Қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан, хусусан, буйруқ тартибида иш юритишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллашда келиб чиққан масалаларни тўғри ҳал этиш бўйича тушунтиришлар бериш зарурияти туғилганлиги туфайли «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17 ва 47-моддаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 4-сонли «Буйруқ тартибида иш юритишни тартибга солувчи қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорининг 10-банди қуйидаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
Агар коммунал хизматлар тўлови бўйича қарзни ундириш ҳақидаги талаб билан арз қилинган бўлса, унга қарздорнинг фамилияси, исми, ота исми, аниқ яшаш манзили, қарз миқдори кўрсатилган, қарздор ва коммунал хизмат идорасининг ваколатли ходими томонидан имзоланиб, коммунал идоранинг муҳри билан тасдиқланган маълумотнома илова қилиниши шарт.
Қарздорликни ундириш тўғрисида суд буйруғи чиқариш ҳақидаги талаб албатта коммунал хизмат идораси раҳбари томонидан имзоланиши лозим.
Ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақидаги талаб арз қилинганда иш ҳақидан қарздорлик миқдори аниқ кўрсатилган ва иш берувчи томонидан тасдиқланган маълумот илова қилиниши шарт.