LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига ва белгиланган таълим стандартларига мувофиқ республика таълим муассасалари ўқувчиларининг юқори сифатли мактаб дафтарлари, кундаликлар ва расм чизиш альбомларига бўлган эҳтиёжларини янада тўлиқроқ таъминлаш, шунингдек мактаб-ёзув буюмлари ишлаб чиқараётган мамлакат полиграфия корхоналарини техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. 2010 – 2014 йиллар даврида полиграфия фаолияти билан шуғулланаётган юридик шахслар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва мактаб дафтарлари, кундаликлар ҳамда расм чизиш альбомлари тайёрлашда фойдаланиладиган технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва қоғоз хом ашёсини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилишда божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мазкур қарорга мувофиқ божхона тўловлари имтиёзлари қўлланилган ҳолда мактаб дафтарлари, кундаликлар ва расм чизиш альбомлари ишлаб чиқариш учун республикага келтириладиган технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва қоғоз хом ашёсининг мақсадли ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 декабрдаги ПФ-5892-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.12.2019 й., 06/19/5892/4134-сон)
Белгилансинки, импорт қилинадиган товарлардан мақсадга хилоф равишда фойдаланиш ҳолларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ органлари тақдимномасига кўра божхона тўловларининг тегишли суммаси божхона органлари томонидан бюджетга ундирилиб олинади.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммаларига юклансин.