Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н. Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб ва муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан 2011 йилда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш борасида мамлакатда экологик вазиятни соғломлаштиришга, шунингдек бу соҳада хўжалик юритувчи субъектларни текширишларни ташкил этишни тартибга солишга қаратилган муайян ишлар олиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолияти ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов томонидан 2010 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекиcтон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгилаб берилган вазифаларни бажаришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2011 йил 26 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2010 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида»ги 181–II-сонли қарорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ҳам амалга оширилган. Хусусан, табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини бошқаришнинг иқтисодий усулларини такомиллаштириш учун атроф табиий муҳитга етказилган экологик зарарни ҳисоблаб чиқариш услуби ишлаб чиқилган ҳамда амалдаги норматив ҳужжатларга ўзгартишлар киритилган, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг қишлоқ врачлик пунктларида ҳамда олисдаги фермер хўжаликларида фотоэлектрик станциялар ва биогаз қурилмаларини ўрнатиш бўйича ишлар амалга оширилган, географик ахборот тизимлари технологияларини қўллаган ҳолда Айдар-Арнасой кўллар тизимининг ҳозирги ҳолати ва ўзгариш динамикаси мониторинг қилинган, балиқ питомниклари ташкил этиш бўйича ишлар бажарилган ҳамда шу мақсадлар учун тадбиркорлар ва фермерларга табиатни муҳофаза қилиш жамғармаларининг маблағлари ажратилган, «Жайрон» экомарказини ва Ҳисор қўриқхонасини асраш ҳамда ривожлантириш бўйича ишларни олиб боришга 78,0 млн сўм ўзлаштирилган.
Мамлакатда экологик хавфсизлик масалаларини ҳал этишга комплекс ёндашувни таъминлаш мақсадида Оролбўйида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича тадбирлар режаси амалга оширилган, Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг ифлосланишини мониторинг қилиш дастури ва Гидрохлорфторуглеродларни истеъмолдан чиқариш миллий стратегиясини рўёбга чиқариш, Биохилмахилликни асраш бўйича миллий стратегияни ва Ҳаракатлар дастурини такомиллаштириш соҳасида ишлар давом эттирилган, Ўзбекистон Республикасининг энг муҳим балиқчилик хўжалиги ҳавзаларини паспортлаштириш ўтказилган, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилган. Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикасида 2009-2011 йилларда балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини бажариш ишлари тугалланган. Дастурни бажариш доирасида 2011 йилда 171 та янги хўжалик ташкил этилган ва 2012 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 1301 та балиқчилик хўжалиги ишлаб турибди.
Ангрен, Андижон, Бухоро, Тошкент, Чирчиқ ва Фарғона шаҳарларида, Сариосиё туманида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормаларигача пасайтириш бўйича тадбирлар режалари ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Бажарилган тадбирлар натижасида Андижон, Чирчиқ ва Фарғона шаҳарларида атмосфера ҳавосининг аммиак билан, Бухоро шаҳрида углерод оксиди билан ифлосланиши санитария-гигиена нормаларигача пасайтирилган. Шу билан бирга, санитария-гигиена нормалари Бухоро шаҳрида чанг бўйича 1,3 баравар, Ангрен шаҳрида аммиак бўйича 1,5 баравар, Тошкент шаҳрида азот диоксиди бўйича 1,3 баравар, Сариосиё туманида фторли водород бўйича 1,6 баравар юқорилигича қолмоқда. Бу мазкур шаҳарларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини пасайтириш бўйича тадбирларни давом эттириш зарурлигини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 19 сентябрдаги 212-сонли қарори билан тасдиқланган 2008 – 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурини рўёбга чиқариш мақсадида 2011 йилда Дастурда назарда тутилган 78 та тадбирнинг 31 таси бажарилган, 40 та тадбир бажарилмоқда. Айни вақтда, 2011 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилишга доир ҳудудий ҳаракат дастурларида режалаштирилган 289 та тадбирдан 52 таси бажарилган, 226 таси бажарилмоқда, битта тадбир бўйича бажариш муддатларини кўчириш масаласи кўриб чиқилмоқда, тўртта тадбир бўйича уларни рўёбга чиқариш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги ПҚ-1446 ва 2011 йил 4 октябрдаги ПҚ-1623-сонли қарорларига мувофиқ кейинги муддатларга сурилган, олтита тадбир (Қорақалпоғистон Республикасида, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида) бажарилмаётир. Республика дастурида ва ҳудудий дастурларда назарда тутилган айрим тадбирларни бажариш муддатлари қонун ҳужжатлари билан узайтирилган. Умуман олганда, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2008–2012 йилларга мўлжалланган ҳудудий ҳаракат дастурларини рўёбга чиқариш жараёнида 2011 йилда 658,9 млрд сўм, 20,7 млн АҚШ доллари, шу жумладан республика ва маҳаллий табиатни муҳофаза қилиш жамғармаларининг 295,5 млн сўм маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг 56,6 млрд сўмдан ортиқ маблағлари, корхоналарнинг 601,9 млрд сўмдан ортиқ, 2,3 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдоридаги маблағлари, 42,6 млн сўм ва 18,5 млн АҚШ долларидан ортиқ инвестиция маблағлари ўзлаштирилган.
