Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРГА БАНК ХИЗМАТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ЮЗАСИДАН ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 1 мартдаги ПФ-2241-сонли «Ўзбeкиcтoн Республикаси Президентининг баъзи фармонларига ўзгартишлар киритиш ва ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Банклар ўртасида рақобатни ривожлантириш, халқ хўжалигида тўлов интизомини мустаҳкамлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳолатини банклар томонидан назорат қилишни кучайтириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 1997 йилнинг 1 июлидан бошлаб ҳар бир корхона (ташкилот) ўзи танлаб олган фақат битта банк муассасасида сўм ва валюта ҳисоб-китоб (жорий) ҳисобварақларига эга бўлиши мумкин.
Бунда корхоналар ва ташкилотлар банкда ўз ҳисобварақларини очиш учун уни мустақил равишда танлайдилар.
2. Тижорат банклари корхоналар ва ташкилотлар бундан буён хизмат кўрсатиш учун ўзлари танлаб олган банкларга уларнинг сўм ва валюта ҳисобварақлари тўсқинликсиз кўчирилишини таъминласинлар, бунда илгари мазкур ҳисобварақлар очилган банклар олдидаги қарз батамом тўланиши ёки унинг банклараро кредитга қайтадан расмийлаштирилиши шарт.
3. Адлия вазирлиги Марказий банк билан бирга икки ҳафта муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгаришлар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
4. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 19 май,
ПФ-1782-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 163-модда)