Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган техник талабларни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 26 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2816]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 56-сон «Тадбиркорлик субъектларининг банк иши соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиши тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган техник талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгандан сўнг кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 25 июнь,
18/2-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2016 йил 25 июндаги 18/2-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган
техник талаблар
Мазкур Техник талаблар Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги 56-сон «Тадбиркорлик субъектларининг банк иши соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиши тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган талабларни белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий талаблар
1. Касса тармоғи банк ва унинг филиали биносидаги бошқа таркибий бўлинмаларидан алоҳида ажратилган бўлиши ва бинонинг биринчи қаватида жойлашиши шарт.
Касса ҳужжатларини ўзаро алмашинувида қулайлик яратиш мақсадида бухгалтерия бўлими касса тармоғига яқин жойлаштирилиши лозим.
2. Касса тармоғи таркибида қуйидаги асосий хоналар бўлиши лозим:
пул омбори;
пул омбори олд хонаси;
кечки касса хонаси ёки пул омбори;
инкассация қоп (халта)ларини қабул қилиш хонаси;
пулни қайта санаш касса хонаси;
кирим ва чиқим касса хоналари;
кассирларнинг шахсий буюмларини сақлаш хонаси;
маиший-хўжалик хоналари;
инкассация автомашиналарини бўшатиш бокси (бундан буён матнда инкассация бокси деб юритилади).
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Касса тармоғи таркибида валюта айирбошлаш шохобчаси ва омонат (жамғарма) касса хоналарини жойлаштирилишига рухсат этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Касса тармоғининг барча хоналари ўзаро яқин ва қулай жойлашган бўлиши лозим.
5. Касса тармоғидаги қимматликлар билан ишлаш жараёнини бегона шахслар томонидан кузатиш имконияти бўлмаслиги керак.
6. Касса тармоғи ва унинг хоналари қимматликларнинг ҳажми келгусида ортишини инобатга олган ҳолда қурилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Касса тармоғи хоналари
7. Касса тармоғи хоналари эшиклари ва йўлакларининг эни юк аравачаларини (ўлчами 700 х 1200 мм) эркин ҳаракатини таъминлайдиган кенгликда қурилиши лозим.
8. Касса тармоғидаги барча хоналар полларининг сатҳи бир хил даражада бўлиши керак.
9. Касса тармоғининг барча хоналаридаги деразаларга ички томондан камида 16 мм диаметрли симдан ясалган ва тешиклари кўпи билан 150 мм бўлган металл панжаралар ўрнатилиши лозим.
10. Касса мудирининг хонаси касса тармоғида ундан кирим ва чиқим касса амаллари бажарилишини кузатиш имкониятини берадиган бўлиб жойлашиши керак.
11. Кирим ва чиқим касса хоналари ҳар бирининг майдони камида 6 м2 бўлиши керак.
12. Кирим ва чиқим касса хоналарининг олд томони касса залига қараган бўлиши ва мижозларга қулай ҳолда жойлаштирилиши лозим.
13. Кирим ва чиқим касса хоналарининг касса зали томони полдан камида 2 м баландликдаги мустаҳкам девор (бузилиши, синдирилиши қийин мустаҳкам материаллар, қалинлиги 8 мм дан кам бўлмаган ойналар ёки зирҳли ойналар) билан тўсилади. Унда ўлчами 200 х 300 мм бўлган махсус дарча ўрнатилиши, дарчани ички томонига қулф ёки илгак ўрнатилган бўлиши керак.
Кирим ва чиқим касса хоналари мижозлардан касса ҳужжатлари ва нақд пулларни қабул қилиш ёки топшириш учун махсус ташувчи механизм (бункер) билан жиҳозланиши мумкин.
14. Мижозларга махсус дарчадан бажарилаётган касса операцияларини кузатиб туришлари учун имконият яратилган бўлиши лозим.
15. Кирим ва чиқим касса хоналарининг касса зали томонига мижозларга қулайлик яратиш мақсадида полдан 100 см баландликда, эни камида 45 см бўлган токча ўрнатилади.
16. Кирим ва чиқим касса хоналари ораси кассирлар столи баландлигидан бошлаб ойнабанд тўсиқлар билан тўсилган бўлиши ва касса операцияларини назорат қилиш имконияти яратилган бўлиши керак.
17. Кирим ва чиқим касса хоналари эшикларининг эни камида 90 см, ички ва ташқи томонидан қулфланадиган, йўлакка алоҳида чиқиш имкониятига эга бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Касса залида мижозларга кассадан олган нақд пулларни қайта санаши учун алоҳида хона ёки жой ажратилиши керак.
19. Касса тармоғига келиб тушган нақд пулларни саралаш, тахлаш, санаш ва ўраб-боғлаш учун қайта санаш кассаси хонаси ташкил этилади.
20. Қайта санаш кассаси хонасининг майдони битта ходимга камида 4,5 м2 майдон тўғри келишини ҳисобга олган ҳолда қурилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қайта санаш хонасининг деразалари бинонинг ташқари томонида жойлашганда, ушбу дераза панжаралари қўшимча ўлчами 5 х 5 см катакли металл тўрлар билан жиҳозланиши шарт.
