Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
1992 ЙИЛ 1 ИЮЛДАН НАФАҚАЛАР, СТИПЕНДИЯЛАР ҲАМДА БЮДЖЕТ ҲИСОБИДАГИ МУАССАСАЛАР ХОДИМЛАРНИНГ ИШ ҲАҚИ МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Истеъмол моллари ва хизматларига нархлар ошиб бораётган шароитда республика аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида:
1. Ўқитувчилар, тарбиячиларнинг, ўрта махсус ва ҳунар-техника билим юртлари муаллимларининг, профессор-ўқитувчилар таркибининг, шифокорлар, илмий ходимларнинг иш ҳақи 1,8 баравар, бюджет ҳисобидаги бошқа ташкилотлар ва муассасалар ходимларининг иш ҳақи — 1,5 баравар оширилсин.
2. Иш ҳақини ошириш билан боғлиқ қўшимча харажатларнинг 25 фоизи бюджетдаги муассасалар ва ташкилотлар сметалари бўйича умумий сарф-харажатларни қисқартириш ҳисобига таъминлансин.
3. Олий ўқув юртлари талабаларининг, аспирантларнинг, докторантларнинг стипендиялари, кийим-бош ва овқат билан таъминланмайдиган ҳунар-техника билим юртлари ҳамда техникумлар ўқувчиларининг стипендиялари 1,5 баравар кўпайтирилсин. Имтиёзли овқатланиш учун ҳар ойлик қўшимча тўловларнинг аввалги миқдорлари ҳамда талабаларнинг ошхоналари ва буфетларида тушлик овқатларнинг қийматидан 50 фоизли чегирмалар сақлаб қолинсин.
(4, 5, 6-бандлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 25 августдаги ПФ-458-сон Фармони билан ўз кучини йўқотган — Олий Кенгаш Ахборотномаси, 1992 й., 10-сон, 414-модда)
7. Аҳоли даромадларининг даражасини тўғрилаб олиш мақсадида ойига 5000 сўмгача бўлган иш ҳақидан даромад солиғи миқдорларини камайтириш зарур деб ҳисоблансин ва ойига 5000 сўмдан ошадиган иш ҳақидан олинадиган даромад солиғининг тегишли миқдорда оширилиши жорий қилинсин.
Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг фуқароларидан, ажнабий фуқароларидан, ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан даромад солиғи олиш тўғрисидаги қонунни ўзгартириш ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгашига таклифлар киритсин.
8. Республика вазирликлари, идоралари, уюшмалари, концернлари, корхоналари ва хўжаликлари меҳнат унумдорлигини ўстириш ва ишлаб чиқариш (ишлар ва хизматлар)ининг ҳажмларини ошириш ҳисобига ушбу Фармонда белгиланган минимумни эътиборга олган ҳолда ишловчиларининг маоши янада оширилишини таъминласинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармонни рўёбга чиқаришга оид ташкилий чора-тадбирларни кўзда тутувчи қарор қабул қилсин.
10. Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги бир ой муддат ичида амалдаги қонунларни мазкур Фармонга мувофиқ ҳолга келтириш тўғрисидаги таклифларни тайёрласин.
11. Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 27 июнь,
ПФ-433-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 8-сон, 303-модда; 1992 й., 10-сон, 414-модда)