Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг
буйруғи
Суғурталовчилар томонидан йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 1 мартда 2564-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2014 йил 17 февралдаги 9-сон буйруғи (рўйхат рақами 2564, 2014 йил 28 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 9-сон, 102-модда) билан тасдиқланган Суғурталовчилар томонидан йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 22 февраль,
6-сон
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2016 йил 22 февралдаги 6-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Суғурталовчилар томонидан йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартириш
1. 1-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Акциядорлик жамияти бўлган суғурталовчи Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботни у Халқаро аудит стандартларига мувофиқ ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин эълон қилади.».
2. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Суғурталовчи йиллик молиявий ҳисоботни мажбурий аудиторлик текшируви якунланганидан кейин ўн беш кун ичида, лекин суғурталовчининг юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин, ўзининг расмий веб-сайтида ва молиявий-иқтисодий йўналишдаги республика босма нашрларида эълон қилади. Бунда суғурталовчи томонидан, акциядорлик жамияти бўлган суғурталовчи бундан мустасно, босма нашрларда йиллик молиявий ҳисоботнинг фақат қуйидаги шакллари (қисқартирилган шаклда бўлиши мумкин) суғурталовчининг расмий веб-сайтида эълон қилинган йиллик молиявий ҳисоботига ҳавола мажбурий тартибда кўрсатилган ҳолда эълон қилинади:
«Бухгалтерия баланси» — 1-сонли шакл — суғурта;
«Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот» — 2-сонли шакл — суғурта.».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 9-сон, 96-модда)