Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Умумхалқ байрами 9 май Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек 1941 — 45 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 56 йиллиги муносабати билан ва уруш қатнашчиларини моддий рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчиларига 6000 (олти минг) сўм миқдорида бир йўла бериладиган пул мукофоти белгилансин.
2. Ушбу қарорни рўёбга чиқариш билан боғлиқ сарф-харажатлар республика бюджети ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати мазкур пул мукофотларининг тантанали ва байрамона вазиятда тўланишини таъминласинлар.
4. Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Маданият ишлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фанлар академияси, Бадиий академия, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази, «Нуроний», «Маҳалла» жамғармалари ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Ватанимиз эркинлиги ва шаъни ҳимоячиларини шарафлашга бағишланган махсус учрашувлар, маърифий-бадиий кечалар ўтказилишини ташкил этиш топширилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 27 апрель,
194-сон