидалар ўзгарганлиги билан боғлиқ бўлмаса, ўзгартиришлар ЯСТ тасдиқланган кундан бошлаб бир йил ўтгандан сўнг киритилади.
4-боб. Спорт унвонларини бериш
19. Халқаро гроссмейстер спорт унвони тегишли халқаро спорт ташкилоти томонидан берилади.
Халқаро гроссмейстер спорт унвонини олган спортчилар Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси спорт унвонини олган спортчиларга тенглаштирилади.
20. Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси, Ўзбекистон гроссмейстери, Ўзбекистон спорт устаси спорт унвонлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан қуйидаги ташкилотларнинг тақдимномаларига асосан берилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
республика спорт федерациялари (уюшмалари);
Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши;
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий спорт клуби.
21. Спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимнома ташкилот раҳбари (ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланган ва ташкилот муҳри билан (муҳр мавжуд бўлганда) тасдиқланган ҳолда ЯСТнинг нормалари ва талаблари, шунингдек уларни бажариш шартлари бажарилган кундан бошлаб 1 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) ЯСТ нормалари ва (ёки) талаблари, шунингдек уларни бажариш шартлари бажарилганлигини, шу жумладан спорт мусобақаларидаги ютуқлар акс эттирилган, расмий спорт мусобақалари баённомалари ва мусобақа дипломлари нусхалари (спорт паспорти мавжуд бўлганда, спорт паспортининг (тегишли маълумотлар кўрсатилган варақлари билан) нусхаси);
б) ҳакамлар ҳайъати раиси томонидан тасдиқланган ҳакамларнинг таркиби ва тоифаси ҳақида маълумотнома (халқаро расмий спорт мусобақалари бундан мустасно);
в) паспорт нусхаси (16 ёшга тўлмаган спортчиларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси);
Кейинги таҳрирга қаранг.
г) спортчига нисбатан унинг тренери томонидан берилган тавсифнома;
д) 2 та 3 х 4 ҳажмдаги (оқ фондаги) рангли фотосурат.
Тақдимномага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари уларни бераётган ташкилотлар томонидан аслига тўғри эканлиги тасдиқланган бўлиши шарт.
Тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тақдимномани имзолаган шахс масъул ҳисобланади.
23. Спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимномага мазкур Низомнинг 22-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган тақдирда, у рад этилади ва уни тақдим қилган ташкилотга рад этиш сабаблари кўрсатилган жавоб хати юборилади.
24. Спорт унвонини бериш ёки спорт унвонини беришни рад этиш масаласи мазкур Низомда белгиланган тартибда тузиладиган малака комиссияси томонидан ҳал қилинади.
25. Спорт унвонини беришни рад этишга қуйидагилар асос бўлиб ҳисобланади:
а) спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар мазкур Низомнинг 21-бандида белгиланган муддат ичида тақдим этилмаганда;
б) спортчи томонидан бажарилган нормалар ва (ёки) талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари ЯСТга мувофиқ бўлмаганда;
в) спорт мусобақалари давомида спортчи дисквалификация қилинганда.
26. Спорт унвони малака комиссияси қарори асосида қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг буйруғига мувофиқ берилади.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг буйруғи малака комиссияси қарори чиқарилган кундан бошлаб уч кун ичида қабул қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Спорт унвони берилганлиги ҳақидаги маълумот спортчининг спорт паспортига киритилади.
28. Спорт унвонини олган спортчига Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан спорт унвони олганлигини тасдиқловчи гувоҳнома берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Спорт унвони олинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома йўқотилган, бузилган ёки уни олган шахснинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган ҳолларда спортчининг аризасига асосан ушбу гувоҳномани берган ташкилот томонидан гувоҳноманинг дубликати берилади. Бунда аризага гувоҳнома йўқотилган тақдирда, гувоҳнома йўқотилганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида берилган эълоннинг (йўқотилган гувоҳноманинг берилган йили, тартиб рақами кўрсатилган ҳолда) нусхаси, гувоҳномани олган шахснинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёхуд бузилган гувоҳнома илова қилинади.
Гувоҳномаларининг дубликати берилганда унинг юқори ўнг бурчагига «Дубликат» деган сўз ёзилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. Спорт разрядларини бериш
30. Спорт разрядлари қуйидагича:
олий маҳорат спорт мактаблари, спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг минтақавий кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий спорт клуби спортчиларига Ўзбекистон спорт усталигига номзод, Ўзбекистон гроссмейстерига номзод ва биринчи спорт разрядлари — мазкур ташкилотларнинг тақдимномасига асосан қатъий равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан;
Кейинги таҳрирга қаранг.
спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг минтақавий кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий спорт клуби спортчиларига иккинчи ва учинчи спорт разрядлари, ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядлари — қатъий равишда ушбу ташкилотлар томонидан спортчилар тренерларининг тақдимномаларига асосан;
Кейинги таҳрирга қаранг.
бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари спортчиларига — Ўзбекистон спорт усталигига номзод, Ўзбекистон гроссмейстерига номзод, биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядлари, ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядлари ушбу ташкилотларнинг ёхуд тегишли спорт тури бўйича спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) ёки унинг ҳудудий бўлинмаларининг тақдимномаларига асосан — тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан, бунда спортнинг техник ва амалий турлари бўйича иккинчи ва учинчи спорт разрядлари, ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядлари — тегишлича Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг минтақавий кенгашлари томонидан берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
31. Спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимнома ташкилот раҳбари (ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс) ва ташкилот муҳри (муҳр мавжуд бўлганда) билан тасдиқланган, тақдимнома тренер томонидан берилаётганда эса, тренер томонидан имзоланган ҳолда, ЯСТнинг нормалари ва талаблари, шунингдек уларни бажариш шартлари бажарилган кундан бошлаб 6 ой ичида берилиши шарт.
32. Спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
а) ЯСТ нормалари ва (ёки) талаблари, шунингдек уларни бажариш шартлари бажарилганлигини, шу жумладан спорт мусобақаларидаги ютуқлар акс эттирилган, расмий спорт мусобақалари баённомалари ва мусобақа дипломлари нусхалари (спорт паспорти мавжуд бўлганда, спорт паспортининг (тегишли маълумотлар кўрсатилган варақлари билан) нусхаси);
б) ҳакамлар ҳайъати раиси томонидан тасдиқланган ҳакамларнинг таркиби ва тоифаси ҳақида маълумотнома (халқаро расмий спорт мусобақалари бундан мустасно);
в) паспорт нусхаси (16 ёшга тўлмаган спортчиларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси, чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси);
Кейинги таҳрирга қаранг.
г) спортчига нисбатан унинг тренери томонидан берилган тавсифнома;
д) 2 та 3 х 4 ҳажмдаги (оқ фондаги) рангли фотосурат (спорт разрядини биринчи марта олаётганда).
Тақдимномага илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари уларни бераётган ташкилотлар томонидан аслига тўғри эканлиги тасдиқланган бўлиши шарт, тақдимнома спортчининг тренери томонидан берилаётган ҳоллар бундан мустасно.
Тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун тақдимномани имзолаган шахс масъул ҳисобланади.
33. Спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимномага мазкур Низомнинг 32-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмаган тақдирда, у рад этилади ва уни тақдим қилган ташкилотга рад этиш сабаблари кўрсатилган жавоб хати юборилади. Бунда тақдимнома спортчининг тренери томонидан берилаётганда, у рад этиш сабаблари оғзаки тушунтирилган ҳолда қайтарилади.
34. Спорт разрядини бериш ёки спорт разрядини беришни рад этиш масаласи мазкур Низомда белгиланган тартибда тузиладиган малака комиссияси томонидан ҳал қилинади.
35. Спорт разряди малака комиссияси қарори асосида қабул қилинадиган мазкур Низомга асосан спорт разрядини бериш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар раҳбарларининг буйруғига мувофиқ берилади.
36. Спорт разрядини беришни рад этишга қуйидагилар асос ҳисобланади:
а) спорт разрядини бериш тўғрисидаги тақдимнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар мазкур Низомнинг 31-бандида белгиланган муддат ичида тақдим этилмаганда;
б) спортчи томонидан бажарилган нормалар ва (ёки) талаблар, шунингдек уларни бажариш шартлари ЯСТга мувофиқ бўлмаганда;
в) спорт мусобақалари давомида спортчи дисквалификация қилинганда.
37. Спорт разряди берилганлиги ҳақидаги маълумот спортчининг спорт паспортига (спорт китобчасига) киритилади ва спорт разрядини берган ташкилот томонидан тасдиқланади.
Спорт разрядини берган ташкилот берилган спорт разрядларининг ҳисобини юритади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-боб. Спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш бўйича малака комиссияси
38. Мазкур Низомга асосан спорт унвонлари ва спорт разрядларини бериш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар ҳузурида малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссияси деб юритилади) тузилади. Малака комиссияси таркиби мазкур ташкилотларнинг раҳбарлари қарори билан тасдиқланади.
39. Малака комиссияси камида етти нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркибига малака комиссияси тузилган ташкилотнинг таркибий бўлинмалари вакиллари, шунингдек спортнинг тегишли тури бўйича республика (вилоят) спорт федерациялари (уюшмалари), спорт турлари бўйича олий спорт маҳорати мактаблари ва бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари вакиллари келишув асосида киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
40. Малака комиссияси раиси ва аъзолари ўз хоҳишига кўра ёки зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда аниқланган қоида бузишлари учун малака комиссиясини тузган ташкилот раҳбарининг қарорига мувофиқ комиссия таркибидан чиқарилиши мумкин.
41. Малака комиссияси мажлиси унда комиссия аъзоларининг 2/3 қисми қатнашган тақдирда тўла ҳуқуқли ҳисобланади. Қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Малака комиссияси қарори унинг мажлисида қатнашган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилиги овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
42. Спорт унвонини бериш тўғрисидаги тақдимномалар ҳар чоракда, спорт разрядларини бериш тўғрисидаги тақдимномалар эса, ҳар ойда малака комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Малака комиссияси мажлислари унинг раиси томонидан чақирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
43. Малака комиссияси қарорлари баённома шаклида расмийлаштирилади ва комиссия аъзолари томонидан имзоланади. Баённома малака комиссияси котиби томонидан юритилади.
7-боб. Якуний қоидалар
44. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
45. Мазкур Низом Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши билан келишилган.
Мудофаа вазири Қ. БЕРДИЕВ
2017 йил 4 июль
Ички ишлар вазири А. АЗИЗОВ
2017 йил 4 июль
Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши раиси Р. НИЯЗОВ
2017 йил 4 июль
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 35-сон, 935-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.12.2018 й., 10/18/2921-1/2341-сон; 08.04.2019 й., 10/19/2921-2/2893-сон, 03.12.2019 й., 10/19/2921-3/4103-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон, 12.11.2021 й., 10/21/2921-4/1043-сон; 16.07.2022 й., 10/22/2921-5/0644-сон; 24.11.2023 й., 10/23/2921-6/0883-сон; 26.02.2024 й., 10/24/2921-7/0151-сон; 01.07.2026 й., 10/26/2921-8/0662-сон)