Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида
Битим
Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки мамлакат халқлари ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни эътиборга олиб,
иккала Томоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро фойдали ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликдан манфаатдор эканлигидан келиб чиқиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга миллий қонунлари доирасида кўмаклашадилар. Ҳамкорликнинг аниқ соҳалари иккала Томоннинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзаро келишув бўйича аниқланади.
2-модда
Ҳамкорлик Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:
ахборот алмашиш;
таълим, ўргатиш, профессионал даражасини ошириш қисқа муддатли курсларини амалга ошириш ва маслаҳат хизматларининг даражасини мукаммаллаштириш мақсадида мутахассислар билан алмашиш;
тегишли муассаса, институт ва ташкилотлар ўртасида бевосита алоқаларни таъминлаш;
конференция, симпозиум ва семинарлар ташкил этиш;
соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасида ўзаро келишув бўйича аниқланадиган ҳамкорликнинг бошқа шакллари.
3-модда
Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларда Томонлар ўз имкониятлари доирасида ҳамкорликни амалга оширадилар. Бундан ташқари, Томонларнинг ёзма сўрови ва келишуви бўйича, иккала мамлакатнинг соғлиқни сақлаш расмий органлари касалларга тижорат асосида тиббий ёрдам кўрсатишлари мумкин.
4-модда
Томонлар соғлиқни сақлаш, тиббиёт, фармацевтика ва даволаш туризми соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга ва тижорат алоқаларини ўрнатишга кўмаклашадилар.
5-модда
Ушбу Битим доирасидаги иккала мамлакат экспертлари ва бошқа мутахассисларининг ташрифлари қуйидаги шартларда амалга оширилади:
юборувчи Томон қабул қилувчи Томон мамлакатига бориш ва келиш сафари учун чиптага ҳақ тўлайди;
қабул қилувчи Томон овқатланиш ва яшаш билан, шунингдек, зарурат бўлганида, ўз мамлакати ичида кўчиш билан боғлиқ бўлган харажатларни ўз зиммасига олади. Бўлиш даври икки ҳафтадан ошмаслиги керак;
фавқулодда вазиятларда қабул қилувчи Томон келган экспертларга тиббий хизмат кўрсатишни (тишларни протез қилишдан ташқари) таъминлайди.
6-модда
Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туркия Жумҳурияти Соғлиқни сақлаш вазирлиги тайинланади.
7-модда
Ҳамкорликнинг ушбу Битим билан кўзда тутилган соҳа ва шартлари фаолиятнинг тайёрланаётган режаларида ва амалга оширилаётган дастурларда Томонлар зарур деб ҳисоблайдиган муддат ва ҳажмларда аниқланади.
8-модда
Томонлар ушбу Битим кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари миллий қонунларга мувофиқ бажарилганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали бир-бирини хабардор қиладилар.
Ушбу Битим шундай иккинчи билдириш хати олинган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил давомида амал қилади.
Агар Томонлардан ҳеч бири ўзининг ушбу Битимни бекор қилиш нияти тўғрисида унинг амал қилиш муддати тугаши санасидан олти ой илгари бошқа Томонни хабардор қилмаса, Битим кейинги бир йиллик даврларга узайтирилади.
Ушбу Битим денонсацияси, агар Томонлар бошқа келишувга эришмасалар, Битимнинг амал қилиш даврида аниқланган дастур ва лойиҳаларнинг бажарилишига таъсир қилмайди.
Анқара шаҳрида 1997 йил 18 ноябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор кучга эга бўлади.
(имзолар)