21. Қайта санаш кассаси хонасида табиий ёруғлик бўлиши, бундан ташқари кассирлар иш жойларининг ёритилганлик даражаси камида 400 люксни ташкил этиши лозим.
22. Касса тармоғида майдони камида 10 м2 бўлган пул омборининг олд хонаси ташкил этилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
23. Пул омборининг олд хонаси пул омборига бевосита туташган бўлиши керак.
24. Пул омборининг олд хонасига сургучни қиздирганда чиқадиган ҳидни тортувчи махсус мослама ўрнатилган бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Пул омборининг олд хонасига дераза ўрнатиш тақиқланади.
26. Сақланадиган нақд пул ва бошқа қимматликларнинг ҳажмига қараб банклар ва уларнинг филиалларининг касса тармоғида бир нечта пул омбори қурилиши мумкин.
27. Пул омборига фақат битта йўл билан, яъни пул омборининг олд хонасидан кирилади.
28. Пул омборининг майдони камида 20 м2, баландлиги эса 2,7 м бўлиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Пул омборининг деворлари, поли ва шифти қалинлиги 20 см бўлган темир-бетон қобиқдан қуйилади. Унинг деворлари фақат ички хоналарга туташган бўлиши лозим.
30. Пул омбори темир-бетон қобиғининг атрофи қалинлиги камида 38 см бўлган пишган ғиштдан қурилган қўшимча девор билан ўралиши керак. Банк ва унинг филиали биносининг капитал деворлари бир вақтда пул омборининг қўшимча деворлари бўлиши мумкин.
31. Пул омбори банк биносининг ташқи деворларига туташтирмаган ҳолда бинонинг марказий қисмида жойлаштирилиши керак.
Агарда пул омборининг деворлари бинонинг ташқи (кўча ёки бошқа бино) деворларига туташган бўлса, улар ўртасида эни 90 — 120 см бўлган кузатиш йўлаги қолдирилиши лозим.
32. Пул омборининг пойдеворини камида 60 см қалинликдаги қуйма бетон ёки тошдан қурилиши лозим. Пойдевор билан темир-бетон қобиқ оралиғида мустаҳкам гидроизоляция бўлиши лозим.
Пул омборининг тагида техник ертўлалар қуриш ман этилади.
33. Пул омборининг шипи 20 см қалинликдаги яхлит темир-бетон қобиқ ва ташқи ёпувчи плитадан иборат бўлади. Бунда, темир-бетон қобиққа бино томининг оғирлиги тушмаслиги керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Агар, банк биноси бир қаватли бўлса, у ҳолда пул омбори қобиғининг устки юзаси билан ёпувчи плита ўртасидаги оралиқ 25 см бўлиши лозим.
34. Пул омбори учун темир-бетон қобиқлар фибро-арматурали темир-бетондан тайёрланиши керак. Темир-бетон қобиқ учун мустаҳкамлиги 400 — 500 кг/см2 бўлган бетон қоришмаси ишлатилиши лозим.
Бетон қоришмаси М 400 — 500 маркали цемент, катталиги 15 — 20 мм бўлган гранит ёки диабаз шағали, 2 модулдан кам бўлмаган қум, диаметри 0,5 — 1,0 мм бўлган ва узунлиги 30 мм бўлган сим кесимларидан тайёрланиши керак.
Бетон қоришмаси таркиби қуйидагича бўлиши лозим:
горизонтал элемент учун — 490 кг цемент, 650 кг қум, 1025 кг шағал, 100 — 120 кг сим қирқими ва 195 литр сув ҳамда чўкиш миқдори 2 — 4 см;
вертикал элемент учун — 525 кг цемент, 630 кг қум, 980 кг шағал, 100 — 120 кг сим қирқими ва 210 литр сув ҳамда чўкиш миқдори 4 — 6 см.
35. Бетон қоришмаси қуйилаётганда у вибратор билан зичланиши, сўнг 10 кун давомида бетон қотиши ва зарур ҳарорат билан таъминланиши учун намлаб турилиши керак.
36. Темир-бетон қобиқ арматураси А-Ш гуруҳидаги 16 мм диаметрли, 100х100 мм ўлчамдаги уячали иккита металл панжарадан тайёрланиб, оралиғи 100 мм бўлади. Бунда, бир панжара арматураларининг кесишган тугуни иккинчи панжара катакчаларининг ўртасига тўғри келиши лозим.
37. Пул омбори эшиклари зирҳли бўлиши керак. Пул омборига ички металл панжарали эшик ўрнатилиши лозим.
38. Пул омборига вентиляция ўрнатилиши шарт. Вентиляцияни лойиҳалаш вақтида у ерда ҳароратнинг 18 — 25 о С даражада сақланиши, ҳавонинг нисбий намлиги 45 — 60 фоизини ташкил этиши ва 3 карра ҳаво алмашинишини таъминланиши ҳисобга олиниши лозим.
Пул омбори деворларининг пастки ва юқори қисмларида ҳаво алмашинуви учун махсус ҳимояланган вентиляция коваклари ўрнатилиши керак.
