LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2002 йил 14 июндаги 10-сонли ва 2006 йил 3 февралдаги 5-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўришда судлар асосан қонунларни тўғри татбиқ этилишини таъминламоқдалар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Шу билан бирга, судлар томонидан баъзан шу тоифадаги ишларни кўришда жиноят ва жиноят-процессуал қонун нормаларига ҳар доим ҳам риоя этмаяптилар. Шунингдек, вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни лозим даражада аниқлаш ва уларни бартараф қилиш чоралари кўрилмаяпти.
(муқаддиманинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 19-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жиноят содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни лозим даражада аниқлашга ҳар доим тегишли эътибор берилмаяпти ва уларни бартараф этиш юзасидан қонунда назарда тутилган чоралар кўрилмаяпти.
(муқаддиманинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 19-сонли қарори таҳририда)
Жиноят кодексининг 87-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда вояга етмаганларга нисбатан мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда уларни жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масаласига етарли эътибор қаратилмаяпти.
Келгусида қонун устуворлигини тўла таъминлаш ва камчиликларга барҳам бериш, процессуал ва моддий қонун меъёрларининг тўғри татбиқ этилишига судларни эътиборини жалб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми қарор қилади:
1. Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўришда, иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама тўла ва холисона текшириб чиқиб, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва судланувчининг шахсини эътиборга олган ҳолда аниқланган ҳақиқий ҳолатлар ва далиллар мажмуасига тўғри баҳо берилиб, одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда қонунда кўрсатилган хусусият ва имтиёзларидан тўла фойдаланишга қаратилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш вақтида судлар айбланувчига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш сифатидаги эҳтиёт чорасининг асосли эканлигини синчиклаб текширишлари, айни вақтда ЖПКнинг 242, 243-моддаларига ва Олий суд Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги «Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги қарорида кўрсатилган тушунтиришларга мувофиқ бундай эҳтиёт чораси судланувчининг шахси, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси шуни тақозо этган ҳоллардагина қўлланишини назарда тутишлари лозим.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги 17-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вояга етмаганнинг қамоққа олиниши асоссиз деб топилган ҳолларда суд дарҳол эҳтиёт чорасини ўзгартириши лозим бўлади.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 19-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноятлар тўғрисидаги ишларни кўришда шуни назарда тутиш лозимки, айбланувчи бу пайтга келиб вояга етган-етмаганлигидан қатъий назар, бундай ишлар бўйича адвокат иштирок этиши шарт. Ушбу қоида шахс жиноятлардан бирини 18 ёшга тўлмасдан олдин, бошқасини вояга етганидан сўнг содир этганликда айбланган ҳолларда ҳам амал қилади.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жиноят процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ дастлабки тергов жараёни ва судда вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари бўйича адвокатнинг иштирок этиши шарт. Мазкур қоида ЖПКнинг 52-моддаси талабига кўра вояга етмаган шахс ҳимоячидан воз кечганда ҳам татбиқ этилади. Ушбу процессуал қонун талабларига риоя қилмаслик ЖПК 487-моддасига асосан, ҳукмнинг бекор қилинишига асос бўладиган жиноят процессуал қонуннинг жиддий бузилиши деб қаралиши керак.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 46-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолларда унинг иштирокисиз аниқланган ҳар қандай далил юридик кучга эга эмасдир.
4. Жиноят-процессуал кодексининг 551 ва 562-моддаларига мувофиқ суд вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари кўриладиган вақт ва жой ҳақида уларнинг ота-онасини, ота-она ўрнини босувчи шахсларни, васийлик ёки ҳомийлик органи вакилларини, вояга етмаганлар ўқиган ёки ишлаган корхона, муассаса, ташкилотни, вояга етмаганларнинг ишлари бўйича шуғулланувчи комиссияни, фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органлари вакилларини, зарур бўлса бошқа ташкилотларни ҳам хабардор қилади. Суд бу ташкилотларнинг вакилларини, судланувчининг васий ёки ҳомийсини, вояга етмаганларнинг ишлари бўйича шуғулланувчи комиссиянинг вакилларини гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун суд мажлисига чақиришга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вояга етмаган судланувчининг қонуний вакили масаласи ҳал этилаётганда шуни назарда тутиш керакки, ЖПКнинг 60-моддасининг 2-қисмида келтирилган қонуний вакил бўлиши мумкин бўлган шахсларнинг рўйхати қатъий берилган.
