Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
СОЛИҚ ВА БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ АКАДЕМИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 704-сонли «Давлат солиқ хизмати органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни тартибга солиш ва такомиллаштириш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ республика солиқ ва божхона органлари учун мутахассисларни мақсадли тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ўқув марказлари базасида солиқ ва божхона кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Солиқ ва божхона органлари Академияси (кейинги ўринларда Академия деб аталади) ташкил этилсин.
Белгилансинки:
Академия ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасаси ҳисобланади;
Академияда тингловчиларни ўқитиш кундузги ва сиртқи шаклларда амалга оширилади;
Академияга солиқ ва божхона коллежларини тамомлаганлар 4 йил муддат билан бакалаврлар тайёрлаш дастури бўйича ўқитиш учун, олий ўқув юртларини тамомлаганлар қисқартирилган бир йиллик дастур бўйича қайта тайёрлаш учун қабул қилинади;
Академия базасида солиқ ва божхона органлари ходимлари учун ўқитиш муддати 3 ойгача бўлган малака ошириш курслари ташкил этилади;
Академия тингловчилари учун ўқиш даври солиқ ва божхона органларидаги хизмат стажига қўшилади, Қуролли Кучлар сафларида хизматни ўтамаганлар учун эса муддатли ҳарбий хизмат муддати ҳисобланади;
Академияни тамомлаганларга белгиланган намунадаги диплом ва тегишли равишда божхона хизматининг лейтенанти ёки солиқ хизматининг III даражали инспектори махсус унвонлари берилади.
Академиянинг бошлиқлар, профессор-ўқитувчилар таркибига ва тингловчиларига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ходимларининг тегишли тоифалари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, имтиёзлар, буюмлар, озиқ-овқатлар билан таъминлаш нормалари ва белгиланган бошқа нормалар татбиқ этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Академия тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Солиқ ва божхона органлари Академияси бошлиғига Академия тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритишга рухсат берилсин.
Академиянинг бошлиқлар ва профессор-ўқитувчилар таркиби штатдаги ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 13 мартдаги 87-сон қарори 2-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тизими ходимларини қисқартиришда бўшаб қолган ходимлар сони ҳисобига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси ўқув марказларининг штатдаги ходимлари сонини тегишли равишда 23 ва 20 кишига қисқартириш ҳисобига, ходимларни 2-иловага мувофиқ босқичма-босқич қабул қилган ҳолда, 212 кишидан (хизмат кўрсатувчи ва ёрдамчи ходимлардан ташқари) иборат этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги ва Меҳнат вазирлиги билан келишган ҳолда, Академия ходимларининг штат жадвалини тасдиқланган тузилмага мувофиқ бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда Академия тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
Академияда солиқ ва божхона кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича машғулотларнинг 2001 йил 1 сентябрдан бошланишини таъминласинлар;
Академиядаги таълим йўналишлари бўйича ўқув режаларини, дастурларини ҳамда ўқув-услубий ҳужжатларни ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар;
2001/2002 ўқув йили бошлангунгача, ўқув жараёнини ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, ўқитувчи кадрларни танлов асосида танлаш тизимини ишлаб чиқсинлар ва шу асосда Академиянинг профессор-ўқитувчилар таркибини юқори малакали мутахассислар билан тўлдирсинлар;
Давлат тест маркази билан келишган ҳолда, Академияга тингловчиларни танлаш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
5. Солиқ ва божхона органлари Академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси 2001/2002 ўқув йилида «Солиқлар ва солиққа тортиш» ҳамда «Божхона иши» факультетларига қуйидаги дастурлар бўйича тингловчилар қабул қилинишини таъминласинлар:
бакалаврлар тайёрлаш тўлиқ дастури бўйича ҳар бири 25 кишидан иборат иккитадан гуруҳ;
бир йиллик қайта тайёрлаш дастури бўйича ҳар бири 25 кишидан иборат биттадан гуруҳ.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда Академияни озиқ-овқат, ашёвий мулклар, мебеллар ва казарма жиҳозлари, озиқ-овқат хизмати анжомлари ва автотранспорт воситалари билан таъминлашнинг белгиланган нормаларини бир ой муддатда тасдиқласинлар.
7. Академия Тошкент шаҳар, Собир Юсупов кўчаси, 3-уй ва Муқимий кўчаси, 166-уйдаги Тошкент солиқ коллежи ва Давлат солиқ қўмитасининг ўқув маркази биноларига жойлаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ой муддатда:
Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш фонди («Бизнес фонд») ва «Мадад» суғурта агентлигининг Собир Юсупов кўчаси, 1-уйда жойлашган биносини ҳамда «Ўзбексавдо» акциядорлик компанияси ўқув марказининг Собир Юсупов кўчаси, 3-уйда жойлашган биносини (туташ ҳудудлари билан) қолдиқ баланс қиймати бўйича Академия балансига берсинлар. Берилаётган бинолар учун тўлов Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси махсус фондлари маблағлари ҳисобига амалга оширилсин;
берилаётган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкаларини тўловсиз ажратсинлар;
Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш фонди («Бизнес фонд»)ни ҳамда «Мадад» суғурта агентлигини жойлаштиришни таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси харажатлар сметаларига ва штат жадвалларига тегишли ўзгартиришлар киритсин;
2001 йилдан бошлаб солиқ ва божхона органлари Академиясини таъминлаш учун белгиланган тартибда зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Академия учун ошхона, ёрдамчи трансформатор станцияси ва назорат-ўтказиш пункти қурилишини, унинг бино ва иншоотларини реконструкция қилишни 2001 йил инвестиция дастурига киритсинлар.
10. «Ўзбекенгилсаноат», «Ўзгўштсутсаноат» давлат уюшмалари, «Ўздонмаҳсулот» давлат корпорацияси ва «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» компанияси, «Ўздавзахира» бош бошқармаси Академия ўқувчиларини формали кийим-бош ва озиқ-овқатлар билан таъминлашга кўмаклашсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 майдаги 175-сон фармойиши ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Ў.Т.Комилов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С.Кароматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 10 январь,
16-сон
Солиқ ва божхона органлари Академияси тузилмаси
Кейинги таҳрирга қаранг.
Солиқ ва божхона органлари Академиясининг
Штатдаги ходимлари сони
|
Лавозимлар тоифаси номи |
Лавозимлар сони | |||||
|
Ҳаммаси |
шу жумладан: йиллар бўйича киритилади | |||||
|
2000 |
2001 |
2002 |
2003 |
2004 | ||
| Ҳаммаси: |
212 |
87 |
59 |
38 |
18 |
10 |
| шу жумладан: | | | | | | |
| Олий бошлиқлар таркиби |
1 |
1 |
0 |
0 |
0 |
0 |
| Катта бошлиқлар таркиби |
143 |
65 |
36 |
26 |
11 |
5 |
| Ўрта бошлиқлар таркиби |
54 |
15 |
15 |
12 |
7 |
5 |
| Кичик бошлиқлар таркиби |
14 |
6 |
8 |
0 |
0 |
0 |
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 1-2-сон, 3-модда; 2003 й., 9-10-сон, 77-модда)