Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш республика бюджети, Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
2017 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси кузатув кенгаш таркибига киради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кенгашнинг доимий асосда фаолиятини амалга оширувчи аъзоларига ва унинг ижро этувчи девони ходимларига олдинги иш жойида берилган кўп йиллик хизмати, махсус унвон ва мансаб даражалари учун қўшимча тўлов ва устамалар сақлаб қолинади, шунингдек Кенгашда ишлаган даври бошқа давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига ўтганда навбатдаги тегишли унвонлар олиш, шунингдек мансаб даражаси учун қўшимча тўловлар ва кўп йиллик хизмат қилганлигига устамалар тўлаш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади;
Кенгашнинг доимий асосда фаолиятини амалга оширувчи аъзоларига имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 октябрдаги 312-сонли қарори асосида амалга оширилади.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5006-сон «Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгашини шакллантириш тўғрисида»ги Фармонига асосан Кенгаш раиси моддий, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига тенглаштирилган.
Кенгаш раиси ўринбосари ва Кенгашнинг доимий асосда фаолиятини амалга оширувчи аъзолари моддий, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларига тенглаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгашининг ижро этувчи девони ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимлари учун белгиланган тиббий таъминот шарт-шароитлари сақлаб қолинсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017 йилда Кенгашнинг жорий молиявий таъминоти учун маблағлар ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ушбу қарорни рўёбга чиқариш билан боғлиқ харажатларни назарда тутсин.
Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси Кузатув кенгаши Кенгашнинг асослантирилган ҳисоб-китобига мувофиқ 2017 йилда идора мебеллари, компьютер ва бошқа ташкилий техника билан жиҳозлаш учун зарур бўлган маблағларни ажратсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг балансидаги асосий воситалар Кенгаш балансига ўтказилсин.
5. Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Хўжалик фаолияти бошқармаси автохўжалиги томонидан бериладиган учта хизмат енгил автомобили учун лимит белгилансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О. Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 4 май,
ПҚ-2951-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 22-сон, 417-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.10.2017 й., 06/17/5209/0140-сон; 07.01.2019 й., 07/19/4096/2427-сон; 23.08.2025 й., 06/25/141/0772-сон)