Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ТУЗИЛМАСИГА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИНИНГ ЎРИНБОСАРИ —ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАР, ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА САВДО ВАЗИРИ ЛАВОЗИМИНИ КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 февралдаги ПФ-5329-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, айримларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимиз олдида турган стратегик вазифаларга эришиш ишида олиб борилаётган ташқи иқтисодий сиёсатнинг ролини янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда бундан манфаатдор тузилмаларнинг фаолиятини зарур даражада мувофиқлаштириш ва уйғунлигини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири лавозими киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири лавозими тугатилсин.
3. Янги киритилаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари лавозимининг энг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин: ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг лавозим вазифаларини сўзсиз бажариши билан бир қаторда, биринчи галда республика ҳудудида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган вазирликлар, идоралар, тижорат тузилмалари, компаниялар, уюшмалар, фирмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уйғунлигини таъминлаш, бунинг учун зарур шарт-шароитлар ва преференциялар яратиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М. Мирзиёев) ўн кун муддатда ҳукумат тузилмасига зарур ўзгартишларни киритсин ва янги жорий этилаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг мавқеи ҳамда вазифалари тўғрисидаги Низомни тасдиқласин.
5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 13 ноябрь,
ПҚ-1226-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 й., 11-сон, 452-модда)