Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
ПЕКИН ШАҲРИДА ЎТКАЗИЛГАН 2008 ЙИЛГИ XXIX ЁЗГИ ОЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ СОВРИНДОРЛАРИ ВА ҚАТНАШЧИЛАРИНИ МУКОФОТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Пекин шаҳрида 2008 йилги XXIX ёзги Олимпия ўйинларида муваффақиятли қатнашган Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг хизматларини, уларнинг мамлакатимизнинг халқаро нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга, республикада болалар ва ўсмирлар спортининг оммавийлигини янада ўстиришга қўшган ҳиссасини муносиб баҳолаш, ўсиб келаётган ёш авлод онгида ўз Ватанидан ғурурланиш ва унга муҳаббат, атоқли спортчиларимизнинг янгидан-янги спорт чўққиларини ишғол қилиш намунасидан ибрат олишга интилиш ҳис-туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон ҳомийлари, хўжалик юритувчи субъектлари ва жамоатчилигининг Пекин шаҳридаги XXIX ёзги Олимпия ўйинларининг ғолиблари, совриндорлари ва қатнашчиларига бир йўла бериладиган мукофотларни қуйидаги миқдорларда белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
олтин медал соҳибига — 200,0 минг доллар, шу жумладан ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 100,0 минг доллар;
кумуш медал соҳибига — 100,0 минг доллар, шу жумладан ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 50,0 минг доллар;
бронза медали соҳибига — 50,0 минг доллар, шу жумладан ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 25,0 минг доллар;
бошқа қатнашчи-спортчиларга — ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан 2,0 минг доллардан.
2. Белгилансинки, XXIX ёзги Олимпия ўйинлари совриндорлари ва қатнашчилари бўлган спортчиларга пул мукофотлари Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан хорижий валютада — жисмоний шахслар учун белгиланган тартибда банкда очиладиган депозит валюта ҳисобварақларидан солиқлар ундирилмаган ҳолда АҚШ долларида тўланади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда, заруратни ҳисобга олган ҳолда, ёзги Олимпия ўйинларининг совриндорлари бўлган спортчиларнинг уй-жой-маиший шароитларини яхшилаш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Лондон шаҳрида ўтказиладиган 2012 йилги XXX ёзги Олимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлашни ташкил қилиш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссиясини тузсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 25 август,
ПҚ-951-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 й., 8-сон, 470-модда)