ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН БРАЗИЛИЯ ФЕДЕРАТИВ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ ЎРТАСИДА
Битим
Маданий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Бразилия Федератив Республикаси Ҳукумати (бундан кейин Томонлар деб аталувчилар),
маданий ҳамкорлик икки давлат ўртасида дўстлик ришталари ва ўзаро яқинликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшишига, шунингдек улар ўртасидаги билим даражасини кўтаришига ишониб,
маданият соҳасидаги муносабатларни яхшилаш истагига таяниб,
икки давлатда маданий бойликларни тарғиб қилиш муҳимлигини тан олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки давлат ўртасида ўз маданиятларини ўзаро таништириш ва тарқатиш учун хизмат қилиши мумкин бўлган фаолиятларни ривожлантириш мақсадида, жамоат ва хусусий маданият муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
2-модда
Томонлар лингвистик, этник ва маданий хилма-хилликни ҳисобга олган холда ҳар бир давлатнинг умумий маданиятини ўқитиш ҳамда билим даражасини кенгайтириш ва имконият туғдириш учун ҳаракат қиладилар.
3-модда
Томонлар тасвирий санъат, мусиқа, театр, рақс, кино, музей ва архив иши соҳасида тажриба алмашишга кўмаклашадилар.
4-модда
1. Томонлар музейлар ўртасида оммалаштиришни рағбатлантириш ва маданий объектлар билан алмашинувни йўлга қўйиш мақсадида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишда кўмаклашадилар.
2. Бундан ташқари, Томонлар маданий меросни қайта тиклаш, сақлаш ва муҳофаза қилиш соҳаларида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилишни қўллаб-қувватлайдилар.
5-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилиги ҳамда улар иштирок этадиган ушбу соҳага тааллуқли халқаро ҳужжатларга мувофиқ, ўз маданий меросига тегишли бўлган буюмларни ноқонуний импорт, экспорт ҳамда ўтказишни олдини олиш бўйича керакли чора-тадбирларни кўрадилар.
6-модда
Томонлар ўз адабий асарларини рағбатлантиришга қаратилган китобларни таржима қилиш билан боғлиқ лойиҳалар, ёзувчилар учун алмашинув дастурлари ҳамда китоб ярмаркаларида иштирок этиш каби ташаббусларини қўллаб-қувватлайдилар.
7-модда
1. Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ кутубхоналар ва архивлар ўртасида ахборот, китоблар ва нашрлар алмашиш йўли билан ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар.
2. Шунингдек, Томонлар библиографик меросни қайта тиклаш, консервациялаш ҳамда тарғиб қилиш, қадимий қўлёзмаларни сақлаш ва қайта тиклаш ишларида ҳамда янги ахборот технологиялар соҳаларида тажриба алмашишда кўмаклашадилар.
8-модда
Томонлар икки давлат маданиятларини тарғиб қилишни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги маҳсулотларни тарқатиш мақсадида радиоэшиттириш, кино ва телевидение соҳаларида ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
9-модда
Томонлар ўз маданият ташкилотлари ўртасида маълумот алмашинувини жадаллаштириш ҳамда қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
10-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилиги ҳамда улар иштирок этадиган халқаро ҳужжатларга мувофиқ муаллифлик ва турдош ҳуқуқларини ҳамда уларнинг ҳар хил кўринишларда ҳимоясини таъминлаш бўйича ҳамкорлик ва маълумот алмашишда кўмаклашадилар.
11-модда
Томонлар ушбу Битимни самарали амалга оширишга хизмат қиладиган фаолияти маданий алоқалар механизмларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган нодавлат ва хусусий ташкилотларнинг иштирокини қўллаб-қувватлайдилар.
12-модда
Томон маданий ҳамкорлик лойиҳалари расмий иштирокчиларининг келиши, вақтинчалик яшаши ва жўнаб кетиши учун зарур шароитлар яратиб беради. Мазкур иштирокчилар қабул қилувчи давлат миллий хавфсизлиги, санитария ва миграция нормаларига риоя қилишлари лозим ҳамда тегишли ҳокимият рухсатисиз бошқа фаолият билан шуғулланмайдилар.
13-модда
1. Томонлар маданий ҳамкорлик лойиҳаларида фойдаланиладиган ҳар қандай асбоб-ускуна ва материалларни олиб кириш ва олиб чиқиш билан боғлиқ барча маъмурий ҳамда назорат ишларини ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширадилар.
2. Маданий кўргазмалар учун олиб келинадиган товарларни махсус вақтинчалик рухсат тизимида давлатга импорт қилиш мумкин. Ушбу Битим билан белгиланган иммиграция, импорт ва экспорт шартлари Томонлар ҳудудларида амалда бўлган қонун ва нормалар билан чекланиши мумкин.
14-модда
1. Ушбу Битим Томонлардан бирининг бошқа Томонни ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларни бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим беш йил давомида амал қилади. Агар Томонлардан бири Битим муддати тугашидан 6 (олти) ой олдин унинг амал қилишини тўхтатиш истаги ҳақида ёзма равишда билдирмаса, Битим ўз-ўзидан навбатдаги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
3. Ушбу Битимга ўзгартишлар дипломатик каналлар орқали Томонларнинг ўзаро розилиги асосида киритилади.
4. Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши амалга оширилаётган ҳар қандай дастур ва лойиҳаларни тугатишга таъсир қилмайди.
5. Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай низолар дипломатик каналлар орқали Томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар йўли билан дўстона ҳал этилади.
Бразилия шаҳрида 2009 йил 28 май кунида икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, португал ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келганда инглиз тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)