Агар вояга етмаганнинг ота-онаси бўлмаса ва у ёлғиз яшаётган ёхуд тегишли равишда васий ёки ҳомий этиб тайинланмаган шахс билан яшаётган бўлса, суд вояга етмаганнинг қонуний вакили сифатида васийлик ёки ҳомийлик органининг вакилини чақириши зарур.
5. Судлар ЖПКнинг 548-моддасига кўра вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар қаторига ёшини ва шахсини аниқлашлик ҳам киришини назарда тутишлари зарур. Айни вақтда, шу нарсани эътиборда тутиш керакки, шахс туғилган кунидан бошлаб эмас, балки туғилган куни ўтганидан сўнг, яъни эртаси куннинг нол соатидан бошлаб жиноят учун жавобгарлик бошланадиган ёшга тўлган деб ҳисобланади.
Судлар ишда албатта вояга етмаганларнинг туғилиш гувоҳномаси ёки паспортидан фотонусха мавжудлигига аҳамият беришлари керак. Ишда бундай ҳужжатлар йўқлиги аниқланган тақдирда суднинг ўзи бундай камчиликни бартараф қилиши зарур.
Судланувчининг ёши суд-тиббиёт экспертизаси томонидан аниқланаётганда, унинг туғилган куни деб, экспертлар аниқлаган йилнинг охирги куни ҳисобланади. Ёш энг кам ва энг кўп йиллар миқдори билан аниқланганда, суд экспертлар томонидан белгиланган энг кам ёшдан келиб чиқиши лозим.
6. Шуни назарда тутиш лозимки, ЖКнинг 87-моддаси 3-қисмига кўра, вояга етмаган шахс ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолган бўлса ва содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етмаса, суд жазо ўрнига мажбурлов чораси қўллаш мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Судларга ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган вояга етмаган шахсларга ҳамда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни такроран содир этган вояга етмаган шахсларга нисбатан ЖК 88-моддасида кўрсатиб ўтилган мажбурлов чораларини кенгроқ қўлланиши уқтирилсин.
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 5-сонли қарори таҳририда)
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган вояга етмаган шахс агар, содир этилган қилмишининг хусусияти, айбдорнинг шахси ва ишнинг бошқа ҳолатларини эътиборга олиб, суд уни жазо қўлламасдан туриб ҳам тузатиш мумкин деган хулосага келса, ишни кўриш учун тайинлаш босқичида ишни тугатиш ва уни вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссияда кўришга юбориш ҳақида ажрим чиқаради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Жиноят кодексининг 87-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган асослар билан вояга етмаганни жазодан озод этиш ва унга нисбатан шу кодекснинг 88-моддасида кўрсатилган мажбурлов чораларини қўллаш юзасидан суд жазо тайинламасдан туриб жазодан озод этиш ҳақида ҳукм чиқаради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вояга етмаган судланувчининг ақли норасолигидан далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, вояга етмаганнинг ақлий ривожланишида ортда қолгани ёки ортда қолмагани ҳақидаги масалага аниқлик киритиш учун комплекс суд-руҳиётшунослик экспертизаси тайинланиши лозим.
Мазкур масалаларнинг ечими экспертлар комиссияси ихтиёрига ҳавола этилиши ҳам мумкин. Бунда вояга етмаганнинг ақлий ривожланиши, унинг ёшидан нақадар ортда қолганлиги, ақли заифлиги қай даражада эканлиги ҳақидаги саволларга жавоб бериш шарт қилиб қўйилиши керак.
7. Вояга етмаганларнинг катта ёшдагилар иштирокида содир этган жиноятлари ҳақидаги иш кўриб чиқилаётганда, катта ёшдаги шахс ва ўсмир ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг хусусиятини синчиклаб аниқлаш лозим, чунки ана шу маълумотлар катта кишининг вояга етмаганни жиноят ёки ғайриижтимоий ҳаракат содир этишга жалб қилишдаги ролини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Судларга 18 ёшга тўлган ва жиноятни қасддан содир этган шахсларгина вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эканлиги тушунтирилсин. Шунингдек, катта ёшдаги киши ўз ҳаракатлари билан вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилаётганини билгани ҳолда ёки шундай фикрга йўл қўйганини ҳам аниқлаш лозим. Агарда катта ёшдаги киши шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилсаю, унинг вояга етмаганлигини билмаса ёки билиши мумкин бўлмаса, бу ҳолда ЖКнинг 127-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
8. Агар вояга етмаган шахснинг жиноят содир этишига катта ёшдагиларнинг, шу жумладан иш юзасидан жабрланувчи деб эътироф этилган шахсларнинг ғайриқонуний ёки ёмон хулқ-атвори сабаб бўлган бўлса, суд бу ҳолатни жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этиши, шунингдек, зарур ҳолда қайд этилган шахсларнинг иш ёки яшаш жойларига хусусий ажрим чиқариб муҳокама қилишга юбориши лозим.
