Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
БУХОРО ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ ҲАМДА БУХОРО ОЗИҚ-ОВҚАТ ВА ЕНГИЛ САНОАТ ТЕХНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИ ҲУЗУРИДА ИҚТИДОРЛИ БОЛАЛАР УЧУН ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ-ИНТЕРНАТЛАР БАЗАСИДА АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Бухоро вилояти ёшларининг сифатли, чуқурлаштирилган, касбий йўналтирилган таълим олишга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлигининг 2009/2010 ўқув йилидан бошлаб:
Бухоро давлат университети ҳузурида — Қоракўл туманидаги 1-сон иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат базасида;
Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технология институти ҳузурида — Қоровулбозор туманидаги 8-сон иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат базасида академик лицейлар ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда уларнинг базасида академик лицейлар ташкил этилаётган иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг бино ва иншоотлари, моддий-техника воситалари, ўқув ускуналари ва бошқа мол-мулки белгиланган тартибда текин асосда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази балансига берилишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази:
академик лицейлар юқори малакали педагог кадрлар билан бутланишини таъминласин;
академик лицейлар ўқитувчилар таркибининг белгиланган тартибда малакаси оширилиши ва уларнинг қайта тайёрланишини ташкил этсин;
академик лицейларда таълим йўналишлари тақдимотларини, шунингдек «Очиқ эшиклар кунлари»ни ташкил этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги уларнинг базасида академик лицейлар ташкил этилаётган иқтидорли болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқувчилари яқинда жойлашган бошқа умумтаълим мактабларига қайта тақсимланишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2009 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети параметрларига ушбу қарордан келиб чиқадиган тегишли ўзгартиришлар киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 21 август,
243-сон