Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
СУДЬЯЛАРГА ИМТИЁЗЛИ ШАРТЛАРДА УЙ-ЖОЙ СОТИБ ОЛИШГА УЗОҚ МУДДАТЛИ ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИ БЕРИШ ҲАМДА СУДЬЯЛАРГА УЙ-ЖОЙЛАРНИ ИЖАРАГА ОЛГАНЛИК (ИЖАРАДА ТУРГАНЛИК) УЧУН ҲАР ОЙЛИК ПУЛ КОМПЕНСАЦИЯСИ ТЎЛАШ ТАРТИБЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 2 августдаги ПФ-4459-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Қуйидагилар:
Судьяларга имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Судьяларга уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 18 мартдаги 147-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 3-сон, 26-модда) билан тасдиқланган Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низомнинг 4-бандига қуйидаги мазмундаги «д¹» кичик банд қўшилсин:
«д¹) Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, умумий юрисдикция судлари (ҳарбий судлардан ташқари) ва хўжалик судлари судьялари томонидан белгиланган тартибда уй-жойни ижарага олишга (ижарада туришга), уй-жой сотиб олишга дастлабки бадални тўлашга».
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 31 октябрь,
312-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 октябрдаги 312-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Судьяларга имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 2 августдаги ПФ-4459-сон Фармонига мувофиқ тижорат банклари томонидан судьяларга имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредити бериш тартибини белгилайди.
Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, умумий юрисдикция судлари (ҳарбий судлардан ташқари) ва хўжалик судлари судьяларига (кейинги ўринларда судьялар деб аталади) татбиқ этилади.
2. Тижорат банклари томонидан судьяларга узоқ муддатли ипотека кредити (кейинги ўринларда ипотека кредити деб аталади) бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда тижорат банкларининг ички кредит сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.
3. Ипотека кредитлари якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйда квартира сотиб олиш учун қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида тижорат банклари томонидан берилади.
4. Тижорат банклари томонидан ипотека кредитлари қуйидагилар ҳисобидан берилади:
халқаро ва хорижий молиявий институтларнинг ипотека кредити учун берилган кредит линиялари, шу жумладан имтиёзли кредит линиялари, грантлари ва инвестициялари;
тижорат банкларининг ўз маблағлари ва жалб қилган маблағлари.
5. Ипотека кредити ипотека кредити ҳисобига сотиб олинадиган ва белгиланган тартибда судьянинг мулкига ўтадиган якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани ипотекага олиш учун берилади.
Муомаладан олиб қўйилган ва бегоналаштирилиши мумкин бўлмаган кўчмас мулк ипотека предмети бўлиши мумкин эмас.
6. Тижорат банки томонидан бериладиган ипотека кредити миқдори ипотека кредити олиш учун буюртманома берилган кунда республикада белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 2000 бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
7. Ипотека кредити судьяларга камида 10 йил муддатга берилади.
8. Ипотека кредитидан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида белгиланади.
9. Тижорат банки томонидан бериладиган ипотека кредити миқдори сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг 75 фоизидан ошиши мумкин эмас.
10. Судья тижорат банкидан ипотека кредити олиш учун сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағига эга бўлиши керак.
Кўрсатиб ўтилган маблағлар тижорат банкида судьянинг номига миллий валютада очилган жамғарма ҳисоб рақамида (кейинги ўринларда судьянинг ҳисоб рақами деб аталади) бўлиши керак.
II. Дастлабки бадални олиш, бериш ва қайтариш тартиби
11. Сотиб олинадиган якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал (кейинги ўринларда дастлабки бадал деб аталади) судьянинг ҳисоб рақамига Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобидан ўтказилиши мумкин.
12. Жамғарма маблағлари ҳисобидан дастлабки бадални ўтказиш учун судья иш жойида тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди (умумий юрисдикция судлари судьялари) ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси (кейинги ўринларда суд раиси деб аталади) номига қарз бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади.
Судья Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
судьянинг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан берилган маълумотномалар ёки судьянинг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;
судьянинг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва унинг паспорти нусхаси;
судьяни тайинлаш (сайлаш) тўғрисидаги тегишли қарорнинг нусхаси.
13. Ариза ва ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар олингандан кейин суд раиси уларни ўрганиш (текшириш) натижаларига кўра Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги ариза ва барча зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб беш кун муддатда Жамғармага (аризани ва барча зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда) илтимоснома билан мурожаат қилади.
