Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил 5 ноябрда тақдим этилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг 2013 йил 14 ноябрдаги 770-II-сонли қарори билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджетини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатасининг 2013 йил 14 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги 770-II-сонли қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджетининг параметрлари қабул қилинсин, шунингдек Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1 фоиз миқдорида белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг оқибатларини ҳисобга оладиган, иқтисодиётни янада либераллаштиришга, макроиқтисодий ва молиявий-бюджет барқарорлигини таъминлашга, ички бозорни ҳимоя қилишга, аҳоли даромадларининг ва турмуш фаровонлигининг даражасини оширишга ҳамда инфляция даражасини мақсадли прогноз кўрсаткичлар доирасида сақлашга йўналтирилган таъсирчан ва самарали чораларни кўрсин;
мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида янги юқори технологик ишлаб чиқаришлар илдам ривожланишини таъминлашга, ишлаб турган қувватларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнларини тезлаштиришга йўналтирилган иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар дастурлари амалга оширилишини, ишбилармонлик муҳити ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий барқарорлигини тубдан яхшилашни давом эттирсин;
иқтисодиёт ва аҳоли даромадларига тушаётган солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича, янги корхоналар барпо этиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳисобига солиқ базасини кўпайтириш бўйича мамлакатда инвестиция муҳити яхшиланишига ва иш ўринларини ташкил этиш ҳамда ички талабни рағбатлантиришга ёрдам берадиган чоралар амалга оширилишини таъминласин;
ижтимоий соҳага давлат харажатларини оширишга, шу жумладан таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш харажатларини янада кўпайтириш йўли билан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича чораларни рўёбга чиқарсин, шунинг баробарида муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг манзиллилигини кучайтириш юзасидан чоралар кўрсин;
иқтисодиёт тармоқларини жадал инновацион ривожлантириш мақсадида давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида фанни, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш бўйича тадбирларни бундан буён ҳам амалга оширсин;
йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг, уй-жой-коммунал хўжалигининг ривожланишини жадаллаштириш ҳамда кўламларини кенгайтириш бўйича аҳоли турмушининг сифатини яхшилашга қаратилган дастурлар амалга оширилишини фаоллаштирсин;
қишлоқ аҳолисининг уй-жой-маиший шароитларини тубдан яхшилаш мақсадида тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларда хусусий уй-жой қурилиши кўламини кенгайтириш, айни вақтда қурилиш-монтаж ишларининг, шунингдек барпо этилаётган ижтимоий ва транспорт-коммуникация инфратузилмасининг сифатини ошириш бўйича чоралар кўрсин;
минтақаларнинг даромадлар базасини ошириш ва уларнинг юқори турувчи бюджетларга боғлиқлигини камайтириш мақсадида бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш бўйича ишларни кучайтирсин;
баҳолашнинг тегишли мезонларини ишлаб чиқиш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш, бюджет жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига бюджетни режалаштириш самарадорлигини оширишга эътиборни қаратсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тақчиллигини 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра республика бюджетининг зарурий айланма касса нақд маблағлари ҳажмидан ортиқча эркин қолдиқлари ва бошқа ноинфляциявий манбалар ҳисобидан молиялаштирсин;
солиқ-бюджет қонунчилигининг, шу жумладан янги Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг моҳияти, аҳамияти ҳамда механизмларини барча солиқ тўловчилар, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағини олувчилар эътиборига етказиш бўйича мунтазам равишда семинарлар ўтказсин ҳамда бошқа турдаги тушунтириш ишларини олиб борсин.
4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган параметрлари бажарилишини таъминласин, минтақаларнинг солиқ базасини кенгайтириш ва иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чораларни кўрсин, бюджет маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
5. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И. СОБИРОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 12 декабрь,
СҚ-399-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й., 12-сон, 367-модда)