Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
АЙРИМ РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯЛАРИНИ ТУГАТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
1. Аҳолини омонатлардаги ва давлат суғуртаси бўйича пул маблағларини индексациялаш Республика комиссияси тугатилсин.
Аҳолининг пул жамғармаларини индексациялаш ва тўлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш вазифаси ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш Ҳукумат комиссиясининг бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Кичик комиссияси зиммасига юклансин.
2. Ягона ер солиғи жорий этиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси тугатилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзгеодезкадастр зиммасига ерларни кадастр жиҳатдан баҳолаш борасидаги чора-тадбирлар амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда ягона ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни олиб бориш юклатилсин.
3. «Аҳолининг омонатлардаги ва давлат суғуртаси бўйича пул маблағларини индексациялаш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 20 декабрдаги ПФ-1327-сон Фармонининг 8-банди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 3 мартдаги ПФ-1934-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 октябрдаги ПФ-2086-сон Фармонининг 4-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 19 сентябрь,
ПФ-2714-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 9-10-сон, 270-модда)