Шу билан бирга, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан бирга иш олиб борилаётган бўлишига қарамай, ҳозирга қадар ўз ечимини талаб қилаётган муаммолар ва камчиликлар мавжуд.
Айрим маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан 2008-2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурини рўёбга чиқаришга доир тадбирларни белгиланган муддатларда бажаришга етарли эътибор берилмаётир. Чунончи, Ширин шаҳар (Ш. Тожибоев) ҳокимлиги томонидан «Ширин шаҳрининг оқова сувларини тозалаш бўйича иншоотлар қурилиши» лойиҳасини тугаллаш, «Ўзбекэнерго» ДАК (Б. Тешабоев) томонидан Янги-Ангрен ИЭСда электрфильтрларни реконструкция қилиш бўйича чиқиндиларни камайтиришга қаратилган ишларни тугаллаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмаётир.
Қорақалпоғистон Республикасида (М. Ерниязов), Қашқадарё (Т. Джураев), Навоий (Э. Турдимов), Сурхондарё (Н. Чориев), Тошкент (Р. Холматов) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (Р. Усмонов) атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тегишли ҳудудий ҳаракат дастурида белгилаб қўйилган биттадан тадбир бажарилмаётир. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудий дастурда назарда тутилган «Қорақалпоғистон Республикасининг аҳоли пунктларида ва туман марказларида мавжуд ахлатхоналарни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш» лойиҳасини, Сирдарё вилоятида «Вилоят шаҳарлари, туман марказлари ва аҳоли пунктларидаги мавжуд ахлатхоналарнинг ҳолатини талабларга мувофиқ яхшилаш ва янги ахлатхоналар қуриш» лойиҳасини ҳамда «Янгиер ва Гулистон шаҳарларидаги тозалаш иншоотларини капитал таъмирлаш» лойиҳасини, Тошкент вилоятида «Маиший ва заҳарли саноат чиқиндиларини сақлаш ва қайта ишлаш, шаҳар ҳамда туман марказларида, аҳоли пунктларида ахлатхоналар қуриш ва уларни реконструкция қилиш» лойиҳасини тугаллаш бўйича ишлар етарли ҳажмда олиб борилмаётир.
Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 7 февралдаги «Сурхондарё, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида Амударё дарёсининг сувни муҳофаза қилиш зонаси ва соҳилбўйи минтақасини белгилаш тўғрисида»ги 27-сонли ҳамда 2007 йил 9 февралдаги «Андижон, Наманган, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида Сирдарё дарёсининг сувни муҳофаза қилиш зонаси ва соҳилбўйи минтақасини белгилаш тўғрисида»ги 29-сонли қарорларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг органлари томонидан 2012 йилга қадар Амударё ва Сирдарё дарёларининг сувни муҳофаза қилиш зоналаридан экологик потенциал хавфли объектларни олиб чиқиш бўйича режа-графиклар бажарилиши устидан назорат амалга оширилмоқда. Аммо бу борадаги иш ҳам назорат самарасиз амалга оширилганлиги туфайли тугалланмай қолган. Натижада Сирдарё дарёсининг сувни муҳофаза қилиш зонасидан олиб чиқилиши керак бўлган 75 та объектнинг 40 таси олиб чиқилган, Амударё дарёсининг сувни муҳофаза қилиш зонасида жойлашган 21 та объектдан 10 таси олиб чиқилган. Бундан ташқари, Зарафшон, Норин, Чирчиқ, Сурхондарё, Қашқадарё ва Қорадарё дарёларининг сувни муҳофаза қилиш зоналаридан олиб чиқилиши керак бўлган 152 та экологик потенциал хавфли объектдан 143 таси олиб чиқилган. Тошкент шаҳри чегарасида Чирчиқ дарёси зонасида экологик соғломлаштириш бўйича 44 та тадбирдан фақат 37 тасининг бажарилиши таъминланган. Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Амударё дарёсининг сувни муҳофаза қилиш зонасидан олиб чиқилиши керак бўлган экологик потенциал хавфли 18 та объектдан атиги еттитаси олиб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталарининг 2011 йилга мўлжалланган қонунчилик ва назорат фаолияти режасига мувофиқ «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, соғлиқни сақлаш, экология соҳасидаги давлат дастурларининг Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ижро этилиши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан амалий ёрдам кўрсатиш йўли билан ўрганиб чиқилди.
Қайд этилган қонунларнинг ижро этилишини ўрганиш жараёнида Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муайян камчиликлар ва ҳал этилиши талаб қилинадиган вазифалар аниқланган.
