Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
1994 ЙИЛНИНГ 1 ИЮНИДАН МЕҲНАТ ҲАҚИ, ПЕНСИЯЛАР ВА СТИПЕНДИЯЛАРНИНГ МИҚДОРЛАРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
1. Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида 1994 йилнинг 1 июнидан бошлаб:
иш ҳақи ўрта ҳисобда 1,5 баробар оширилсин ва иш ҳақининг энг оз миқдори ойига 70000 сўм-купон миқдорида;
фуқароларнинг солиқ олинмайдиган даромадларининг энг паст даражаси ойига 70000 сўм-купон миқдорида;
ҳозир амалда бўлган барча турдаги пенсияларнинг миқдорлари ўрта ҳисобда 1,5 баробар оширилсин ва меҳнат пенсиясининг энг оз миқдори ойига 75000 сўм-купон қилиб белгилансин.
2. 1994 йилнинг 1 июнидан олий ўқув юртлари талабаларининг, техникумлар ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг стипендиялари ўрта ҳисобда 1,5 баробар кўпайтирилсин.
3. Вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, бюджетдан пул билан таъминланадиган ташкилотлар ва муассасалар, Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий таъминот вазирлиги меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси разрядга мувофиқ пенсиялар, стипендияларнинг ва ходимлар мансаб окладларининг миқдорлари ўз вақтида қайтадан ҳисоблаб чиқилишини таъминласинлар.
4. Бюджетдан пул билан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотлар ходимларининг иш ҳақини, пенсиялар ва стипендияларни ошириш билан боғлиқ харажатлар республика давлат бюджети ва Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплансин.
5. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотларга мазкур Фармонга мувофиқ меҳнат ҳақини даромад манбалари қидириб топилишига қараб, даромад манбалари вақтинча етишмай қолган тақдирда эса банк муассасалари аниқ мақсад учун берадиган кредитлар ҳисобидан ошириш тавсия қилинсин.
6. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 26 май,
ПФ-853-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 6-сон, 178-модда)