Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОТ СПОРТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикада от спортини ривожлантириш ва унинг моддий базасини мустаҳкамлаш, спортнинг миллий турлари ва халқ ўйинларини оммавийлаштириш, шахснинг ҳар томонлама ва уйғун камол топишида жисмоний тарбия ва спортнинг ролини ошириш, соғлом авлодни тарбиялаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси От спорти федерациясининг «Toshkent-Otchopari» республика давлат от спорти комплексини Тошкент шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда 2001 йил 1 ноябргача бўлган муддатда «Toshkent-Otchopari» республика давлат от спорти комплексини очиқ акциядорлик жамиятига айлантирсин.
«Toshkent-Otchopari» очиқ акциядорлик жамияти акциялари пакетларини жойлаштиришнинг қуйидаги тартиби белгилансин:
давлат мулки — 51 фоиз;
эркин сотишга, шу жумладан хорижий инвесторга сотишга — 49 фоиз.
3. Белгилансинки, «Toshkent-Otchopari» очиқ акциядорлик жамияти акцияларини сотишдан тушган маблағлар қурилишни тугаллашга ва жамият балансидаги бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишга мақсадли йўналтирилган ҳолда истисно тариқасида жамият ихтиёрида қолдирилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўрсатиб ўтилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда «Toshkent-Otchopari» очиқ акциядорлик жамиятининг таъсис йиғилиши ўтказилишини, белгиланган тартибда унинг раҳбар органлари шакллантирилиши ва устави тасдиқланишини таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов ва Тошкент шаҳар ҳокими К.Н. Тўлаганов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 17 август,
345-сон