Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАЛЮТА АЛМАШТИРИШ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 7 октябрдаги 434-сонли «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳамда айримларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Биржадан ташқари ички валюта бозорида валюта алмаштириш операциялари ҳажмини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1.Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг хорижий валюта билан операцияларни ўтказиш бўйича бош лицензияларга эга бўлган ваколатли банкларга ўзларининг алмаштириш пунктлари орқали нақд хорижий валютани эркин сотиб олиш ва сотиш операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2.Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Валюта бозорини янада эркинлаштириш ва валюта алмаштириш операцияларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2000 йил 30 июндаги 250-сон қарори 2-бандининг иккинчи хатбоши;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2000 йил 5 декабрдаги 467-сон қарорига 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3.Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг раиси Ф.М.Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 17 январь,
34-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 1-2-сон, 5-модда)