Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БОЖХОНА ҚЎМИТАСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПФ-57-сонли «Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Божхона ишини ташкил қилишни яхшилаш, ягона божхона сиёсатини ўтказиш, республика божхона органларининг тезкорлигини ҳамда улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мамлакат иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлашда уларнинг ролини кучайтириш, шунингдек, божхона иши соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Бош божхона бошқармасининг негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ташкил қилиниб, у бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Бош божхона бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ишлаб турган божхона хизматлари негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг тегишли ҳудудий бошқармалари тузилсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
республика божхона сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;
республиканинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, белгиланган ваколатлар доирасида мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиб бориш;
божхона ишларини амалга ошириш чоғида фуқароларнинг, шунингдек, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасида божхона назоратини таъминлаш, шу чегара орқали товарлар ва транспорт воситалари ўтишини тезлаштиришга имкон берадиган шарт-шароитларни вужудга келтириш;
контрабандага, божхона қонунчилигини бузишларга қарши кураш, наркотик моддалар, психотроп ва портловчи моддалар, қурол-яроғ, валюта бойликлари, миллий бойлик ҳисобланувчи бадиий, маданий-тарихий ва археологик мерос буюмлари, ақлий мулк объектлари республиканинг божхона чегараси орқали қонунга хилоф равишда олиб ўтилишига чек қўйиш;
савдо-иқтисодий муносабатларни тартибга солишнинг божхона воситаларини қўллаш, бож ҳақи, солиқлар ҳамда бошқа божхона тўловларини ундириб олиш;
хорижий давлатларнинг божхона органлари билан, божхона иши масалаларига мутасадди халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, халқаро божхона ва савдо ташкилотларида иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг божхона ишига тааллуқли қисмидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;
ташқи иқтисодий фаолиятга оид божхона статистикаси ва товар номенклатурасини юритиш;
божхона иши соҳасидаги фаолият тўғрисида ахборот тўплаш ҳамда унга ишлов бериш борасидаги автоматлаштирилган тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган бўлиб, у қуйидаги ҳуқуққа эгадир:
божхона масалалари бўйича халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ белгиланган тартибда халқаро битимлар ва шартномалар тузиш;
Ўзбекистон Республикасининг жиноят ҳамда жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг нормаларига амал қилган ҳолда божхона органларининг ваколатига дахлдор ҳуқуқбузарликлар бўйича суриштирув ишлари ва зарур тезкор-қидирув чора-тадбирларини ўтказиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
божхона қонунчилиги бузилганлиги учун мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий таъсир чораларини қўлланиш;
айбдорларни жавобгарликка тортиш масаласи давлат божхона органларининг ваколатлари доирасидан чиқадиган ҳолларда ҳуқуқбузарлик фактлари бўйича ҳужжатларни тергов ва суд органларига топшириш;
товарлар ва транспорт воситалари республика божхона чегараси орқали олиб ўтилишининг қонуний асосларини аниқлаш учун вазирликлар, идоралар, ташкилотлардан ва маҳаллий ҳокимият идораларидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ташқи иқтисодий алоқаларнинг қатнашчиларидан (мулкчилик шакллари ва идоравий мансублигидан қатъи назар) белгиланган тартибда материаллар ва ҳужжатларни олиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Шу нарса белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан ўз ваколати доирасида амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган қарорлар мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча жисмоний ва юридик шахсларнинг ижро этишлари учун мажбурийдир.
5. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг ходимлари учун белгиланган барча ҳуқуқ ва имтиёзлар, хизматни ўташ, жумладан, махсус ва шахсий унвонлар бериш, лавозим маошларига ҳамда кўп йиллик хизматлари учун устама ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг ходимларига нисбатан жорий этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилсин.
7. «Ўзбекистон Республикаси Бош давлат солиқ бошқармасини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ўзгартириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 18 январдаги Фармонининг иккинчи банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин, шунингдек, мазкур Фармоннинг кириш қисмидаги «ва божхона» сўзлари олиб ташлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 8 июль,
ПФ-1815-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 7-сон, 182-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.12.2017 й., 06/17/5269/0340-сон; 06.06.2020 й., 06/20/6005/0728-сон)