LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимиз фуқароларининг виждон эркинлиги борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, муборак ҳаж амалларини адо этишда қулайлик, имтиёз ва зарур шароитларни яратишга давлат томонидан ёрдам кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2000 йилги ҳаж зиёратини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Зиёратчилар рўйхати фуқароларни ўз-ўзини бошқариш ташкилотлари орқали кенг жамоатчилик фикрини эътиборга олган ҳолда тузилсин.
2. 2000 йил ҳаж сафарини ташкил этишда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (Ф.Собиров) ёрдам кўрсатсин.
3. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси (А.Рўзметов) 2000 йил март-апрель ойларида зиёратчиларнинг Жидда шаҳрига бориб-келишлари учун қулай шароитлар яратиш, уларнинг харажатларини камайтириш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (З.Алматов), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов), Давлат божхона қўмитаси (Ў.Комилов) Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тақдимига кўра зиёратчиларнинг сафар ҳужжатларини белгиланган тартибда, расмийлаштиришни таъминласинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Ф.Назиров) Саудия .Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги томонидан қўйилган тиббий талаблар ва мамлакатнинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда зиёратчиларни кўрикдан ўтказишни, ҳаж даврида уларга ёрдам кўрсатишни ташкил этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (З.Алматов) ва Миллий хавфсизлик хизмати (Р.Иноятов) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ноқонуний йўллар билан ҳаж зиёратига бориши оқибатида рўй бериши мумкин бўлган кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш ҳамда зиёратчиларнинг умумий хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини белгиласинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (З.Мирхўжаев) Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасдиқлаган рўйхатга биноан, мамлакатимиздан ҳажга кетаётган ҳар бир фуқаро учун 1380 (бир минг уч юз саксон) АҚШ долларини имтиёзли — воситачилик ҳақи олмаган ҳолда алмаштириб беришни таъминласин.
Зиёратчиларнинг тегишли миқдордаги сўмларини жойларда умумлаштирилган ҳолда йиғиб олиш ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг тегишли бўлимларига топшириш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари зиммасига юклансин.
Бу маблағлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкидаги махсус ҳисоб рақамига жамланиб, белгиланган миқдори конвертация қилинсин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча зарур тўловларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий, фаолият миллий банкининг, чет эл банкларидаги корреспондент ҳисоблари орқали пул ўтказиш йўли билан амалга оширади.
9. Ўзбекистон Республикаси пул-кредит сиёсати комиссияси (Ф.Муллажонов) ҳажга борувчи фуқаролар ва ҳожиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳининг сафар харажатлари учун республика биржаси орқали Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига 5.283.168 (беш миллион икки юз саксон уч минг бир юз олтмиш саккиз) АҚШ долларини сотишни таъминласин.
10. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда оммавий ахборот воситаларига муборак ҳаж зиёратининг моҳияти ва талабларини, уни амалга оширишнинг тартиб қоидаси , муддати, барча шартларини, унинг якунларини кенг ва ошкора ёритиб бериш тавсия этилсин.