Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
РЕСПУБЛИКАНИНГ ДАВЛАТ ТАЪМИНОТИДАГИ АҲОЛИСИ ТУРМУШ ДАРАЖАСИГА МАДАД БЕРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1991 йил 12 декабрдаги ПФ-306-сон «Эркин нарх белгилаш муносабати билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга доир тадбирлар тўғрисида» Фармони билан ўз кучини йўқотган.
Республиканинг давлат таъминотидаги аҳолиси моддий ва ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни таъминлаш мақсадида:
1. 1992 йилнинг 1 январидан бошлаб халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, ижтимоий таъминот, фан ва уй-жой-коммунал тармоқлар (номоддий ишлаб чиқариш соҳалари) ходимларининг иш ҳақи ўрта ҳисобда 40—50 фоиз оширилсин.
2. Олий ўқув юртлари студентларининг, техникумлар ҳамда республика ҳукуматининг қарорларига биноан кийим-кечак ва овқат билан таъминланмаётган ҳунар-техника билим юртлари талабаларининг стипендиялари 1992 йилнинг 1 январидан бошлаб ўрта ҳисобда 30 фоиз оширилиб, имтиёзли овқатланишга қўшимча ҳақ аввалги миқдорда сақлаб қолинсин.
3. 1992 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш ҳақи ва меҳнат нафақасининг энг кам миқдори ойига 200 сўм ҳажмида белгилансин. Бунда ишламайдиган пенсионерларга бериладиган компенсация тўловлари аввалги миқдорда сақлаб қолинсин.
4. 1992 йилнинг 1 январидан бошлаб фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромадларининг энг кам миқдори ойига 200 сўм ҳажмида белгилансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Барча турдаги мактабларнинг ўқитувчилари, болалар уйларининг тарбиячиларига қўшимча имтиёзлар бериш, юқори синф ўқитувчиларининг иш ҳақини ошириш ҳақида»ги 1990 йил 13 ноябрь Фармони 1992 йил 1 январидан бошлаб республика ҳунар-техника таълими системаси ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарига ҳам жорий этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддат ичида мазкур Фармонни амалга ошириш юзасидан ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини тайёрласин ва кўриб чиқиш учун тақдим этсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддат ичида амалдаги қонунчиликни мазкур Фармонга мувофиқлаштириш ҳақида таклифлар киритсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 16 ноябрь,
ПФ-291-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 1-сон, 6-модда)