Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХЎЖАЛИК СУДЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЖАМҒАРМАСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 7 майдаги ПФ-3243-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи фармонларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларининг моддий-техника негизини мустаҳкамлаш, улар зиммасига юкланган вазифалар ва юмушларни бажариш учун зарур шарт-шароитларни вужудга келтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Ўзбекистон Республикаси Хўжалик судларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
давлат божи ва республиканинг хўжалик судлари кўриб чиқадиган ишлар юзасидан ундириб олинадиган жарима маблағларининг 10 фоизи мазкур жамғармага ўтказилади;
жамғарма маблағларидан хўжалик судларининг моддий техника негизини мустаҳкамлаш ва уларнинг ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш учун фойдаланилади.
3. Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида Ўзбекистон Республикасининг хўжалик судларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни тасдиқласин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 17 февраль,
ПФ-564-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 3-сон, 139-модда)