Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 18 январдаги ПФ-744-сон «Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ бош бошқармасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ қўмитасига айлантириш тўғрисида»ги Фармони билан ўз кучини йўқотди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида»ги Қонунга, МДҲ давлатларининг бож сиёсати принциплари тўғрисида 1992 йил 13 мартдаги Битимга мувофиқ ҳамда ягона давлат бож сиёсатини ўтказиш, республикани иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, наркотик моддалар, қурол-яроғ, ўқ-дори, портловчи моддалар контрабандасига қарши кураш самарадорлигини ошириш, шунингдек тақиқланган буюмларнинг қонунга хилоф равишда олиб келиниши ҳамда моддий ва маданий бойликлар олиб чиқиб кетилишини олдини олиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги товар-моддий бойликлар олиб чиқиб кетилиши устидан назорат қилувчи Давлат инспекциясининг Бош бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикасининг Давлат Божхона қўмитаси ташкил этилиб, у бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Давлат божхона қўмитасининг бошқармалари ташкил этилсин ва у бевосита Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитасига бўйсундирилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитаси ва унинг жойлардаги бўлинмалари ўзларининг амалий фаолияти халқаро ҳуқуқ меъёрларига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан тузган битимларига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига амал қиладилар.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат эканлиги белгилаб қўйилсин:
берилган ҳуқуқлар доирасида республиканинг иқтисодий хавфсизлигини пухта таъминлаш, бошқа давлатлар билан савдо ва валюта-молия муносабатларининг божга оид ишларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартиб миқдорда бож йиғимлари, пошлиналар, солиқлар ва бошқа тўловларни республика бюджетига ўз вақтида ўтказиш;
божхона ишлари масалалари бўйича республиканинг халқаро ҳамкорликда қатнашувини таъминлаш, божхона хизмати тармоқларини ривожлантириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикасининг божхона статистикасини шакллантириш ва юритиш;
республиканинг ички бозорини муҳофаза қилиш, хом ашё, материаллар, маҳсулот, қимматбаҳо буюмлар ва товарлар, шунингдек маданий ва тарихий мерос буюмлари, маънавий мулк объектлари ғайриқонуний равишда олиб чиқиб кетилишига йўл қўймаслик;
контрабандага ва божхона қоидалари бузилишига қарши кураш, наркотик моддалар, руҳиятга салбий таъсир қилувчи ва портловчи моддалар, қуроллар қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига чек қўйиш;
Ўзбекистон Республикасининг божхонага оид қонунида белгиланадиган бошқа вазифалар.
5. Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
— Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ товар-моддий бойликларни олиб келиш ҳамда уларни олиб чиқиб кетишга доир божхона қоидаларини ҳар қандай бузиш ҳолларига чек қўйиш, контрабанда буюмларини бошқа моддий бойликларни мусодара қилиш;
— республика Молия вазирлиги билан биргаликда савдога дахлдор бўлмаган муомалада Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиб кетиладиган ва унга олиб келинадиган буюмларга бож пошлиналари миқдорларига ўзгартишлар киритиш;
— Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиладиган валютанинг чекланган меъёрини кўриб чиқиш;
— Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига буюмларни олиб келиш ҳамда шу ҳудудга вақтинча олиб келинган буюмларни олиб чиқиб кетиш юзасидан белгиланган муддатни узайтириш;
— Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган (мулкчилик шаклидан, қайси идорага қарашли бўлишидан қатъи назар), вазирликлардан, идоралардан, ташкилотлардан, маҳаллий ҳокимият органларидан, ташқи иқтисодий фаолиятни қатнашчиларидан ташқи иқтисодий фаолиятни бож-тариф нуқтаи назаридан тартибга солиш вазифаларини ҳал қилиш, юклар ва мол-мулкни бир жойдан иккинчи жойга олиб боришда қонунийликни белгилаш, шунингдек тегишли бож тўловлари ва йиғимларини республика бюджетига тўлаш учун бухгалтерия маълумотлари, ҳисоботлар, маълумотномалар ҳамда бошқа материалларни олиш;
— республика ҳудудида рўйхатга олинган ташқи иқтисодий алоқаларнинг қатнашчиларини улар Ўзбекистон Республикасининг божга оид қонунларига қандай риоя этаётганликларини текшириб туриш;
— божхона иши масалалари бўйича МДҲ мамлакатлари ҳамда ажнабий давлатларнинг божхона хизматлари билан ҳамкорлик қилиш, республика Ҳукуматининг топшириғига биноан божга оид битимлар ва шартномаларни имзолаш.
6. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг амалдаги қонунларга мувофиқ қабул қилган қарорларини барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, мансабдор шахслар ва фуқаролар бажаришга мажбурдирлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ходимлари ўқ отиш қуролини, махсус воситалар ҳамда якка ҳимоя воситаларини сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқига ва зарур ҳолларда ички ишлар органларининг ходимлари учун белгиланган қоидаларга мувофиқ уларни қўлланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизимининг ходимлари учун махсус кийим-бош жорий этилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари учун белгиланган барча ҳуқуқлар ва имтиёзлар, хизматни ўташ, жумладан махсус ва шахсий унвонлар бериш, мансаб маошларига ва кўп йиллик хизматига устама ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари Давлат божхона қўмитасининг ходимларига тадбиқ этилади.
9. Божхона қўмитасининг ҳамда товар-моддий бойликлар олиб чиқиб кетилиши устидан назорат қилувчи Давлат инспекцияси Бош бошқармасининг ва уларга қарашли ҳудудий органларнинг балансида бўлган бинолар, иншоотлар, техника, қуроллар, автотранспорт, алоқа воситалари ва бошқа мол-мулк Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг тасарруфига бепул топширилсин.
10. Моддий-техника базасини ривожлантириш, ижтимоий дастурларни таъминлаш ва божхона хизматларининг ходимларига моддий ёрдам бериш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг махсус жамғармаси ташкил этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, ушбу жамғармага асосли ва қонуний равишда мусодара қилинган товар-моддий бойликлар тўла сотилиб, бюджетга тегишли тўловлар ўтказилган тақдирда шулардан тушган маблағнинг 20 фоизи, шунингдек савдога дахлдор бўлмаган муомалада бож йиғимлари, пошлиналар тарзида, контрабанда буюмларини сотишда хизмат кўрсатишдан олинадиган режадан ташқари даромадлар ҳисобига ташкил қилинади.
11. Ўзбекистон Республикасининг божга оид қонуни қабул қилингунга қадар «Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, чет эл инвестицияларини жалб этиш ва ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 24 июндаги Фармони, шунингдек СССР Божхона кодексининг ва «Бож тарифи тўғрисида» СССР қонунининг ушбу Фармонга ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид бўлмаган қоидаларига амал қилинсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Божхона комитетини ташкил этиш тўғрисида» 1991 йил 25 октябрда чиқарган Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси 15 кун муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг фаолиятини ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 10 август,
ПФ-451-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 10-сон, 407-модда; 1993 й., 7-сон, 285-модда; 1994 й., 1-сон, 40-модда)