Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Савдо ваколатхоналарини ўзаро таъсис этиш тўғрисида
Битим
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
ҳар икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашишни истаб,
ўз давлатлари иқтисодиётининг дунё хўжалик тизимига интеграциялашувига интилиб,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон миллий қонунчиликларига риоя этган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ўзбек Томони Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Савдо ваколатхонасини таъсис этади, Туркман Томони эса Тошкент шаҳрида Туркманистон Савдо ваколатхонасини таъсис этади.
2-модда
Савдо ваколатхоналари қуйидаги асосий вазифаларни бажарадилар:
а) Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш;
б) жойлашиш мамлакатида икки мамлакат ўртасидаги савдо ва иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа турларига тааллуқли барча масалаларда ўз давлатларининг манфаатларини ифодалаш;
в) ўз мамлакати давлат органларини жойлашиш мамлакатидаги иқтисодий шароитлар ва унинг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги қонунчилиги тўғрисида хабардор қилиш, шунингдек жойлашиш мамлакатининг манфаатдор органларига ўз мамлакати тўғрисида шундай ахборот тақдим этиш;
г) ўз мамлакатларининг юридик ва жисмоний шахсларига уларнинг жойлашиш мамлакатининг юридик ва жисмоний шахслари билан савдо, иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича алоқалар ўрнатиши ва битимларни амалга оширишида ёрдам кўрсатиш.
3-модда
Савдо ваколатхоналари ўз мамлакатларининг Ҳукуматлари номидан иш кўради ва бошқа Томон давлатидаги ўз давлати элчихонасининг таркибий қисми ҳисобланади.
Савдо вакили ва унинг ўринбосарлари, шунингдек савдо ваколатхонасининг маъмурий-техник персонали умумэътироф этилган халқаро ҳужжатларда чет эл дипломатик ваколатхоналарининг дипломатик ва маъмурий-техник персонали аъзоларига нисбатан ўрнатилган имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланадилар.
Савдо ваколатхонасининг хизмат ва турар жой бинолари, унинг мол-мулки ва архивлари халқаро ҳуқуққа мувофиқ дипломатик ваколатхоналарнинг хизмат ва турар жой бинолари, мол-мулки ва архивларига берилган иммунитет ва имтиёзлардан фойдаланади.
Савдо реестри тўғрисидаги қоидалар Томонларнинг Савдо ваколатхонасига нисбатан татбиқ қилинмайди.
4-модда
Савдо ваколатхоналарининг таъсис этилиши Ўзбек ва Туркман жисмоний ва юридик шахсларининг, хусусан, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни амалга ошириш билан боғлиқ битимларни тузиш ва бажариш мақсадида бир-бири билан бевосита муносабатларда бўлиш ҳуқуқларига дахл қилмайди.
Савдо ваколатхоналари жисмоний ва юридик шахсларнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди, жисмоний ва юридик шахслар эса савдо ваколатхоналарининг мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлмайди.
5-модда
Савдо ваколатхоналарининг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатлар Томонлар давлатларидан ҳар бирининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ улар томонидан молиялаштирилади.
6-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда Томонлар ўртасида юзага келган баҳс ва ихтилофлар маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
7-модда
Томонларнинг ўзаро келишуви бўйича ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланувчи алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Савдо ваколатхоналари Томонлар давлатларининг ёки учинчи мамлакатларнинг фуқаролари орасидан хизматчиларни ёллашлари ва бундай хизматчиларга ўз давлатининг қонунчилиги асосида меҳнат ҳақи тўлашлари мумкин.
Шу билан бирга Савдо ваколатхонаси жойлашиш давлатининг қонунчилигида кўзда тутилган ижтимоий кафолатларнинг энг кичик даражасини таъминлайди.
9-модда
Ушбу Битим Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг бажарилганлиги тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарномаси олинган кундан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим бир Томон унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисидаги бошқа Томоннинг расмий хабарномасини олган кундан бошлаб олти ой тугагунга қадар амал қилади.
Тошкент шаҳрида 2011 йил 5 майда ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил юридик кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2011 й., 3-4-сон)