Хусусан, «Тожикистон алюминий компанияси» давлат унитар корхонасининг таъсири Сурхондарё вилоятида экологик вазият ёмонлашувига сабаб бўлаётган асосий омилдир. «Тожикистон алюминий компанияси» атмосфера ҳавосига ҳар йили 23,0 минг тонна атрофида ифлослантирувчи моддалар, шу жумладан 122,0 тонна фторли водород чиқариб ташламоқда ва бу ҳолатнинг аҳоли саломатлигига ўта салбий таъсири давом этмоқда, Сурхондарё вилоятининг шимолий туманларида экологик вазият ёмонлашиб, иқтисодий зарар етказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида ушбу қонунларнинг бажарилишига етарлича эътибор қаратмаган.
Юқорида баён этилганларга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қapоp қилади:
1. Ўзбекистан Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Н. Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига (Н. Умаров) табиатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини амалга оширадиган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш дастурлари ишлаб чиқилиши ва рўёбга чиқарилишини амалга ошириш бўйича ўз ваколатларидан тўла фойдаланмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н. Умаров) манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда:
2008 – 2012 йилларда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ишлари дастурида ва тегишли ҳудудий дастурларда назарда тутилган тадбирлар самарали ва тўла-тўкис тугалланиши юзасидан таъсирчан чоралар кўрсин;
Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича 2013 – 2017 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури лойиҳаси 2012 йил 1 сентябрга қадар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилишини таъминласин;
«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ижро этилишини жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўргансин ва ўрганиш натижалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига 2012 йилнинг 1 августига қадар ахборот тақдим этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (Н. Умаров):
табиий ресурслардан, шу жумладан ер, сув, минерал-хом ашё ресурсларидан, биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича тадбирларни амалга ошириш борасидаги ишнинг самарадорлигини кучайтирсин;
мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек фуқаролар томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин;
манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан биргаликда биологик ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни мамлакатга олиб кириш ҳамда мамлакатдан олиб чиқиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш тартиби ҳамда қоидаларини такомиллаштириш ҳақида таклифлар тайёрласин;
2012 йилда ва келгусида экологик хавфсизликни таъминлаш учун атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини санитария-гигиена нормаларигача пасайтиришга, шунингдек мамлакат ҳудудидаги дарёларнинг ифлосланиш даражасини пасайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва уларнинг рўёбга чиқарилишини таъминласин;
қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатлар доирасида экологик потенциал хавфли объектларни мамлакатдаги йирик дарёларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналаридан олиб чиқиш бўйича ишлар ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чоралар кўрсин;
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ресурсларни тежайдиган, тоза технологияларни ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш соҳасидаги илмий-техникавий салоҳиятдан янада самарали фойдалансин;
экологик мониторинг, истиқболни белгилаш ва ахборот билан таъминлашнинг, шунингдек мамлакат ҳудудида табиий муҳитни трансчегаравий ифлосланишдан муҳофаза қилишнинг ягона тизимини такомиллаштирсин;
ўз ваколатлари доирасида экология фани, экологик таълим, тарбия ва маданият, шунингдек экологик билимларни тарғиб қилиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар кўрсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
балиқ захиралари камайиб кетишининг олдини олиш мақсадида мамлакатда балиқчилик тармоғини ривожлантиришга қаратилган тадбирларни бажариш бўйича таъсирчан чоралар кўрсин, балиқ овлаш билан шуғулланадиган ва балиқ урчитиш ҳамда мелиорация билан шуғулланмайдиган сув ҳавзаларининг ижарачилари билан муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга алоҳида эътибор қаратсин;
чиқиндиларни тўплаш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича амал қилиб турган пунктлар ва полигонларни белгиланган талабларга мувофиқ ҳолга келтириш, шунингдек бу соҳада режалаштирилган янги объектларни қуриш бўйича ишлар ўз вақтида бажарилишини ташкил этсин;
объектлар қуриш ва уларни жойлаштириш учун рухсатномалар бериш ҳамда ер ажратишни амалга ошириш вақтида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа тегишли қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этилишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ҳамда шаҳар Кенгашлари:
атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг мониторинги амалга оширилишини, сўнгра натижалари ўз сессияларида ҳамда тегишли соҳа қўмиталари ва доимий комиссиялари мажлисларида муҳокама қилинишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича эшитишни амалиётга жорий этсин;
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича тушунтириш тадбирларини ишлаб чиқсин ва режали асосда рўёбга чиқарсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, масъул давлат идоралари ушбу қарорни ижро этишнинг бориши тўғрисида 2013 йилнинг 10 февралига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
8. Ушбу қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси (X. Раззаков) зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 24 март,
СҚ-304-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 3-сон, 76-модда)