Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИ ВА АЛКОГОЛЛИ ИЧИМЛИКЛАРГА АКЦИЗ МАРКАЛАРИ ҚЎЛЛАНИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Алкоголли маҳсулотлар ва тамаки маҳсулотлари олиб келиш ҳамда сотишни тартибга солиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида:
1. 1997 йилнинг 1 июлидан бошлаб акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни:
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига (халқаро транзитдан ташқари);
«вақтинча олиб кириш» режимида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига;
жисмоний шахслар томонидан (қайтадан жўнатиш ҳам шу жумлага киради) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқлансин. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган нормалар доирасида акцизсиз олиб кириш бундан мустасно.
Белгилаб қўйилсинки, 1997 йилнинг 1 июлидан бошлаб импортёрлар томонидан акциз маркаларини республикадан ташқарига олиб чиқиб кетиш юк бўйича ўрнатилган тартибда тўлдирилган божхона декларацияси мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилади.
2. Давлат солиқ қўмитасига акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотиш чоғида, шунингдек уларни яширинча ишлаб чиқариш чоғида шундай маҳсулотлар ва ичимликларни мусодара этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишлари белгилаб қўйилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли солиқ идораларининг қарорлари асосида мусодара қилинган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг бир ой муддатда баҳоланиши ҳамда махсус дўконлар орқали сотиш учун юборилишини таъминласинлар.
3. 1997 йил 1 июлидан бошлаб четдан олиб келинадиган озиқабоп спиртга контракт қийматининг 10 фоизи миқдорида акциз солиғи жорий этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Давлат солиқ қўмитаси йигирма кун муддатда:
Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда акциз маркалари бўлмаган тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни мусодара қилиш ҳамда сотиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан бирга халқаро транзит тартибида Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди орқали ташиб ўтиладиган акциз солиғига тортиладиган товарлардан олинадиган бож ҳақи ва акциз солиғини божхона органларининг депозит ҳисобварағига ўтказиб, ушбу суммани товар республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилгандан кейин қайтариб бериш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги икки ҳафта муддатда амалдаги қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифлар киритилсин.
6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 12 июнь,
ПФ-1789-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 7-сон, 177-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 19-сон, 177-модда; 2008 й., 6-7-сон, 25-модда)