14. Суд раисининг илтимосномаси ва ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар олингандан кейин Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси ўрганиш ва текшириш натижаларига кўра Жамғарманинг Кузатувчи кенгашига дастлабки бадал учун қарз бериш мумкинлиги тўғрисида хулоса киритади.
15. Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши суд раисининг илтимосномасини, Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги аризани, унга илова қилинган барча ҳужжатларни ва Жамғарма Ижро этувчи дирекциясининг хулосасини кўриб чиқиб аризани қаноатлантириш ёки рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси томонидан хулоса бериш ва Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши томонидан қарор қабул қилиш муддати суд раиси томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги ариза ва ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар илова қилинган илтимоснома тақдим этилган кундан бошлаб ўн беш иш кунидан ошмаслиги керак.
16. Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси бу тўғрида зудлик билан суд раисини ёзма равишда хабардор қилади ва судья билан қарз шартномаси тузилади.
Қарз гаров таъминоти ёки кафиллик ҳужжати тақдим этилган ҳолда фоизсиз ва қайтариш асосида берилади. Қарзни қайтариш муддати ипотека кредитини қайтариш муддатидан кам бўлиши мумкин эмас.
17. Жамғарма қарз шартномаси тузилган кундан бошлаб ўн кун муддатда маблағларни судьянинг ҳисоб рақамига ўтказади.
Кредит шартномасига мувофиқ тўланган дастлабки бадал якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйдаги квартира қийматининг 25 фоизидан ортиқ бўлган тақдирда судья ортиқча суммани кредит шартномаси имзоланган кундан бошлаб икки кун мобайнида Жамғармага қайтаради.
18. Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз бериш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда Жамғарманинг Ижро этувчи дирекцияси бу тўғрида зудлик билан суд раисини ёзма равишда хабардор қилади. Хабарномада маблағ беришни рад этиш сабаблари кўрсатилиши керак.
Қуйидагилар рад этиш сабаблари бўлиши мумкин:
судья томонидан зарур тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилса;
судья томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжуд бўлса;
Жамғарма маблағлари етишмаса.
Суд раиси Жамғарманинг Ижро этувчи дирекциясидан хабарнома олинган кундан бошлаб бир кун муддатда судьяга Жамғарманинг Кузатувчи кенгаши қарорини етказади.
19. Судья томонидан қарзни қайтариш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва қимматли қоғозлар бўйича олинадиган бошқа даромадлар ҳисобидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш;
нақд пул топшириш;
судьянинг тижорат банкларидаги омонатлар бўйича ҳисоб рақамларидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш.
Бунда қарз бўйича қарз маблағлари қарз шартномасига илова қилинган жадвалга мувофиқ тўланади.
Судьялар қарзни қарз шартномасида белгиланган муддатдан олдин қайтариш ҳуқуқига эга.
III. Ипотека кредити олиш учун буюртманомани кўриб чиқиш ва буюртманома бўйича қарор қабул қилиш
20. Якка тартибдаги уй-жой ёки кўп квартирали уйда квартира сотиб олиш учун судья тижорат банкига ипотека кредити олиш учун сўралаётган кредит суммасини кўрсатган ҳолда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
судьянинг ва у билан бирга яшайдиган оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида охирги 12 ой учун доимий иш жойидан берилган маълумотномалар ёки судьянинг ва унинг оила аъзоларининг охирги 12 ой учун даромадлари тўғрисидаги декларацияларнинг уларнинг яшаш жойидаги давлат солиқ органи томонидан тасдиқланган нусхалари;
банкнинг пул маблағлари судьянинг ҳисоб рақамига қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси;
судьянинг оиласи таркиби тўғрисида яшаш жойидан берилган маълумотнома ва унинг паспорти нусхаси;
судьяни тайинлаш (сайлаш) тўғрисидаги тегишли қарорнинг нусхаси.
21. Судья ипотека кредити олиш учун банкка мурожаат қилгандан кейин тижорат банки судьяни ипотека кредити олиш жараёнидаги тахминий харажатлар турлари билан таништиради. Судья ипотека кредити олишда қуйидаги харажатларни амалга ошириши керак:
ипотека тўғрисидаги шартномани нотариал тасдиқлаш учун давлат божи;
гаровга қўйилган кўчмас мулкни суғурталаш билан боғлиқ харажатлар;
баҳолаш ташкилотининг мулк қийматини аниқлаш хизматларига ҳақ тўлаш;
ипотека тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун тўлов.
22. Ипотека кредити олиш учун ариза ва ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар қабул қилиб олингандан кейин тижорат банки ходими томонидан улар бир ҳафта муддатда ўрганилади ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги текширилади.
