Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДА «МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ» МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 353-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш ишларини кучайтириш, таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабаларини камол топиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек талаба ёшларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика маънавият тарғибот маркази ҳамда Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгашининг Тошкент шаҳридаги «Ёшлик» талабалар шаҳарчасининг «Маънавият ва маърифат» марказини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат» марказига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) айлантириш йўли билан уни қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида ва талабалар (ўқувчилар)нинг турар жойларида маънавий-маърифий ишлар олиб бориш;
таълим тизимига маънавий-ахлоқий тарбиянинг самарали услубларини жорий этиш, ўқувчи ёшларнинг дам олишини ташкил этишга методик ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг маънавий ва уйғун камол топиши билан боғлиқ қизиқишларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;
ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандликдан, ахлоқсизликдан, экстремистик марказларнинг четдан кириб келаётган ҳалокатли таъсирлари ва таҳдидларидан ҳамда савияси паст «оммавий маданият»нинг, реакцион мафкуралар ва шиорларнинг ҳалокатли таъсиридан ҳимоя қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш чора-тадбирларини янада кучайтириш;
ёшлар ўртасида оммавий ахборот-тушунтириш ишларини ва ҳуқуқий тарғиботни тизимли асосда ташкил этиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Марказнинг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат» марказининг 2-иловага* мувофиқ таркибдаги Жамоатчилик кенгаши ташкил этилсин.
* 2-илова берилмайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
Республика Маънавият тарғибот маркази ёрдамида бир ой муддатда Марказнинг уставини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда Тошкент шаҳар, Талабалар кўчаси, 70-уйда жойлашган бинонинг Тошкент давлат техника университети балансидан, шунингдек Тошкент шаҳридаги «Ёшлик» талабалар шаҳарчасининг қайта ташкил этилаётган «Маънавият ва маърифат» маркази мол-мулки Марказ балансига бепул берилишини белгиланган тартибда таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда икки ҳафта муддатда Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари ва шартларини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Марказни зарур ихтисосликка эга бўлган малакали кадрлар билан таъминлаш, шунингдек унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўрсин.
6. Белгилансинки, Марказ фаолиятини молиялаштириш республика бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ва ҳадялари, хўжалик фаолиятидан ва пулли хизматлар кўрсатишдан олинган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2011 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида «Маданият ва оммавий ахборот воситалари» соҳаси учун ажратиладиган маблағлар доирасида Марказ таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
1 та енгил хизмат автомобилини сақлашга лимит белгиласин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 12 январь,
11-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 12 январдаги 11-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги «Маънавият ва маърифат» маркази
ТУЗИЛМАСИ
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 1-2-сон, 9-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.09.2018 й., 09/18/736/1886-сон)