Ўзбекистон Республикасининг қонуни
«ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ» ОРДЕНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. «Эл-юрт ҳурмати» ордени таъсис этилсин.
2. «Эл-юрт ҳурмати» ордени тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3. «Эл-юрт ҳурмати» орденининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
4. 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 266-модда; 1996 йил № 5-6, 63-модда; № 9, 120-модда) «Буюк хизматлари учун» ордени» деган сўзлардан сўнг «Эл-юрт ҳурмати» ордени» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 28 август,
664-I-сон
«ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ» ОРДЕНИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМ
1. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мамлакат мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланадилар.
«Эл-юрт ҳурмати» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланишлари мумкин.
2. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш ва уни топшириш «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
3. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган шахслар энг кам иш ҳақининг қирқ карра миқдоридаги бир йўла пул мукофотини оладилар. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. «Эл-юрт ҳурмати» ордени кўкракнинг чап томонига тақиб юрилади.
5. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда орден, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.
«ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ» ОРДЕНИ
Т А В С И Ф И
«Эл-юрт ҳурмати» ордени 1 микрон қалинликдаги олтин қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланади, у икки ёқлама нурлар таралувчи саккиз қиррали юлдуз шаклига эга. Юлдуз бурчаклари орасида зангори рангдаги шаффоф эмаль қопланган таралувчи нур тутамлари жойлашган. Юлдузнинг қарама-қарши қирралари оралиғидаги масофа 57 миллиметр. Нурларни ўз ичига олган доира диаметри — 52 миллиметр.
Орденнинг марказида чиқаётган қуёш, водийлар ва тоғлар фонида Регистон архитектура мажмуи тасвирланган. Фон рангли эмаль билан қопланган.
Тасвир атрофи 5 миллиметр кенгликдаги айлана билан ҳошияланган. Ҳошиянинг юқори қисмида, оқ фонда «EL-YURT HURMATI» сўзлари, ҳошиянинг пастки қисмида – яшил шаффоф эмаль билан қопланган дафна шохлари жойлашган.
Орқа томонида, пастки қисмида орден рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.
Орден Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи рангларидаги муҳайяр лента ўралган қадағичга илмоқча ва ҳалқа ёрдамида уланади.
Орден қалинлиги — 8 миллиметр.
Орден вазни — 62,5 грамм.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 9-сон, 163-модда; 1999 й., 1-сон, 20-модда; 2000 й., 5-6-сон, 153-модда; 2003 й., 9-10-сон, 149-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон )