Қашқадарё вилояти ҳокимининг
Қарори
Қашқадарё вилоятининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва маҳаллий бюджети параметрлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 52-I-сон) 28-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йил 11 ноябрдаги 276-III сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йил 3 декабрдаги СҚ-61-III-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида»ги Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2455-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993., 320-модда)нинг 6-моддасига асосан, қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2455-сон ва Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг 2015 йил 28 декабрдаги «Вилоят маҳаллий бюджетнинг 2015 йилдаги кутилаётган ижроси ҳамда 2016 йилги бюджети параметрлари тўғрисида»ги 42/10-5-сонли қарорлари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози 1-иловага;
маҳаллий бюджетнинг асосий параметрлари 2-иловага;
Қарши шаҳар ҳамда туманлар маҳаллий бюджетларининг даромадлар ва ҳаражатлар ҳажмлари, вилоят бюджетидан бериладиган мақсадли субвенцияларнинг ва ўтказиб бериладиган даромадларнинг чекланган миқдорлари 3-иловага;
Қарши шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқлар тушумларидан ажратмалар нормативлари 4-иловага;
Қарши шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетлари айланма касса маблағининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 5-иловага;
маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари 6-иловага;
савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига, шунингдек шу соҳага тегишли микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкалари 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(* 1 — 7 иловалар берилмайди.)
3. 2016 йил учун вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси 2174,2 млн.сўм миқдорида белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги ПҚ-2455-сон қарорига асосан:
қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиз;
Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидентлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ставкалари 10 фоиз;
белгиланган солиққа тортиш объектларидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,6 фоиз, Ўзбекистон Республика Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,4 фоиз ва Ўзбекистон Республика Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 0,5 фоиз;
маблағларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорининг тегишли иловасида келтирилган нормативларга мувофиқ тақсимланган ҳолда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз;
фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 7,5 фоиз миқдорида белгиланганлиги;
юридик шахслардан олинадиган даромад (фойда) солиғи ставкалари;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари;
ягона солиқ тўлови ставкалари;
тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари;
якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
имзоланадиган бонус ва тижорат топилмаси бонуси ставкалари;
айрим турдаги маҳсулотлар бўйича қўшимча фойда солиғи ставкалари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари;
ягона ер солиғи ставкалари;
Ўзбекистон Республика Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ажратмалар ва йиғимлар ставкалари;
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара ҳақи ставкалари тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларнинг барча даражалардаги маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларини шакллантиришдаги роли, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш мақсадида қуйидаги умумдавлат солиқлари:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ;
якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ;
Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ўсимлик мойи ва пиво маҳсулотининг акциз солиғи бўйича тушумлар;
давлат божи, йиғимлар ва жарималар тўлиқ миқдорда шаҳар ва туманнинг маҳаллий бюджетлар даромадларига ўтказилиши белгилаб қуйилганлиги маълумот учун қабул қилиниб, ижрога йўналтирилсин.
6. Вилоят ҳокимлиги молия бошқармасига маҳаллий бюджетларга бюджетдан мақсадли субвенциялар ва бюджет ссудалари (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутларини қоплаш учун) ажратишда уларнинг миқдорларини ҳудудлар бўйича барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушушидан, шунингдек маҳаллий бюджетнинг биринчи навбатдаги харажатларини (иш ҳақи, иш ҳақидан ажратмалар, стипендиялар, нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловларни) сўзсиз молиялаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштириш ҳуқуқи берилсин.
7. Вилоят Иқтисодиёт Бош бошқармаси тегишли ташкилотлар билан биргаликда 1-иловага* мувофиқ тасдиқланган вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозининг бажарилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриб борсин.
8. Қашқадарё вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси, вилоят ғазначилик бошқармаси, вилоят Марказий банк Бош бошқармаси билан биргаликда 2016 йилнинг январь ойида ўтказилган операцияларни 2015 йилги маҳаллий бюджетнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирган ҳолда, 2015 йилги маҳаллий бюджет ижроси бўйича қонун хужжатларида белгиланган тартибда якуний операцияларни ўтказсинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 22 декабрдаги ПҚ-2455-сон қарорининг 36-иловасига мувофиқ. 2016 йил 1 январдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1245-сонли Қарори 24-бандининг амал қилиши 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилгани маълумот учун қабул қилинсин.
10. Вилоят ҳокимининг 2014 йил 19 декабрдаги Х-376/12-сонли қарори 2016 йил 1 январдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғ. Джавлиев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким З. РУЗИЕВ
Қарши ш.,
2016 йил 11 январь,
Х-6/01-сон