LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ижодкор ёшларнинг маънавий камол топиш шароитларини яхшилаш, уларнинг фаолиятини кучайтириш ҳамда республиканинг маданий техникавий потенциалига қўшадиган ҳиссасини ошириш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 1993 йилнинг 1 сентябригача бўлган муддат ичида Нукус шаҳрида, барча вилоят марказларида республика ёшларининг энг муҳтож қисми учун 30 хонали, Тошкент шаҳрида эса 60 хонали уй-жой биноларини лойиҳалаш ва қуришни таъминласинлар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси ана шу уйлардаги турар жойларни тегишли ижодий уюшмалар ва илмий ташкилотларнинг тавсиялари асосида бериш тартибини ўрнатсин.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболни белгилаш ва статистика комитети ҳамда Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 10 кун муддат ичида мазкур уйларни, лойиҳалаш ҳамда қуришни пул билан таъминлаш манбаларига оид масалаларни кўриб чиқиб ҳал қилсинлар.
2. Ўзбекистон Республикасининг Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Маданият ишлари вазирликларига, Кинематография давлат компаниясига ва Фанлар академиясига ижодий уюшмалар ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддат ичида қуйидаги таклифларни киритиш топширилсин:
— республика мактаб олимпиадаларининг ижодкор ёшлар халқаро ва республика танловларининг ғолибларини моддий рағбатлантириш, уларни кириш имтиҳонларисиз ўз соҳаси бўйича олий ўқув юртларига қабул қилиш тўғрисида;
— аълочи талабалар ва аспирантлар учун Ўзбекистоннинг атоқли маданият арбоблари шарафига қўшимча стипендияларни таъсис этиш ҳақида;
— коммунал ва маиший хизмат ҳақини тўлашда, жамоат транспортидан фойдаланишда ижодкор ёшлар учун имтиёзлар бериш ҳақида;
3. Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бош солиқ бошқармаси 10 кун муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон ижодий уюшмаларини асосий ишлаб чиқариш фаолияти бўйича солиқлардан озод қилиш ҳақида таклифлар киритсинлар.
4. Вазирлар Маҳкамаси 20 кун муддат ичида ушбу Фармонни бажаришга оид ташкилий чора-тадбирларни таъминловчи қарор қабул қилсин.