23. Гаровга қўйилган мулкни баҳолаш судья (ипотекага қўювчи) ва тижорат банки (ипотекага олувчи) ўртасидаги битимга кўра бозор қиймати бўйича амалга оширилади.
24. Ушбу Низомнинг 22-бандига мувофиқ ўтказилган ўрганиш ва текшириш натижаларига кўра тижорат банкининг ипотека кредити олиш юзасидан аризанинг кўриб чиқилиши учун масъул бўлган ходими томонидан тижорат банкининг кредит комиссиясига (кредит қўмитасига) кредит беришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида асосланган хулоса киритилади.
25. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) ипотека кредити олиш юзасидан аризани, унга илова қилинган барча ҳужжатларни ва ушбу ариза бўйича банкнинг масъул ходими хулосасини кўриб чиқиб аризани қаноатлантириш ёки ипотека кредити олиш юзасидан аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ипотека кредити олиш юзасидан аризани кўриб чиқиш муддати ариза ва ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 30 иш кунидан ошмаслиги керак.
26. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити бериш тўғрисида ижобий қарор қабул қилингандан кейин:
тижорат банки кредит шартномаси тузиш учун бу ҳақда судьяни уч кун муддатда ёзма равишда хабардор қилади. Шунингдек сотувчининг номига йўқлаб олинадиган депозит ҳисоб рақами очиш учун судья томонидан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотувчининг (кейинги ўринларда сотувчи деб аталади) банкка келишини таъминлашнинг зарурлиги ҳам ёзма шаклда кўрсатилади;
ипотекага қўювчи банк фойдасига ўз ҳисобидан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартиранинг тўлиқ қийматини йўқолиш ва шикастланиш хавфларидан суғурта қилиши, агар мулкнинг тўлиқ қиймати ипотека билан таъминланган олинган кредит суммаси ва унинг бўйича ҳисобланган фоизлар миқдоридан ортиқ бўлса, у ҳолда банк олдидаги ушбу мажбурияти суммасидан паст бўлмаган суммага суғурта қилиши шарт;
тижорат банки судья билан «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган ипотека тўғрисида шартнома, шунингдек кредит шартномаси тузади.
27. Кредит комиссияси (кредит қўмитаси) томонидан ипотека кредити беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда тижорат банки қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун муддатда судьяга хулосани ёзма равишда, ипотека кредити беришнинг рад этилиши сабабларини кўрсатган ҳолда жўнатади.
IV. Ипотека кредитини бериш ва қайтариш тартиби
28. Якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш учун тижорат банки томонидан ипотека кредити бериш судья номига алоҳида ссуда ҳисоб рақами очиш ҳамда ушбу ҳисоб рақамидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани олди-сотди шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхаси илова қилинган ҳолда судьянинг ёзма топшириқномаси асосида, сотувчининг (мулкдорнинг) омонат ҳисоб рақамига пул маблағларини нақд пулсиз шаклда мемориал ордер воситасида ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
29. Судья томонидан ипотека кредитини қайтариш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар, шу жумладан қимматли қоғозлар бўйича олинадиган бошқа даромадлар ҳисобидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш;
нақд пул топшириш;
судьянинг тижорат банкларидаги омонатлар бўйича ҳисоб рақамидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш.
Судья асосий қарзни ва ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин, кредит шартномасида белгиланган қайтариш муддати бошлангунгача, кредитни муддатидан олдин қайтарганлиги учун воситачилик тўлови тўламасдан қайтариш ҳуқуқига эга.
30. Тижорат банклари судьялар томонидан ипотека кредитлари бўйича ўз мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан доимий мониторингни амалга оширадилар.
Мониторинг жойига борган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Тижорат банки томонидан мониторингни амалга ошириш тартиби кредит шартномасида белгиланган бўлиши керак.
31. Асосий қарз ва унинг бўйича ҳисобланган фоизлар кредит шартномасида белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда тижорат банки ходими судья билан шахсан учрашиб мажбуриятларнинг бажарилмаётгани сабабларини аниқлайди ва муддатида қайтарилмаган ипотека кредитининг қайтарилишини таъминлаш чораларини кўришни талаб қилади.
32. Судья томонидан ипотека кредити ва ҳисобланган фоизлар бўйича тўловлар тўланмаганда ёки ўз вақтида тўланмаганда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тижорат банки ундирувни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гаровга қўйилган мулкка қаратади.
