Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Греция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ТУРИЗМ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб юритилувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Греция Республикаси Ҳукумати,
тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳолда туризмни ривожлантиришга интилиб,
туризм соҳасида янада самаралироқ иккиёқлама ҳамкорликка эришиш истагини билдириб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз мамлакатларининг қонунчиликлари доирасида, зарур шароитларни яратиб бериш орқали икки мамлакат ўртасида туристлар билан алмашишни рағбатлантириш учун икки томонлама туристик ҳаракатнинг ривожланишига ёрдам берадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар икки мамлакатнинг туризм билан шуғулланувчи фирмалари ва ташкилотларининг ҳамкорликларини ривожлантириш орқали туристик оқимни ўзаро кўпайтиришга ёрдам берадилар. Томонлар ўз мамлакатлари қонунчиликлари доирасида ва ҳамкорликка асосланган ҳолда туристик нашрлар ва реклама материаллари, шунингдек кино ва телевидение учун мўлжалланган фильмлар ва аудио-видео материалларни икки мамлакатда тарқатилишини рағбатлантирадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, имкон даражасида, туризмга алоқадор маълумотларни ўзларининг тегишли дипломатик ваколатхоналари орқали тарқатишни рағбатлантирадилар ва, ўз мамлакатлари қонунчиликлари доирасида маълумотлар ва экспертлар билан алмашишга ёрдам берадилар.
4-модда
Туристик информацион ҳужжатларни ва материалларни нашр учун олиб кириш ҳақидаги 1954 йил 4 июнда қабул қилинган Нью-Йорк Конвенциясининг қўшимча Протоколи, шунингдек Европа Иттифоқининг мазкур масала юзасидан қабул қилган қонунчилигига мувофиқ нашр учун материаллар, шу жумладан туризмни реклама қилиш мақсадида амалга ошириладиган туристик кўргазмалар ва фильмлар учун мўлжалланган материаллар импорт моллари учун тўланадиган солиқлар ва божхона божларидан озод қилинади.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар икки мамлакатда ҳам туризмни ривожлантиришда муҳим ҳисобланган бунёдкорлик, меҳмонхоналарни жиҳозлаш ва бошқариш масалалари билан шуғулланувчи ўз мамлакатлари фирма ва ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш борасидаги имкониятларини ўрганадилар. Аҳдлашувчи Томонлар тегишли имкониятларни кенгайтириш орқали ва ўз мамлакатларининг қонунчиликларига риоя қилган ҳолда мазкур соҳада ҳамкорликка ёрдам берадилар.
6-модда
Аҳдлашувчи Томонлар туризм соҳасини сармоялар билан таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганадилар ва шу мақсадда тажриба, шунингдек икки мамлакатнинг миллий қонунчиликлари томонидан сармоялар соҳасида имтиёзлар, шу жумладан икки мамлакатда сармоялар учун яратилган мавжуд шароитлар ҳақида ахборот билан алмашиб турадилар.
Аҳдлашувчи Томонлар мамлакатларининг масъул органлари ва манфаатдор ташкилотларига ўз миллий қонунчиликлари асосида туризм соҳасида қўшма корхона тузишлари ва бошқа инвестиция лойиҳаларини амалга оширишларига ёрдам берадилар.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар халқаро туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар, шунингдек халқаро туристик тадбирларда иштирок этиш бўйича фикр алмашиб турадилар.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг масъул органлари ва манфаатдор ташкилотлари орқали таълим ва кадрлар тайёрлаш, айниқса туризм индустриясида банд бўлувчи кадрлар тайёрлаш соҳасидаги техник ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқадилар.
9-модда
Икки ёқлама маслаҳатлашувлар, шунингдек масъул ваколатли органлар берган тавсияларни бажариш орқали мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида ҳар икки Томоннинг ваколатли вакилларидан ташкил топган, шунингдек унда иштирок этиш учун хусусий туристик сектордан ҳам шахслар таклиф қилиниши мумкин бўлган Қўшма комиссия тузилади.
Комиссия йиғилишлари Аҳдлашувчи Томонлар келишган муддатларда ҳар икки мамлакатда навбатма-навбат ўтказилади.
10-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб вақтинча, ва ҳар икки Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимни кучга киришига зарур бўлган қонуний расмиятчиликлар бажарилгани ҳақида дипломатик каналлар орқали бир-бирларини хабардор қилган кундан бошлаб тўлиқ кучга киради.
Мазкур Битим беш йил давомида кучда бўлади ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Томонни мазкур Битимнинг навбатдаги муддати тугашидан олти ой олдин Битимни бекор қилиш ҳақида хабардор қилмаса, Битим қўшимча беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Афина шаҳрида 1997 йил 1 апрелда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, грек ва инглиз тилларида имзоланди, бунда уччала матн ҳам тенг аутентикдир. Келишмовчиликлар юзага келганда инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)