Ковакларда 40 — 50 мм диаметрдаги букилган шаклдаги металл ёки пластмасса трубалар жойлаштирилиб, пул омбори ташқарисидан суюқликларни қуйишга имкон бўлмаслиги керак.
39. Пул омбори ёпиқ турдаги ёритқичлар билан жиҳозланиши керак.
Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.
40. Пул омборининг ёритилганлик даражаси камида 100 люкс бўлиши керак.
41. Механизация воситалари ва қўриқлаш сигнализациясини электр манбаига улаш учун пул омбори деворида 20 мм ва 15 мм диаметрли охирги учи эгилган металл қувурлар ўрнатилган бўлиши керак.
Металл қувурнинг биридан кучли ток ва иккинчисидан кучсиз ток кабеллари алоҳида ўтказилиши керак. Уларнинг жойлашиши ўрнатиладиган механизация комплекси сонига кўра белгиланиши лозим. Фойдаланилмайдиган металл қувурларнинг икки учи беркитилган бўлиши шарт.
42. Пул омбори икки табақали металл жавонлар билан жиҳозланиши керак. Уларнинг барчаси қулфланадиган бўлиши лозим.
43. Инкассация хизматидан пуллик қоп (халта)ларни қабул қилиш учун кечки касса хонаси ташкил этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кечки касса хонаси инкассация бокси ёки қимматликларни тушириш жойига яқин ва қулай жойда жойлаштирилиши керак.
44. Кечки касса хонаси бир вақтнинг ўзида кечки касса пул омборининг олд хонаси вазифасини бажариши мумкин. Бунда, мазкур хона қайта санаш кассасига яқин жойлашиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
45. Кечки касса пул омборининг олд хонаси мазкур Техник талабларнинг 22 — 25-бандларига мувофиқ қурилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
46. Кечки касса хонаси бир вақтнинг ўзида кечки кассанинг пул омбори вазифасини бажариши мумкин. Бунда, кечки кассага келтирилган инкассация қоп (халта)лари махсус ёнмайдиган сейфларда сақланади.
47. Кечки касса пул омбори мазкур Техник талабларнинг 27, 29 — 39-бандларига мувофиқ қурилиши ва унинг майдони камида 10 м2 ва баландлиги 2,7 м бўлиши лозим.
48. Банклар ва уларнинг филиалларида инкассация бокси ташкил этилиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
49. Инкассация бокси майдони қимматликларни ташиш учун мўлжалланган инкассация автомашиналарининг эркин киришига етарли бўлиши ҳамда қимматликларни автомашиналарга ортиш ва тушириш учун мўлжалланган эни 2 м, баландлиги 74 см бўлган майдонча билан таъминланган бўлиши лозим.
Майдончанинг сатҳи касса тормоғи хоналари полларининг сатҳи билан бир хил бўлиши лозим.
Инкассация боксининг автомобиль кириш дарвозаси қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаган металлдан (мустаҳкамлиги шундан кам бўлмаган бошқа материаллардан) тайёрланади.
50. Касса тармоғида операцион касса хоналаридан ташқари кассирларнинг шахсий буюмлари ва кийимларини сақлаш учун хона ҳамда маиший-хўжалик хоналари ташкил этилади.
51. Касса тармоғида иккита кириш эшиги бўлиши лозим:
биринчиси — банк биносидан кириш эшиги;
иккинчиси — банк ҳовлисидан ёки инкассация боксидан кириш эшиги.
52. Касса тармоғига банк биносидан кириш эшигига кўриш туйнукчаси ҳамда кодли қулф ёки ўзи қулфланадиган мослама ўрнатилиши лозим.
53. Касса тармоғига банк ҳовлисидан ёки инкассация боксидан кириш эшиги тахтадан ёки қалинлиги 2 мм дан кам бўлган металлдан бажарилганда, қўшимча равишда қулфланадиган металл панжара билан жиҳозланади.
54. Касса тармоғининг барча хоналари ҳавони алмаштириб турувчи вентиляция билан жиҳозланиши керак.
3-боб. Касса тармоғининг қўриқлаш, ёнғиндан хабар бериш ва хавфдан огоҳ этиш воситалари билан жиҳозланиши
55. Касса тармоғи қўриқлаш, ёнғиндан хабар бериш ва хавфдан огоҳ этиш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
56. Касса тармоғида фойдаланиладиган электр техник воситалар ерга уланиши лозим.
57. Касса тармоғининг электр тармоғи ва ёритиш жиҳозлари ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига жавоб берадиган ҳолда ўрнатилиши лозим.
58. Пул омбори хонасининг ёритиш тизимини ўчириб ёқиш қурилмаси пул омборининг олд хонасига ўрнатилиши керак.
4-боб. Якуний қоидалар
59. Мазкур техник талабларни бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
60. Ушбу техник талаблар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишилган.
Ички ишлар вазири А. АХМЕДБАЕВ
2016 йил 17 июнь
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б. ЗАКИРОВ
2016 йил 10 июнь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 30-сон, 366-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.07.2020 й., 10/20/2816-1/1337-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 25.04.2023 й., 10/23/2816-2/0227-сон; 30.12.2025 й., 10/25/2816-3/1246-сон)