V. Якунловчи қоида
33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 октябрдаги 312-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Судьяларга уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида
низом
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд тизими ходимларининг ижтимоий муҳофазасини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2012 йил 2 августдаги ПФ-4459-сон Фармонига мувофиқ судьяларга уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартибини белгилайди.
Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, умумий юрисдикция судлари (ҳарбий судлардан ташқари) ва хўжалик судлари судьяларига (кейинги ўринларда судьялар деб аталади) татбиқ этилади.
2. Уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси (кейинги ўринларда пул компенсацияси деб аталади) доимий яшаш жойидан ташқари минтақада лавозимга тайинланган (сайланган) ҳамда уй-жойлар билан таъминланмаган судьяларга амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно), лекин:
Тошкент шаҳрида — энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;
Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида – энг кам ойлик иш ҳақининг уч бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари ва туманлар марказларида – энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўланади.
Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (судьянинг ўзини ҳисобламаган ҳолда) ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади. Бунда судьянинг тайинлаш (сайлаш) жойига келган оила аъзолари: хотини (эри), уларнинг болалари ва ота-оналари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага олувчининг оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳисобга олинади.
3. Судьяга пул компенсацияси тўлаш уй-жой ижарага олинган (ижарада турган) кундан бошлаб тайинланган (сайланган) жойига келгандан кейин, нотариус томонидан тасдиқланган уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномасига мувофиқ амалга оширилади. Судьяга тайинланган (сайланган) жойида хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда, унинг ваколатлари тўхтатилганда ва тугаганда пул компенсацияси тўлаш тўхтатилади.
4. Судьяга тайинланган (сайланган) жойида хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда у бир ҳафта муддатда тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари бухгалтериясига ёки Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг тегишли ҳудудий бошқармасига (кейинги ўринларда тегишли органлар деб аталади) пул компенсацияси тўлашни тўхтатиш тўғрисида ариза бериши шарт.
5. Тайинланган (сайланган) жойида ота-оналари ёки эри (хотини)нинг ота-оналари уй-жойларида бирга яшаётган судьяларга пул компенсацияси тўланмайди.
6. Судья пул компенсациясини олиш учун вақтинча яшаш жойини ва уй-жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун амалдаги харажатлар суммасини, коммунал хизматлар қийматисиз, кўрсатган ҳолда тегишли орган раҳбарига ариза беради.
Пул компенсацияси тўлаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
судьяни тайинлаш (сайлаш) тўғрисидаги қарорнинг нусхаси;
никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
қонун ҳужжатларига мувофиқ оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳужжатларининг нусхаси;
уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхаси.
Тегишли орган тақдим этилган ҳужжатлар асосида уй-жойни ижарага олиш (ижарада туриш) учун компенсация миқдорини кўрсатган ҳолда пул компенсацияси тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Тегишли органлар шахслар ижарага олинган уй-жойда яшашларини ва уларнинг яшаш жойлари ўзгаришини доимий назорат қиладилар.
7. Судьяга бола икки ёшга тўлгунгача уни парвариш қилиш учун таътил берилган тақдирда, пул компенсацияси таътилнинг бутун даврига, бироқ судья ушбу уй-жойда яшаши шарти билан, судья этиб тайинланган (сайланган) муддатдан кўп бўлмаган муддатга берилади.
8. Пул компенсацияси суд жойлашган жой бўйича тегишли органнинг бухгалтерияси томонидан, ушбу Низомнинг 6-бандига мувофиқ чиқарилган буйруқ асосида, иш ҳақи тўлаш билан биргаликда ўтган ой учун тўлов ведомости бўйича тўланади.
Пул компенсациясини олиш учун ҳужжатлар тегишли органларда қонун ҳужжатларида белгиланган муддат тамом бўлгунгача сақланади.
9. Пул компенсацияси миқдорини аниқлашда ҳисобга олинадиган оила таркиби ўзгарган тақдирда, судьянинг оила таркиби ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинган пул компенсацияси миқдорини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризаси асосида янги миқдорлардаги пул компенсацияси белгиланган тартибда ушбу ўзгаришлар бошланган кундан бошлаб тўланади.
10. Судья томонидан ортиқча олинган пул компенсацияси суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан тўлиқ миқдорда ундан ундириб олинади.
11. Ушбу Низомга мувофиқ пул компенсацияси тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.
Пул компенсацияси тўлашга пул маблағлари сарфи тўғрисидаги ҳисобот ушбу Низомга мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йилнинг ҳар чорагида тақдим этилади.
12. Пул компенсацияси тўлашнинг тўғрилигини назорат қилиш тегишли органлар раҳбарлари зиммасига юкланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.