Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 10 апрелдаги ПФ-4434-сонли Фармонига ўзгартиш киритиш тўғрисида
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги ПФ-231-сонли «Қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва тартибга солиш юкини камайтириш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ЎРҚ-343-сонли Қонунига мувофиқ:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикасининг «Чет эл инвестициялари тўғрисида» ва «Бож тарифи тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб, хорижий инвестициялар иштирокида янги ташкил этилаётган корхоналар давлат рўйхатидан ўтган вақтдан бошлаб икки йил мобайнида шахсий ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун мол-мулк олиб киришда импорт божхона тўловларини тўлашдан озод қилинишлари кўзда тутилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2012 йил 10 апрелдаги ПФ-4434-сонли Фармони билан тасдиқланган Хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун белгиланган асосий кафолатлар, имтиёзлар ва афзалликлар рўйхатининг II боби 5-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Қуйидагилар божхона тўловини ундиришдан озод қилинади:
хорижий инвестицияларнинг устав жамғармасидаги улуши ўттиз уч фоиздан кам бўлмаган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан шахсий ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган мол-мулк мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтган вақтдан бошлаб икки йил мобайнида;».
3. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 15 март,
ПФ-4515-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 12-сон, 150-модда)