Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қатар давлати ҳукумати ўртасида
АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт мақсадида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қатар Давлати Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
атроф-муҳит муҳофазаси, барқарор тараққиёт мақсадида табиий ресурсларни тиклаш ва муҳофаза қилиш соҳаларида ҳамкорлик қилишни ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотларда барқарор тараққиёт ғоясини мустаҳкамлашни истаб,
атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида атроф-муҳит бўйича конференциялар ҳамда халқаро ва минтақавий учрашувларда ўзаро экологик масалаларни мувофиқлаштириш зарурлигини тан олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишдилар:
1-модда
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор тараққиёт мақсадида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳаларида тенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро манфаатдорлик принциплари асосида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга интиладилар.
2-модда
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари қуйидагилардан иборат:
1) атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳамда чиқиндиларни тартибга солиш;
2) ривожланиш лойиҳалари бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш;
3) атроф-муҳит соҳасидаги билимларни ошириш ҳамда маълумот ва тажриба алмашиш;
4) қўриқланадиган табиат ҳудудларини бошқариш;
5) экологик индикаторлар ва барқарор тараққиёт индикаторлари;
6) урбанизациялашган (шаҳар ва аҳоли яшайдиган) ҳудудлардаги атроф-муҳитни яхшилаш, саҳролашиш ва ерлар деградацияси;
7) экологик туризм;
8) сув ресурслари ҳолатини муҳофаза қилиш ва яхшилаш;
9) атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича саноат ва технологияларни ривожлантириш;
10) йўқолиб кетаётган биологик турларни қўриқлаш ва тиклаш, хусусан лочинларни кўпайтириш.
11) атроф-муҳит бўйича ҳамкорликнинг Томонлар ўртасида ўзаро келишилган бошқа йўналишлари.
3-модда
Томонлар қуйидаги масалалар бўйича келишувга эришдилар:
1) атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги махфийлик хусусиятига эга бўлмаган маълумотлар, ҳужжатлар ва матбуотдаги чиқишлар билан мунтазам алмашиб туриш.
2) мазкур Меморандумда кўрсатилган ҳамкорлик йўналишлари бўйича, ҳар бир ҳолатда тузиладиган алоҳида битимлар асосида аниқ қўшма дастурлар ва/ёки лойиҳаларни амалга ошириш.
3) экспертлар, тадқиқотчилар ва мутахассисларнинг ўзаро ташрифларини амалга ошириш.
4-модда
Мазкур Меморандумни талқин қилиш ёки қўллаш муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган низолар ўзаро маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
5-модда
Қуйидагилар Томонларнинг мазкур Меморандум доирасидаги ҳамкорлик йўналишларини амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасидан — Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси;
Қатар Давлатидан — Атроф-муҳит вазирлиги.
Томонлар мазкур Меморандумда назарда тутилган йўналишлар бўйича қўшма комиссияларни, ишчи гуруҳларини тузишлари ёки мувофиқлаштирувчиларни тайинлашлари мумкин.
6-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича мазкур Меморандумга унинг ажралмас қисми бўлган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
7-модда
Мазкур Меморандум Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиботларини бажаргани тўғрисида сўнгги ёзма билдиришномани дипломатик каналлар орқали олинган санадан кучга киради ва беш йил давомида ўз кучида қолади ҳамда, агар Томонлардан ҳеч бири тегишли давр тугашидан олти ой олдин ўзининг Меморандум амал қилишини тўхтатиш мақсади тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, ҳар сафар келгуси беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилаверади.
Мазкур Меморандум амал қилишининг тўхтатилиши унинг амал қилиши даврида бошланган ва унинг амал қилишини тўхтатиш пайтида тугалланмаган лойиҳа ва дастурларнинг Томонлар тарафидан рўёбга чиқарилишига таъсир этмайди.
Барчасини тасдиқлаш мақсадида ўз ҳукуматлари томонидан тегишли равишда вакил қилинган қуйида қўл қўювчилар мазкур Меморандумни имзоладилар.
2010 йил 24 ноябрда Доха шаҳрида ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Меморандум қоидаларини талқин қилишда ихтилофлар келиб чиқса, Томонлар инглиз тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)