Жиноят кодексининг 55-моддаси «г» бандига кўра жиноятнинг жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилиши натижасида содир этилиши, ёхуд вояга етмаган шахснинг моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёки бошқа жиҳатдан қарамлилиги сабабли содир этилиши жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат эканлигини ҳам назарда тутиш керак. Шу муносабат билан судлар вояга етмаган шахсга нисбатан айнан қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилганлигини аниқлашлари шарт.
9. Суд вояга етмаганларга жазо тайинлаш масаласини ҳал этаётганда, биринчи навбатда, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, ана шу шахсларга оид маълумотларни ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни назарда тутиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони қўллаш имкониятини муҳокама қилиши лозим. Суд айбдорни жамиятдан ажратмасдан туриб қайта тарбиялашнинг имконияти бўлмаган ҳоллардагина озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони тайинлаши мумкин. Айни вақтда ҳукмда суднинг бу тўғрисидаги хулосаси асослантирилиши шарт.
10. Вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари юзасидан ҳукм чиқаришда уларнинг жиноий қилмишларига холисона баҳо берилиши, уларга нисбатан ЖКнинг 72, 87-моддаларини қўллаш масаласини судлар атрофлича, ҳар томонлама муҳокама қилишлари лозим.
Судлар вояга етмаганларга нисбатан ЖКнинг 72-моддасини қўллаганларида судланганга синов муддати даврида қандай муайян мажбуриятлар юклатилишини (ўқишни якунлаши, ишга жойлашиши ва ҳоказолар) ҳукмда аниқ кўрсатишлари шарт.
Вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланаётганда Жиноят кодекснинг 85-моддасини татбиқ этишнинг ўзи етарли бўлиб, Жиноят кодекснинг 57-моддасини қўшимча қўллаш талаб этилмайди. Судланувчига у айбдор деб топилган Жиноят кодекси махсус қисмининг моддасида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазоларнинг тайинланиш ҳоллари бундан мустаснодир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1 ва 2-қисмларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда шу кодекснинг 560-моддаси талабига кўра вояга етмаганлар жиноятлари тўғрисидаги иш ёпиқ суд мажлисида кўрилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Агар дастлабки тергов органлари, асос бўла туриб, Фуқаролик кодексининг 993 ва 994-моддаларида кўрсатилган шахслар ва ташкилотларни фуқаровий жавобгар деб эътироф этмаган бўлса, суд бу масала юзасидан тегишли ажрим чиқариши лозим.
12. Судлар вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари судда кўрилаётганда жиноятни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаб, уларни бартараф қилиш учун хусусий ажрим чиқаришлари шарт.
13. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик содир этилиши ва уларни назоратсиз қолдириш ҳолларининг олдини олувчи ҳамда улар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиши сабаблари, шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини амалга оширувчи орган ҳисобланишига эътибор қаратилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шу боис судлар вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўришда ушбу комиссияларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажарган-бажармаганликларини аниқлаб, уларнинг фаолиятини холисона баҳолаб, аниқланган камчиликларга нисбатан албатта тегишли муносабат билдиришлари шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича қуйи судларнинг фаолияти устидан назоратни таъминлашлари, чиқарилган суд қарорларининг қонунийлигини ва асослантирилганини синчиклаб текширишлари, йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишлари зарур.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 46-сонли қарори таҳририда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
15. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан собиқ СССР Олий суди Пленумининг 1976 йил 3 декабрдаги «Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳамда уларнинг жиноий ва бошқа ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилиниши ҳақидаги ишлар бўйича қонунларнинг қўлланилишига доир суд амалиёти тўғрисида»ги 16-сон қарори, Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1984 йил 11 майдаги «Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳамда уларнинг жиноий ва бошқа ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилинишига оид қонун талабларининг, СССР Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон ССР Олий суди Пленуми қарорларининг Республика судлари томонидан ижроси тўғрисида»ги 1-сон қарори ва Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1987 йил 28 августдаги «Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш вақтида Республика судлари томонидан қонун ҳужжатларининг, СССР Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон ССР Олий суди Пленуми раҳбарий тушунтиришларининг бажарилиши тўғрисида»ги 3-сонли қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.